Ёшлар ва хотин-қизлар масаласида кечиктириб бўлмас вазифалар мавжуд

15.07.2020 19:07:47

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг видеоконференция тарзидаги навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Депутатлар дастлаб мамлакатимизда пандемия шароитида олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, бугунги вазиятни чуқур таҳлил қилиб, коронавирус инфекцияни жиловлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларга тўхталиб ўтишди.

Шу билан бирга фракция аъзолари 14 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилиши ва унда кўтарилган ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини ошириш, уларни даромад манбаи билан таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган чора-тадбирларни тубдан яхшилаш масалаларининг мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтдилар.

Таъкидланганидек, ҳар йили умумтаълим мактаблири ва академик лицейларни ярим миллионга яқин йигит қизлар битириб, мустақил ҳаётга йўлланма оладилар. Фракция аъзоларининг фирича, бу жуда катта рақам бўлиб, битирувчиларни ўқиш ва ишга жалб этиш масалаларига эътиборни янада кучайтиришни тақозо этади. Жорий йилда ҳам умумтаълим мактабларини 452 минг ўғил-қиз битирмоқда. Уларнинг 70 минги олий таълим, 85 минги профессионал таълимга ўқишга киради. Бироқ қолган 300 минг нафар атрофида битирувчиларни ҳаётда ўз ўрнини топишларига кўмаклашиш, уларнинг бандлигини таъминлаш кечиктириб бўлмайдиган  вазифаларимиздан биридир. 

Бу борада мамлакатимиз раҳбари топшириғи асосида мактабданоқ касбга ўқитиш тизими жорий этилиши белгиланлиги, навбатдаги ўқув йилидан бошлаб мактаб директори ва ўқитувчиларга ўқувчиларнинг олий таълимга кириши, касб эгаллаб, ўз ишини топиши даражасига қараб оширилган иш ҳақи тўлаш тартибининг жорий этилиши айни муддао бўлиб, ана шу вазифаларнинг самарали ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Фракция аъзолари бундан 3 йил олдин бошланган мамлакатимиз таълим тизимидаги ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш лозимлигини алоҳида таъкидладилар.

Қодир Жўраев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

– Ёшларни касбга ўргатиш, уларнинг бандлигини ва барқарор даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш, шубҳасиз, ўта муҳим вазифаларимиздан биридир. 

Шу боис мамлакатимиз раҳбари раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида мактабданоқ касбга ўқитиш тизимини жорий этиш бўйича аниқ топшириқ берилганлиги айни муддаодир.

Биз ҳаммамиз ана шу муҳим топшириқнинг ижросига масъулият билан ёндашишимиз зарур. Ҳозирда касб-ҳунар таълими мамлакатимиз таълим тизимидаги энг заиф нуқталардан бири бўлиб қолмоқда. Ўқувчи ёшларда турли касбларга қизиқишни мактаб пайтидаёқ ривожлантириш, уларни жамиятимизда талаб юқори бўлган касбларга ўргатиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда, ўқувчиларнинг дастурчи, дизайнер, таржимон каби истиқболли касблар учун пойдевор бўладиган билим ва кўникмаларни эгаллаши учун бор куч-имкониятларни сафарбар қилиш лозим. Шунингдек, робототехника, дастурлаш каби талаб юқори касбларга ўргатиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мамлакатимизда катта кўламда қурилишлар бўлаётган бугунги даврда йилига камида 50 минг нафар профессионал қурувчига эҳтиёж мавжуд. Шунинг учун қурилиш йўналишида касбга тайёрлаш ишларини тубдан яхшилаш, бу борада самарали таълим тизими яратиш лозим.

Бундан ташқари мамлакатимиз раҳбари томонидан жорий йил охиригача маҳаллаларда 136 та касб-ҳунар ўқитиш маскани, қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини ташкил этиб, 31та касб-ҳунарга ўқитиш марказларини жиҳозлаш бўйича берилган топшириқни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз ва ҳудудларда ушбу топшириқнинг бажарилиши устидан парламент назорати ўрнатиш мақсадга мувофиқдир.  

Энг муҳими, ушбу топшириқ хўжакўрсинга бажарилмаслиги лозим. Номига ташкил қилинган ўқув курслари ҳеч кимга керак эмас. Мактабларда ва маҳаллаларда касбга ўргатиш ишлари тизимли асосда, ниҳоятда сифатли йўлга қўйилиши, депутатлар эса ушбу жараёнга кўмаклашиб, доимий назорат олиб боришлари талаб этилади.

 

 

Фракция аъзолари мамлакатимиздаги ёшлар ва хотин-қизларнинг ролини ошириш йўналишида ҳам сўнгги йилларда кўпгина ишлар амалга оширилганлиги, жумладан, ҳокимлар сафида аёлллар сони ортаётгани, ёш авлод вакиллари ҳоким ўринбосари этиб тайинлангани, Қонунчилик палатаси депутатлари орасида 10 га яқин ёш йигит-қизлар қонун ижодкорлиги билан ишлаётгани, маҳаллий депутатларнинг қарийб 10 фоизини ёшлар ташкил этгани, ишлаб чиқариш, хусусий тадбиркорлик ва бошқа соҳаларда ҳам ёшлар ва хотин қизлар ўз фаоллигини кўрсатаётганлигини эътироф этиш билан бирга ҳали бу борада қатор вазифалар борлигига ҳам эътибор қаратдилар. Жумладан, Ўзбекистонда ишсизларнинг ёшлар орасидан 732 минг нафари, хотин-қизлар орасидан 834 минг нафарини ташкил этаётгани ҳали бу йўналишда бажарилиши лозим бўлган долзарб вазифалар турганидан далолатдир.

 

Олтиной Мамирова Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

  • Ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ўз ичига олган Президентимизнинг 5 та ташаббусини амалиётга жорий этиш механизмларини такомиллаштириш зарур.

Бу каби вазифаларни бажаришда хотин-қизлар ва ёшлар масалалари билан ишловчи ташкилотларда ишни самарали ва сифатли ташкил этиш ҳамда ушбу жараёнга депутатлар томонидан кўмаклашиш зарур. Бунда партиямизнинг “Аёллар қаноти” ва “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашлари имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш, жойлардаги фаоллари орқали таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш, ушбу йўналишдаги, айниқса бандлик масаласидаги муаммоларни ҳал этишга қаратилган тизим яратиш лозим.

Партиямиз Сайловолди дастурида қайд этилган мақсадли кадрлар тайёрлаш, ёшларни касбга ўргатишда жойлардаги эҳтиёжлардан келиб чиқиш, муддатли касбий-таълимни ривожлантириш масалаларини ҳам йўлга қўйишимиз керак бўлади.

Шунингдек, ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида ишлаб чиқилган ва маҳаллий партия кенгашлари томонидан тасдиқланган “манзилли режа”ларнинг бажарилишида ҳам назорат-таҳлил тадбирларини олиб бориш ва уларнинг сифатли бажарилишига кўмаклашиш лозим. Мақсад ёшлар ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашда сонга эмас, сифатга эътибор қаратишдир.

Фракция депутатлари хотин-қизларга соддалаштирилган кредитлар ва грантлар ажратиш бўйича Президентимизнинг ташаббусини эътироф этган ҳолда, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигига 33 минг 380 нафар аёлларни касбга ўргатиш бўйича қисқа ўқув курсларини ташкил қилишда таклифлар киритиш, шу билан бирга, ҳар бир туман ва шаҳар кесимида аёллар бизнес лойиҳалари ойма-ой молиялаштириш, хотин-қизлар тадбиркорлиги дастурларини сифатли бажарилишида алоҳида ёндашиш зарурлигини айтиб ўтдилар. Чунки бу нафақат ёшлар ва хотин-қизлар бандлиги, балки оилалар мустаҳкамлиги ва фаровонлиги омили ҳам ҳисобланиб, мамлакат барқарорлигига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда муҳокама этилган масала бўйича депутатлар томонидан партия позициясидан келиб чиққан ҳолда таклиф ва муносабатлар билдирилди.

 

Анвар ЭГАМҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

партия фракцияси ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+