Шуҳрат Ёқубов: Жамоатчилик кутган қонун қабул қилинди

24.10.2019 12:10:31

Куни кеча парламентимиз қуйи палатаси мажлисида “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси қизғин муҳокамалар асосида қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг халқчил, пишиқ, пухта ва мукаммал бўлиши учун астойдил интилдик. Боиси, яхши биласизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда мактабгача таълим тизимига давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши сифатида жиддий эътибор қаратилмоқда.

Афсуски, кейинги ўттиз йилликда мазкур масала эътибордан четда қолган эди. Биз сайловчилар билан учрашувларимизда энг кўп кўтариладиган муаммоли соҳалардан бири ҳам айнан боғчалар билан боғлиқ эди. Вазият ҳатто шу даражага етгандики, янги-янги болалар боғчаларини қуриш у ёқда турсин, мавжудлари ҳам йўқ бўлиб, фаолияти тўхтаб, қаровсиз даражага келиб қолган эди. Мактабгача таълим ташкилотларига болаларнинг қамрови ўртача тушиб кетгани ҳам бесабаб эмасди.

Бу ёшларимизнинг таълим-тарбиясида жуда катта йўқотишларга олиб келди.

Президентимизнинг ташаббуси ва келажак авлод тарбиясига жиддий эътибор қаратиши туфайли ушбу соҳа янгича мазмун билан бойиди. Жойларда қисқа вақт ичида кўплаб мактабгача таълим ташкилотлари қурилиб, ишга туширилди. Ҳудудларга уюштирилаётган ҳар бир ташрифда, бундай муассасалар сони ва сифатини ошириш, болалар таълим-тарбияси алоҳида муҳокама қилинмоқда. Бунинг натижасида ўтган икки-уч йилда фарзандларимизнинг мактабгача таълимга қамрови 44 фоизгача оширилди.

Бизнинг олдимизда ушбу соҳа учун ҳуқуқий асосни, ҳозирга қадар мавжуд бўлмаган, янги Қонунни яратишдек жиддий вазифа турган эди. Шу жиҳатдан, куни кеча қабул қилинган “Мактабгача таълим ва тарбия тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси қарийб уч ой давомида Қонунчилик палатасидаги ишчи гуруҳларида, сиёсий партиялар фракцияларида, тегишли қўмиталарда атрофлича муҳокама қилинди. Ундаги ҳар бир норма жойлардаги вазият, мавжуд муаммоларнинг ечими, мазкур соҳанинг барқарор ривожи, болаларимиз таълим-тарбиясидаги узвийликни кўзлаган ҳолда такомилига етказилди.

Қонун асосида мактабгача таълим ташкилотининг ҳуқуқий мақоми, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олиши кафолатланди. Шунингдек, Қонун лойиҳасида мактабгача таълим ташкилотларининг таснифи, улар фаолиятини ташкил этиш, мактабгача ёшдаги болаларни тарбиялаш ва ривожлантириш соҳасида давлат-хусусий шериклигини амалга ошириш, мактабгача ёшдаги болаларнинг тўлиқ қамраб олишни таъминлаш мақсадида, оилада мактабгача таълим олиш имконини берувчи оилавий мактабгача таълим муассасасини жорий қилиш, болаларнинг яшаш жойидан ёки доимий рўйхатга олинган жойидан қатъи назар, муассаса ташкил этиш йўли билан мактабгача таълим ташкилотига қабул қилиш каби муҳим янгиликлар жорий этилмоқда.

Умуман, мазкур Қонун мактабгача ёшдаги болаларимизнинг таълим-тарбиясини тўғри, сифатли ташкил этишга, фарзандларимиз камолотида энг муҳим палла, яъни 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган даврда уларга эътиборнинг янада кучайтирилишига ҳамда келажакда ақлли, билимли, доно ва ҳар томонлама етук кадрларни тайёрлашда муҳим ҳуқуқий асос вазифасини ўтайди.

Биз депутатлар олдидаги навбатдаги вазифа эса, мазкур Қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш, келгусида унинг ижроси устидан таъсирчан парламент назоратини амалга оширишдир.

Шуҳрат ЁҚУБОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси

Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!