Қодир Жўраев: Волонтёрлик — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлар иши

06.11.2019 20:11:36

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун — 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги йиғилишида «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бирйўла уч ўқишда қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилганган мазкур қонун мамлакатимиз ва жамиятимиз учун ниҳоятда зарур эди.

Сабаби, Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролик жамияти, унинг институтлари фаол ривожланяпти. Аҳолининг ижтимоий фаоллиги ўсиб бормоқда. Одамларнинг жамиятда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларга дахлдорлик ҳисси кучайиб, фуқаролик позицияси шаклланмоқда. Шулар қаторида волонтёрлик ҳам фуқаролик жамиятининг муҳим таркибий қисми ва унинг ривожланганлик кўрсаткичи бўлиб хизмат қилмоқда.

Волонтёрлар — юрт хизматига бел боғлаган ҳақиқий ватанпарварлардир. Мамлакатимизда хорижий давлатлардаги каби волонтёрлик турли миллий ва халқаро тадбирларни ўтказишда кенг учрайди. Масалан, хайрия тадбирлари ва акциялар ўтказилади. Спорт мусобақалари, йирик ижтимоий-сиёсий оммавий тадбирлар, хусусан, сайловларни ташкил қилишда ҳам кўнгиллиларнинг фаол иштироки кузатилади.

Бироқ амалда азалдан мавжуд бўлиб келган бундай хайрли иш — кўнгиллилик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш бўйича бўшлиқ мавжуд эди. Мазкур қонун эса, ана шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қилиши билан жуда аҳамиятли бўлди.

Қонуннинг бир нечта ўзига хос хусусияти мавжуд. Аввало, унинг долзарблигининг кўнгиллилик фаолияти соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишга қаратилгани билан изоҳлаш мумкин.

Қонуннинг қабул қилиниши бир қатор масалаларни ҳал қилиш имконини беради. Аввало, бу ҳужжат кўнгиллилик фаолиятининг тартиб-тамойилларини белгилайди, мазкур турдаги фаолият тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради.

Энг муҳими, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллашишини рағбатлантиради, бу борада волонтёрликни амалга ошириш учун қўшимча кафолатларни яратади. Давлат органлари ва бошқа фуқаролик жамияти институтларининг кўнгиллилар билан ҳамкорлик усуллари ҳамда шаклларини аниқлайди.

Қодир ЖЎРАЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!