Сардобадаги “Янги қишлоқ” маҳалласи нега “Обод маҳалла” дастурига киритилмаяпти?

02.03.2020 18:03:07

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Нодира Джанибековага Сардоба туман аҳолиси билан бўлган мулоқотларда “Янги қишлоқ” маҳалласидагилар ана шундай савол билан мурожаат қилишди. Боиси мазкур маҳаллада ўз ечимини кутаётган масалалар йиғилиб қолган, лекин “Обод маҳалла” дастурига киритилиши ҳанузгача пайсалга солиб келинмоқда. Депутат билан мулоқот давомида маҳалла ичимлик суви билан таъминланмаганлигини, дренаж тизимининг ишламаётгани натижасида ҳовли ва томорқаларда сизот сувлар йиғилаётгани, зах сабабли аҳоли ўз томорқаларидан фойдалана олмаётгани ҳаётий мисоллар билан далиллаб берилди. Томорқаларни суғориш учун оқар сувнинг йўқлиги ҳам бирдан бир даромад манбааи томорқа бўлган қишлоқ аҳолисини бу мавсумда ҳам ўйлантириб турган муаммолардан асосийси.

Бирор бир корхона ёки ишлаб чиқариш ташкилоти фаолияти йўлга қўйилмаган мазкур ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласи ҳам салбий кўрсаткичларни тасдиқлаб турибди. Буни қишлоқ ёшларининг қарийб етмиш фоизини иш излаб Россия Федерациясига кетганлигидан ҳам кўриш мумкин. Депутатнинг халқ билан мулоқоти натижасида шу нарса аён бўлдики, маҳалла аҳолиси орасида тадбиркорлик қиламан, деган инсонлар кўпчиликни ташкил қилади, аммо банк кредитларини олишда саросонгарчиликка йўл қўйилмоқда. Тикувчилик цехи, иссиқхона қуриш, МТТ очишга мўлжалланган бизнес режалари билан ташриф буюрган бир гуруҳ фуқароларнинг мурожаатлар буни амалда исботлади. Мамлакатимиз Президенти томонидан илгари сурилган бешта ташаббуснинг ижобий эпкинлари бу маҳаллани четлаб ўтаётгани ачинарли ҳол, албатта.

Депутат Нодира Джанибекованинг аҳоли билан мулоқоти давомида айнан бу борадаги ишлар ҳам ўрганилди. Маҳаллада маданият масканининг таъмирталаб аҳволи, 11-умумтаълим мактаби эса капитал таъмирлашга муҳтож эканлиги аҳолининг мурожаатларида ифода топди. Яна бир масала маҳалла фаоллари томонидан кўтарилди. Яъни қишлоқ ички йўллари бутунлай таъмирталаб, автобус қатнови ҳам йўлга қўйилмаган. Натижада аҳоли туман маркази ёки Гулистон шаҳрига бормоқчи бўлса, бир қатор ноқулайликларга дуч келади. Сардобанинг “Бирлашган” ва “Пахтакор” маҳаллаларида бўлган мулоқотларда ҳам йўл таъмири билан боғлиқ масалалар мазкур ҳудуд аҳолисининг мурожаатига асос бўлди.

Шунингдек 1961 йилда қурилган коллеж биносида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабининг реконструкцияга муҳтож эканлиги маҳалла аҳолисининг эътирозларига сабаб бўлмоқда. Мулоқотларда таъкидланганидек, бу борада кўплаб мутасаддиларга мурожаат бўлган, лекин жавоб йўқ. Депутат Нодира Джанибекова бу масалада ҳам ўрганишлар ва таҳлиллар ўтказишни фаолият режасига киритар экан, уйма-уй юрганида хонадонларда қуриб қолаётган дарахт кўчатларининг тақдири билан қизиқди. Аҳолининг ҳақли эътирози орқали аниқланганда, сабаб мазкур иккала маҳаллада юзага келаётган зах масаласи бўлиб чиқди.  Ўн мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган бу икки маҳаллада биттагина мактабгача таълим ташкилотининг мавжудлиги аҳолининг талаблари эътиборга олинмаётганини исботлади. Депутат билан мулоқоти давомида тадбиркор Нуриддин Сафаров маҳалладаги боғча ёшидаги болалар қамровини ҳисобга олган ҳолда хусусий МТТ қуришни мақсад қилгани, лекин банк кредитини олишда қатор муаммоларга дуч келаётганини таъкидлаб ўтди. Бу билан боғлиқ масалалар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган бошқа фуқароларга ҳам тўсиқ бўлмоқда. Депутат Нодира Джанибекова сардобаликларни қийнаётган ва ўйлантириб келаётган масалаларга ечим топиш билан боғлиқ ўзининг фаолият режаси ила аҳолини таништирар экан, бу жараёнда масъуллар билан ҳамкорликни йўлга қўйишини ҳамда вилоят марказидан 78 км узоқликда жойлашган Сардобада тумани аҳолисининг мурожаатларига аниқ ечим кўрсатилган депутатлик сўровлари жўнатиладиган бўлди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратовнинг Гулистон туманидаги Уюли ва Бешбулоқ маҳаллалари аҳолиси билан бўлган мулоқотларида ҳам асосий масала сифатида ички йўлларнинг таъмирталаблиги тилга олинди. Маҳаллий Кенгаш депутатлари билан ҳамкорликда ҳудудга кириш йўлларининг аҳволи ўрганилганида ҳақиқатдан ҳам ёғингарчилик кунларида маҳалланинг ички ва асосий йўллари аҳолининг, хусусан мактаб ва боғча ёшидаги болаларнинг таълим масканларига қатновида қатор ноқулайликларни келтириб чиқараётгани маълум бўлди. Бу масала айниқса тез тиббий ёрдам машинасининг маҳалла ҳудудига киришида муаммо туғдирмоқда. Ҳудуд аҳолиси депутат Иномжон Қудратовга тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун амалий кўмак бериш, маҳаллада ёшлар ва савдо марказларини ташкил қилиш борасидаги таклифларини ҳам беришди. “Бешбулоқ” маҳалласидаги 13-сонли мактабгача таълим масканининг  моддий техник базаси ва фаолияти депутат томонидан ўрганилганида маҳалла фаоллари ҳам мазкур МТТ шаротини янада яхшилаш бўйича ўз таклифларини билдирди. Аҳоли билан самимий мулоқот ва уйма-уй юриш асносида эшитилиган таклифлар, фикр-мулоҳазалар ва энг муҳими аҳолинининг мурожаатларига сабаб бўлаётган масалаларга ечим бўладиган чора-тадбирлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан манзилли дастурларга киритилиши белгилаб олинди. Зеро, адолат бор жойда ҳар қандай масаланинг ечими бор.

М.ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+