Ёшларни қўллаб-қувватлаш давлат дастуридаги энг муҳим вазифа саналади

18.02.2021 11:02:54

2021 йилги Давлат дастуридаги энг муҳим вазифалар қаторида ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларни ҳар томонлама камол топиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш билан боғлиқ бир қатор муҳим чора-тадбирлар белгилаб берилган.

Хусусан, Давлат дастурининг тўртинчи — ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўлимида эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари тажрибаси асосида барча шаҳар ва туманларда “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”ни ташкил этиш назарда тутилган.

Ушбу саноат зоналарининг ишга туширилиши натижасида ёшларнинг лойиҳаларини молиялаштириш учун Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузурида алоҳида жамғарма ташкил этилиши белгилаб қўйилагн.

Натижада жамғарма орқали ёшларнинг лойиҳалари қулай шартларда молиялаштирилади. Саноат ва тадбиркорлик зоналарида қурилган ишлаб чиқариш бинолари барча инфратузилма объектлари билан биргаликда ёшларга имтиёзли шартларда ижара ва лизинг асосида берилади.

Шунингдек, Давлат дастурида нафақат “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари”да фаолият кўрсатадиган ёшларнининг тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш балки, тадбиркорлик истагида бўлган барча ёшларнинг тадбиркорлик ташаббуслари, стартап ва ғояларини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган имтиёзли кредитларни ажратиш ҳам назарда тутилган. Бу борадаги ишларни ўз вақтида ва тизимли амалга ошириш учун эса, 600 миллиард сўм миллий валютада жойлаштирилган халқаро облигациялар ҳисобидан 45 млн. АҚШ доллари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси ҳисобидан 455 млрд. сўм (45 млн. АҚШ доллари эквивалентида), “Ҳар бир оила –тадбиркор” дастури доирасида аввал ажратилган кредитларни қайтарилиши ҳисобидан 50 млн. АҚШ доллари миқдоридаги маблағлар ажратилади.

Шу билан биргаликда, Давлат дастурининг 233-бандининг ҳаётга татбиқ этилиши натижасида ёшларнинг олий таълим олиш имкониятлари ҳам сезиларли даражада оширилади. Хусусан, олий таълимнинг қамрови ва сифати оширилиб, 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига ажратиладиган давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичлари камида 25 фоизга, эҳтиёжманд оилалар қизлари учун ажратилган грантлар сони 2 баробарга кўпайтирилиб, 2 мингтага етказилади. 237-банддаги вазифалардан келиб чиқиб, магистратура ва докторантурада ўқиётган иқтидорли ёшларни рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендияси квоталари сонини камида икки баробарга оширилади ҳамда Ўзбекистондаги хорижий ва қўшма олий таълим муассасаларининг бакалавриат босқичи талабалари учун Президент ва давлат стипендиялари тасис этилади.

Халқаро консультантлар ва лойиҳа институтларини жалб қилган ҳолда Тошкент шаҳри марказида иқтидорли ёшларнинг юқори технологиялар ва замонавий билимларни чуқур ўзлаштиришига кенг шароит яратиб беришга ихтисослашган алоҳида университет биноси барпо этилади.

Шунингдек, “Ёшлар: 1+1” дастури доирасида Савдо-саноат палатасининг ҳудудий ўқув марказларида уюшмаган ва ишсиз ёшлар касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқитилади. “Ҳунарли киши хор бўлмас” ғояси асосида уста ҳунармандлар томонидан “Устоз-шогирд” анъанасига жалб этиладиган ҳунарманд усталар Бандликка кўмаклашиш жамғармасидан моддий рағбатлантирилади.

Хулоса қилиб айтганда, ёшларга оид Давлат сиёсатини амалга оширишда, мамлакатимиз ёшларининг ҳар бир қатламининг ҳар бир ташаббуси қамраб олиниб ўз вақтида қўллаб қувватланади. Натижада эртамиз эгалари бўлган ёшларимизнинг мамлакат ҳаётидаги ўрни сезиларли даражада ортади. Бунда энг асосий вазифа сифатида биз парламент вакиллари Давлат дастурининг ҳар бир бандида белгилаб берилган вазифаларни ўз вақтида ва самарали амалга оширилишининг тасирчан назоратини олиб боришимиз даркор.

 

Махфират ХУШВАҚТОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+