Тиббиётдаги оғриқли нуқталардан бири – фракция муҳокамасида

12.03.2020 18:03:36

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ва унинг парламентдаги фракцияси, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда “Ўзбекистон диализлар жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда “Аҳолига нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатиш амалиёти ҳамда истиқболдаги вазифалар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбир “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори, унда белгиланган вазифаларнинг бажарилишидаги илк натижаларга бағишланди.

Тадбирни кириш сўзи билан очган Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг парламентдаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров соҳада бир қанча муаммолар мавжудлиги нуқтаи назаридан ҳам ушбу ҳужжат айни муддао бўлганини таъкидлади. Бинобарин, Қарорда бир қанча муаммолар қайд этилиб, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг аҳолига нефрологик ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш бўйича фаолияти бўйича камчиликлар мавжуд, деб топилгани соҳани муҳим ислоҳотлар кутаётганини исботлайди.

-Бу борада “Адолат” СДП сайловолди дастурида ўз олдига бир қатор аниқ вазифалар белгилаган. Хусусан, аҳолига барча даражада (республика, вилоят, туман, қишлоқ) юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатиш тизими самарадорлигини таъминлаш партиянинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги асосий йўналиши этиб белгиланган- деди фракция раиси Наримон Умаров.

Сўзга чиққан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мазкур қарорнинг мазмун-моҳиятига тўхталиб, унда санаб ўтилган камчиликларга эътибор қаратган ҳолда, муаммоларни ҳал этишнинг қонуний ечимларини таклиф этдилар. Хусусан, фракция аъзоси, Фуқаролар соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси раиси Елена Борисова “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурига асосан саоғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг келгусидаги натижадорлиги тўғрисида маъруза қилди.

Маълум қилинишича, тиббиёт муассасаларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг умумий сони реал эҳтиёждан бир неча баравар кам, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашган, кўпгина гемодиализ ускуналарининг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетган. Яна бир камчилик: терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашнинг ягона стандартлари ва протоколлари жорий этилмаган, шунингдек, нефрологик касалликларнинг барвақт олдини олиш, уларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими, беморларни танлаш ва гемодиализга юбориш тартиб-таомиллари йўлга қўйилмаган.

Давра суҳбатида соҳа мутахассислари – Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда “Ўзбекистон диализлар жамияти” нодавлат нотижорат ташкилотидан вакиллар, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти профессорлари, нефролог шифокорлар маъруза билан иштирок этдилар. Жумладан, Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйраклар трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт маркази директори Ботир Даминов томонидан бугунги кунда нефрологик ва гемодиализ ёрдам кўрсатишдаги энг зарур вазифаларга эътибор қаратилди. У юқорида номи зикр эътилган қарор ва унинг доирасида амалга оширилган ишлардан мисоллар келтирди.

Хусусан, масъуллар томонидан ташҳис қўйиш ва даволашнинг замонавий технологияларини ҳисобга олган ҳолда катталар ва болаларда нефрологик касалликларни айниқса, буйрак ўринбосар терапиясига муҳтож беморларни ташхислаш ва даволашнинг клиник, гемодиализ муолажасига юбориш стандартлари амалиётга жорий этилди. 2019 йилдан диализаторларни бир марталик ишлатиш тизимига ўтилди. Бу диализ сифатини яхшилаш билан, ушбу жараённинг ножўя таъсирларини ва туррли касалликлар юқиши эҳтимолини сезиларли равишда камайтирлди.

Даволаш муассасаларида бўлиш муддатлари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва берилган имтиёзлар ва соҳадаги ҳолат ҳақидаги ахборотни тезликда олиш имконини берадиган диспансер кузатувида бўлган беморлар тўғрисидаги комплекс ахборотни ўз ичига олган электрон реестр ишлаб чиқилди.

Айниқса, соҳада тизимли бошқарувни ва ҳомийлик ёрдамлари кўрсатишга амалий кўмаклашиш мақсадида  “Соғлом авлод учун” фонди ва “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази ёрадамида “Ўзбекистон диализ жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти ташкил этилгани депутатлар томонидан ижобий баҳоланди.

Шунингдек, йиғилишда амалий ишлар натижасида ҳозирги кунда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Фанлар академияси билан ҳамкорликда нефрология ва буйрак трансплантацияси бўйича фудаментал, инновацион, амалий илмий тадқиқотлар йўналишлари, уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ қилиш ва молиялаштириш манбалари ишлаб чиқилаётгани албатта мамлакат аҳолисига яратилаётган қулайликлар сифатида эътироф этилди.

Таъкидланишича, нефролог мутахассислар, гемодиализ шифокорлар ва гемодиализ бўлинмаларининг бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш бўйича ягона дастур мавжуд эмас. Шу сабабли шифокор-нефрологлар ва гемодиализ бўйича мутахассислар кескин етишмаяпти. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббиёт марказида кадрлар малакасини ошириш йўлга қўйилган. Нефрология ва гемодиализ бўйича тиббий кадрларни қайта тайёрлаш курсларида ўқитиш бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг буйруғи қабул қилинган.

Мутахассислар томонидан қайд этилганидек, республика бўйича дастурий гемодиализга муҳтож беморлар сони ҳар йили 20 фоизга ўсиб бормоқда. Бундан ташқари, шошилинч диализга эҳтиёжманд беморлар ва айниқса улар орасида болалар мавжудлигидан кўз юмиб бўлмайди. Ушбу масалалар бўйича партия ва депутатларга келаётган мурожаатлар сони ҳам ошиб бормоқда. Демак, тиббиётдаги ушбу жабҳа тезкор ислоҳотларга муҳтож, уларга қонуний ечим топишгина беморларнинг муаммосини ҳал қилади.

-Бугунги кунда Республика ихтисослаштирилган нефрология ва буйрак трансплантацияси илмий-амалий тиббий маркази қошида 42 та нефрология ва гемодиализ бўлинмаси фаолият юритяпти. Унда режали дастур бўйича 2897 нафар бемор бириктирилган бўлиб, 24 нафари ёш болалар. Аппаратлар сони эса 321 тани ташкил этади. – дейди “Ўзбекистон диализ жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти раиси Улуғбек Шамсибоев - Устига устак, уларнинг 85 таси ишламайди. Қарорда республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини, мутахассисларнинг функционал вазифаларини белгилаган ҳолда нефрология кабинети ва бўлимини жиҳозлаш стандартларини назарда тутувчи нефрология ихтисослиги бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш назарда тутилган. Молия вазирлиги томонидан инсон аъзолари трансплантацияси билан шуғулланувчи тиббиёт муассасаларига 1358 млн АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилган бўлиб, шундан 500 минг АҚШ доллари тиббий техника ускуналарига бағишланган.

Ҳозирда юртимиз бўйлаб 2897 нафар инсон режали дастурий гемодиализга муҳтож. Ушбу беморларнинг барчаси биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронларидир. Улар самарали равишда гемодиализ қабул қилишлари учун Ўзбекистонга камида 800 та гемодиализ аппарати импорт қилиниши керак. 1 та аппаратга 4 соатдан 3 сеанс меъёри ўрнатилган. 2018 йил давомида Республикамизда 279 451 та гемодиализ сеанси ўтказилди. “Сунъий буйрак” аппаратлари биргина 2018 йилнинг ўзида бир жойда ўртача 1184 дан ортиқ сеанс босим билан эксплуатация қилинди. Яъни, ишлайдиган 236 та гемодиализ аппаратига 279 451 та сеанс тўғри келмоқда. Бу меъёрдан ошишни кўрсатмоқда. Чунки жаҳон тажрибасида  бир жойда гемодиализ аппарати босими 722-785 сеансни ўз ичига олади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан бизга 30 миллион сўмлик грант ажратилди. Бу сурункали буйрак етишмовчилиги беморлари манфаатларига йўналтирилди.

Шу боисдан, Қарорда белгиланган нефрология ихтисослиги бўйича тиббий ёрдам кўрсатиш тартибини тасдиқлаш бўйича норматив ҳужжатни қабул қилишни тезлаштириш лозимлиги таъкидланди. Мазкур ҳужжатда республика, вилоят ва туман (шаҳар) миқёсида кўрсатиладиган тиббий хизматлар ҳажмини, мутахассисларнинг функционал вазифаларини белгилаган ҳолда нефрология кабинети ва бўлимини жиҳозлаш стандартларини назарда тутилади.

Давра суҳбати якунида депутатлар ва соҳа мутахассислари ўзаро савол-жавоб ҳамда таклифлар асосида фикр-мулоҳаза алмашдилар. Билдирилган барча фикрлар умумлаштирилган ҳолда хулоса чиқарилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+