Жамоатчилик палатаси: кутилган амалиёт, конструктив ҳамкорлик

13.07.2020 18:07:05

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари бугунги кунда аҳолини ўйлантираётган муаммоларга давлат идоралари эътиборини қаратиб, ўзларининг асосланган таклифларини бериб боришлари мақсадга мувофиқ эканини алоҳида таъкидлаб, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш, давлат ва жамият ўртасида ўзаро яқин ҳамкорлик ўрнатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Жамоатчилик палатасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурган эди. Шунингдек, ушбу муҳим институтнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим масалаларга оид қарорларни қабул қилишда жамоатчилик билан маслаҳатлар, жамоатчилик эшитувларини, экспертизаларини ўтказиш мажбурийлигини аниқ белгилаш, жамоатчилик маъқул деса – маъқул, номаъқул деса – номаъқул бўлиши кераклиги, фуқаролик жамиятимизнинг ўзимизга хос демок­ратик мезонлари бўлиб, ҳозирга қадар уларнинг имкониятларидан тўлиқ фойдаланилмаганлиги ҳақида рўй-рост  айтиб ўтилганди.

Таъкидлаш жоизки, Жамоатчилик палатасининг ташкил этилишига қадар мамлакатимизда «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги, «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги каби қатор ҳуқуқий-норматив ҳужжатлардан иборат база яратилган эди. Дунё бўйлаб 80 га яқин мамлакатда давлат билан жамият ўртасида ҳаммаслаҳат фаолиятни йўлга қўйиб, авваламбор, сиёсий барқарорликни таъминлашга катта ҳисса қўшаётган Жамоатчилик палаталари очиқлик ва шаффофлик принципларига асосланган самарали фаолият олиб боришда муҳим ўрин тутмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган "Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида"ги Фармонида  Жамоатчилик палатасининг энг асосий вазифаси фуқароларимизнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштириш, давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашишдан иборатлиги аниқ белгиланган. 

Шунингдек,  давлат, фуқаролар ва фуқаролик жамияти институтларининг мамлакатни янада жадал ва ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларини бирлаштирувчи замонавий шаклдаги тизимли ҳамда самарали мулоқотини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг ижтимоий манфаатлари келишилишини таъминлаш; аҳоли фикрини тизимли ўрганиб бориш, жойларда ва соҳаларда аҳолини, фуқаролик жамияти институтларини ҳамда жамоатчиликни ташвишлантираётган долзарб масалаларни муҳокама қилиш; фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ҳамкорлиги даражасини баҳоловчи кўрсаткичларни ишлаб чиқиш; фуқaрoлaр, нoдaвлaт нoтижoрaт тaшкилoтлaри, oммaвий axбoрoт вoситaлaри вaкиллaри вa блогерларни сўз эркинлиги, фуқaрoлaрнинг axбoрoт олиш ва тaрқaтиш ҳуқуқини aмaлгa oшириш, ахборот эркинлиги кaфoлaтлaрини тaъминлaш бўйича муҳoкaмaларга жaлб этиш каби вазифалар ҳам Жамоатчилик палата фаолиятининг асосий вазифалари этиб белгиланган.

Дарҳақиқат, кейинги уч йилда янги Ўзбекистон сиёсий тизимида янги демократик институтларнинг шаклланиши ва барқарорлигини таъминлаш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилди. Шу боис, Президент ҳузурида ташкил этилган Жамоатчилик палатасининг тез орада ўзининг юксак оммавий фаоллигини намойиш этишига, фуқаролик жамиятининг турли кучлари ва ҳаракатларининг давлат органлари билан ҳамкорликда уюшиб фаолият олиб бориш имконияти пайдо бўлишига ишонч катта эди. Зеро, юқорида келтирилган вазифаларни амалга ошириш учун барқарор иқтисодий муҳит, шаклланган ижтимоий кўмак тизими, босқичма-босқич такомиллашаётган бандлик  талаблари бўлиши шарт.

Лекин бутун дунёдаги каби, Ўзбекистонда ҳам яшаш, ривожланиш ва ислоҳотлар пандемиягача ва карантиндан кейинги даврга бўлинаётган бир вақтда, кенгайтирилган иқтисодий инқироз, чуқурлашган ижтимоий зўриқишлар даври кутилаётган бу мураккаб ҳолатда, Жамоатчилик палатасининг фаолияти янада аҳамиятлироқ бўлиши, вирус инқирози тугагач, давлат ва жамият ўртасида кутилмаган ёки кутилаётган тафовутларнинг олдини олишга қаратилиши лозим. Аниқроқ айтадиган бўлсак, пандемия даври билан боғлиқ барча ҳукумат қарорлари ижроси юзасидан жамоатчилик мониторингини ташкиллаштириш, “жамоатчилик эшитуви”, “жамоатчилик экспертизаси” каби замонавий назорат шаклларини амалда қўллаш, ўрганишлар бўйича  тавсиялар ва натижалар ҳақида Президент, Парламент ва Ҳукуматга  реал, очиқ таҳлилий ахборот киритилиши зарур.

Бинобарин, жойлардаги ўрганишлар, аҳоли билан масофавий учрашувлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган видеомулоқотлар  “Саховат ва кўмак” ҳомийлик ёрдамларининг мақсадли йўналтирилмаганлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ажратилган ҳомийлар маблағларининг мутасадди масъуллар томонидан ўзлаштирилганлиги, соғлиқни сақлаш тизими ходимларига белгиланган маблағларнинг баъзи ҳудудларда ҳануз эгасига етказилмаганлиги, қатъий карантин даврида имконияти бор аҳоли учун пуллик хизматларнинг жорий этилмаганлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожларнинг янги қатлами пайдо бўлганлиги, жойлардаги бошқа нодавлат ташкилотлари билан амалий ҳамкорлик ўрнатилмаганлиги каби масалалар мавжудлигини кўрсатди.

Сўнгги кунларда карантин талабларига риоя қилинмаганлиги сабабли, республикамизда яна қатъий чоралар, чекловлар ўрнатилди. Ҳозирча жамиятнинг ҳар бир аъзоси ўз соғлиги ва хавфсизлигини сақлашга ҳаракат қилмоқда. Агар баҳор ойидаги карантин даври тажрибасидан келиб чиқадиган бўлсак, бу кунги иқтисодий инқироз ва ижтимоий зўриқиш вазияти  мамлакатда муаммоларни тезлаштирилган ҳолатда англаш ва ҳал қилишда давлат ва жамият ўртасида қатъий назорат, жипслик ва амалий ҳамкорликни тақозо этади.

Демак, Жамоатчилик палатаси олдида инқирозли ҳолатларни моделлаштириш,  озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодий “таътил”, жонланиш, тикланиш ва ўсиш моделларини тайёрлаш, ижтимоий ҳимоя концепциясини қайта ишлаб чиқиш каби долзарб вазифалар турибди. Бир сўз билан айтганда, Палата жамиятни қийинчиликларни енгиш йўлидаги интилишларида энг самарали ҳамкорлик, миллий амалий ҳамкорлик намунасини кўрсатиши керак бўлади.

 

Гулруҳ АГЗАМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+