Қорақалпоғистондаги ислоҳотларга пандемия ғов бўлдими?

27.06.2020 20:06:28

Коронавирус пандемияси даврида иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъект­ларини қўллаб-қувватлаш, мамлакат аҳолисининг турмуш даражаси кескин пасайиб кетишининг олдини олиш устувор вазифа этиб белгиланди. Шу боис бу йўналишдаги ишларга ҳар қачонгидан ҳам жиддийроқ эътибор бериш баробарида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар ва ишсиз фуқаролар аниқланиб, уларга кўмак бериш, бандлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 15-22 июнь кунлари Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари, “Адолат” СДП Сиё­сий Кенгаши раиси Наримон Умаров бошчилигидаги парламент қуйи палатаси депутатларидан иборат ишчи гуруҳи Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб, жойларда амалга оширилаётган ишларни жонлантиришга кўмаклашдилар ҳамда режалаштирилган ислоҳотларнинг суръатини ўргандилар. Куни кеча бўлиб ўтган Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференция тарзидаги йиғилишида олиб борилган ўрганишлар натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Спикери Н.Исмоилов депутатларнинг ҳудудлардаги фаолияти натижаларига тўхталар экан, парламент аъзоларининг аҳоли, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари билан кўплаб учрашувлари фуқароларнинг фаровонлигини ошириш бўйича Президент танлаган йўлга тўлиқ ишонч ва уни қўллаб-қувватлашдан далолат беради, дея таъкидлади. 

 Қайд этиш жоиз, ишчи гуруҳи асосий эътиборни пандемия даврида мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига берилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш ҳамда тиббий хизматлар самарадорлигини ошириш борасида секторлар ва ижро органлари раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатига қаратди.

Ишчи гуруҳи аъзолари туман ва шаҳарларда бўлиб, тадбиркорлик субъектлари вакиллари билан бевосита мулоқотлар ўтказдилар. Кўтарилган муаммоларни имкон қадар жойида ижобий ҳал қилишга алоҳида эътибор қаратдилар. Шунингдек, депутатлар жойлардаги вазирлик ва идоралар ҳамда сектор раҳбарлари томонидан пандемия шароитида амалга оширилаётган ишларнинг натижадорлиги билан танишдилар.

Қорақалпоғистон Республикасида фаолият кўрсатаётган барча тадбиркорлик субъектларига оғир пандемия шароитида солиқ имтиёзлари беришга жиддий масала сифатида қаралмоқда. Ҳозир ҳудудда 1 968 та микрофирма фаолият юритмоқда. Уларга қулайликлар яратиш мақсадида товарлар айланмасидан олинадиган солиқ, мол-мулк солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқларни 12 ой давомида тенг улушларда тўлаш шарти билан имтиёзлар берилди. Шу тариқа тадбиркорлар 3 980,7 миллион сўмдан йил давомида фоиз тўламай фойдаланиш имкониятига эга бўлди.

Бундан ташқари, 11 932 нафар якка тартибдаги тадбиркор учун 2020 йил 1 апрелдан 1 октябргача бўлган даврда ижтимоий солиқнинг кескин камайтирилиши натижасида жами 7 492,6 миллион сўм маблағ ҳам тадбиркорлар ихтиёрида қоладиган бўлди.

Коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш, бу даврда аҳоли ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлашга қаратилган Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги ва 3 апрелдаги фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида 3 332 та юридик шахс мақомига эга бўлган тадбиркорлик субъектларининг 680,0 миллиард сўмлик, 136 131 та жисмоний шахсларнинг 447,0 миллиард сўмлик, 1 856 та якка тартибдаги тадбиркорларнинг 28,0 миллиард сўмлик кредит маблағлари бўйича тўлов муддатлари узайтирилгани ишчи гуруҳи томонидан ижобий баҳоланди.

Шунингдек, ҳудудда тижорат банклари томонидан 141 319 та кредит шартномаларининг 1 триллион 154 миллиард сўмлик кредит маблағлари бўйича тўлов муддатлари ҳам кечиктирилган. Шу билан бирга, 2020-2021 йилларда маҳаллий ва хорижий тадбиркорлар иштирокида жами қиймати 153,2 миллиард сўм миқдордаги 37 та лойиҳа амалга оширилиши ҳамда 406 та янги иш ўринлари яратилиши бўйича манзилли рўйхат шакллантирилган.

Йиғилишда қайд этилганидек, жойларда амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Лекин ютуқлар, кўрсаткичлар янада юқори бўлиши мумкин бўлган бир пайтда мавжуд имкониятдан суст фойдаланиш ҳоллари ҳам кузатилмоқда.

Фермерлар кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан ҳамкорликда енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун жорий йилнинг январь-май ойлари давомида 2 283 нафар фуқарога молиявий кўмак бериш мақсадида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасидан 4,5 миллиард сўмлик субсидия маблағлари ажратилган. Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 18 майдаги “Томор­қа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан 20 майдан бошлаб енгил конструк­цияли иссиқхоналар ўрнатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 бараваригача субсидиялар ажратилиши белгиланган бўлса-да, ҳозиргача шунча микдорда субсидиялар ажратилмаган.

Бундан ташқари, “Саховат ва кўмак” жамғармасида тўпланган ҳомийлик маблағлари миқдори 6,5 миллиард сўмдан ошган бўлишига қарамай, бугунги кунда жамғарма ҳисобидаги ушбу маблағлар етарлича ишлатилмай қолаётганини сира оқлаб бўлмайди. Депутатлар ишчи гуруҳи томонидан ушбу маблағларнинг эҳтиёжманд оилаларга тизимли равишда ажратилишини таъминлаш таклифи илгари сурилди.

Ўтказилган ўрганишлар шуниси билан ибратлики, жойлардаги учрашувлар давомида вазирлик ва идораларнинг вакиллари, тадбиркорлар ва аҳоли томонидан қонунчиликни такомиллаштириш, тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда камбағалликни қисқартиришга ёрдам бериши мумкин бўлган бир қатор амалий таклифлар берилди. Улар келгусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ва унинг ўринбосарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан ўрганиладиган ва амалга ошириладиган ишлар мавзусига айланади.

Видеоконференция тарзида ўтказилган, қизғин баҳслар ва амалий таклифларга бой бўлган йиғилиш якунида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг тегишли қарори қабул қилинди.

Анвар Эгамқулов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+