Ёрмамат Холияров: Парламент сўрови нега кун тартибидан чиқарилди?

28.10.2019 19:10:49

Қонунчилик амалиётида давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига қонунлар, давлат дастурлари ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган муҳим масалалар юзасидан Парламент сўрови юбориш тартиби мавжуд.

Парламент сўрови ташаббускорлари заруратга қараб, сўров натижалари бўйича берилган жавобни маромига етказиш учун қайтариб юбориши ёки давлат, хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахси ҳукумат аъзоси бўлган тақдирда уни истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига таклиф киритиши мумкин.

“2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури”да транспорт соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш юзасидан белгиланган топшириқ бўйича транспорт, шу жумладан, ҳаво, темир йўл, автомобиль транспорти ва метрополитен соҳасини давлат томонидан бошқариш бўйича ягона давлат тариф сиёсатини амалга ошириш, соҳада давлат хусусий шерикчиликни жорий этиш, бир сўз билан айтганда, транспорт воситаларидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратилиши лозим эди.

Мазкур Дастурда транспорт соҳасидаги давлат, хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахсларига юклатилган юқорида келтирилган масъулиятнинг ижроси таҳлилларига бағишлаб Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси Ёрмамат Холияров томонидан “Тошкент метрополитени жетонлардан қачон воз кечади?” сарлавҳали мақоласи эълон қилинган эди.

Хўш, транспорт соҳасидаги давлат, хўжалик бошқаруви органлари мансабдор шахслари мазкур мақолага қандай муносабатда бўлишди?

Таъкидлаш лозим, мақолада билдирилган масалалар жамоатчилик ўртасида кенг муҳокамага сабаб бўлди ва мутасадди вазирлик ва идоралар ҳаракатга тушди, мазкур масалага Ҳукумат ҳам эътибор қаратди.

Ушбу масалани Бош вазир ўз назоратига олди ва тааллуқли бўлган вазирликларга топшириқлар берилиб, ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳ зиммасига Европанинг етакчи мамлакатлари транспорт тармоқларида амал қилаётган электрон тўлов тизимини жорий этиш бўйича таклиф киритиш юклатилди ва бу борада амалий ҳаракатлар бошланди.

Натижада Тошкент метрополитенининг Чилонзор йўналишидаги Олмазор, Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Пахтакор, Буюк ипак йўли бекатларида, Ўзбекистон йўналишидаги Дўстлик, Тошкент, Ўзбекистон, Алишер Навоий, Чорсу, Беруний бекатларида ва Юнусобод йўналишидаги барча бекатларига HUMO пул тўлов карталари орқали йўлкира ҳақини тўлашни амалга ошириш имконини яратувчи тизим ўрнатилди.

Мазкур ҳаракатлар фақат Тошкент шаҳридаги метро фаолияти билан чегараланиб қолаётгани, мамлакатимиздаги бошқа жамоат транспортларида ҳамда ҳудудларимизда аҳолига транспортдан фойдаланишда қулайликлар жорий этилиши кечикаётгани сабабли депутатлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирига Парламент сўрови тайёрланди.

Аммо Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги томонидан жорий йилнинг 26 октябрида билдирилган маълумотларга кўра, 2020 йилнинг 1 январидан Ўзбекистон Республикасида жамоат транспорти учун алоқа тизимига уланмаган ягона электрон тўлов тизими жорий этилиши белгиланган. Бу, ўз ўрнида, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Парламент сўровини кун тартибидан чиқаришига асос бўлди.

Маълумотда ҳажм жиҳатидан банк пластик картасига ўхшаш алоқа тизимига уланмаган чипта ёрдамида мамлакатимизнинг барча шаҳарларида ҳар қандай транспорт турида тўловни амалга ошириш воситаси ва тизими яратилгани билдирилди.

Бунда чиптани давлат хизматлари марказларидан ўттиз минг сўмга сотиб олган ҳолда, уни мобиль телефондаги илова ёки банк пластик картаси орқали маблағ билан тўлдириб бориш мумкин ва метро бекатларидаги турникетлар ҳам ушбу тизим учун мослаштирилади.

Чипталар пенсионерлар, талабалар ва ўқувчилар учун, имтиёзли чипта ҳамда умумий ягона транспорт чиптаси бўлиши мумкин.

Эътибор қилинг, Давлат дастурида давлат органи, хўжалик бошқарув органи мансабдор шахсига юклатилган вазифа ижроси юзасидан депутатларнинг Тошкент метрополитенида қўлланиб келинаётган жетонлардан воз кечиш йўналишидаги муносабатлари режаланган тадбирларнинг ижросини жадаллаштиришга сабаб бўлди.

Муҳими, жамоатчилик кундалик ҳаётимизда эътибордан четда қолаётган ёки белгиланган вазифалар ижросида давлат органи, хўжалик бошқарув органи мансабдор шахсларига юклатилган вазифалар ва ваколатлари ижросини нафақат назорат қилиш, балки зарур бўлганда, керакли таъсир чораси билан самарали механизм жорий этилаётганининг гувоҳи бўлди.

Хулоса ўрнида депутатларимиз бир мақсад, яъни мамлакатимиз иқтисодиётини янада ривожлантириш йўлидаги фаоллигини энди ҳеч қачон сусайтирмасликларини билдириб ўтмоқчиман.

Ёрмамат ХОЛИЯРОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+