Тиббиётчиларни тазйиқлардан ҳимоялашнинг ҳуқуқий асослари ўрганилди

27.09.2019 16:09:13

27 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Адолат” СДП фракциясининг ташаббуси билан “Тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш масалалари” мавзуида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари “Адолат” СДП фаоллари ва аъзолари, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, Тошкент шаҳридаги тиббиёт муассасасалари шифокор ва ҳамширалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг масъул ходимлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Давра суҳбатида Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг соғлиғини сақлаш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг асосий йўналишлари тўғрисида ахборот тақдим этилди ҳамда тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлашнинг ҳуқуқий асослари ва уни такомиллаштиришга бағишланган маърузалар тингланди.

Таъкидландики, сўнгги 3 йилдан бери мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимида қатор ижобий ўзгаришлар рўй берди. Жумладан, тиббий хизматлар сифати сезиларли даражада яхшиланди, уларнинг кўлами, энг асосийси, олис ҳудудлардаги аҳолининг сифатли тиббий хизматлардан фойдалана олиш имкониятлари анча кенгайди.

Давра суҳбати иштирокчилари соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида соғлиқни сақлаш тизими сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилганлигини эътироф этдилар. Хусусан, Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасини молиялаштиришга ажратилаётган маблағларнинг йилдан-йилга кўпайиб бораётганлиги қатор муаммоларни ҳал қилиш имконини бермоқда.

Шу билан бирга, соғликни сақлаш тизимида ҳали амалга оширилиши зарур бўлган талайгина вазифалар борлиги давра суҳбати иштирокчилари томонидан алоҳида қайд этилди. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида истиқомат қилаётган аҳоли қатламларининг барчасига бирдек сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятини яратиш, соҳани жаҳон стандартларига мос равишда янада такомиллаштириш зарурати долзарб масала бўлиб турибди.

Соҳада мавжуд бўлган ана шундай муаммолардан бири бу тиббиёт ходимларининг касбий мажбуриятларини бажаришига тўсқинлик қилиш, уларнинг ҳаёти ва соғлиғига зарар етказишга уриниш ҳолатларининг кўпайиб бораётганлигидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, хусусан, “Адолат” СДП фракцияси аъзоларининг сайловчилар билан ўтказаётган учрашувларида тиббиёт ходимлари айрим ҳолатларда беморларнинг ўлими ёки соғлиғи ҳолати ёмонлашган вақтда баъзи фуқароларнинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятининг етишмаслиги оқибатида асоссиз равишда шифокорни айблаш ва унга тажовуз қилиш ҳолатлари учраб турганлиги, лекин амалдаги қонунчиликда тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш юзасидан ҳуқуқий нормалар мавжуд эмаслиги тўғрисида ўз эътирозларини билдирдилар.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, биргина 2018 йил давомида 400 га яқин ҳолатда тиббиёт ходимларига беморлар ва уларнинг яқин қариндошлари томонидан ғайриқонуний равишда тажовузлар қилинган. Шундан 39 та ҳолатда жабрланганлар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига шикоят билан мурожаат қилинган.

Маълумки, беморлар даволанадиган муассасаларда шифокорларга ҳужум қилиш атрофдаги бошқа беморлар ва фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини хатарга қўяди, яъни уларнинг ҳуқуқи, эркинлиги ва қонуний манфаатларига дахл қилади.

Тиббиёт ходимларининг касбий амалиётини бажаришига тўсиқ бўлаётган ва уларнинг ҳаёти ҳамда соғлигига таъсир қиладиган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо муқаррарлигини таъминлаш мақсадида “Адолат” социал–демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳаси тайёрланди.

Қонун лойиҳасини тайёрлашда дунёнинг ривожланган давлатлари тажрибаси ва улардаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ўрганилди. Хусусан, Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи давлатлари, Россия ва Қозоғистонда тиббиёт ходимлари касбий вазифасини бажаришга, уларнинг соғлиги ёки ҳаётига тажовуз қилишнинг олдини олиш бўйича тегишли маъмурий таъсир чоралари қўллашнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд.

Мамлакатимиз тиббиёт ходимларининг касбий фаолияти хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ўз хизмат бурчини бажариши муносабати билан шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан тажовуз қилишга қарши профилактик чораларни кўриш мақсадида киритилаётган мазкур норма ҳуқуқбузарнинг ўзи томонидан ҳам, бошқа шахслар томонидан ҳам шу каби ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга йўналтирилган.

Қизғин баҳс–мунозараларга бой тарзда ўтган давра суҳбатида иштирокчилар мазкур қонун лойиҳаси атрофлича муҳокама қилиб, уни янада такомиллаштириш ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўриб чиқиш учун расман киритиш юзасидан ўз таклиф-мулоҳазаларини билдирдилар.

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+