2016 — 2020 ЙИЛЛАРДА ҚУРИЛИШ ИНДУСТРИЯСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Қурилиш индустриясини янада модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш, минерал-хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш негизида экспортга мўлжалланган рақобатбардош ва импорт ўрнини босадиган қурилиш материаллари саноати тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш, энергия самарадорлигини оширадиган ва ресурсларни тежайдиган замонавий илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий қилиш, бунинг учун хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш мақсадида:
1. 2016 — 2020 йилларда минерал-хом ашё ресурсларини қайта ишлаш негизида қурилиш индустриясининг ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар 1-иловага* мувофиқ белгилансин.
«Ўзқурилишматериаллари» акциядорлик компанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, акциядорлик жамиятлари ва корхоналарнинг раҳбарлари — масъул ижрочилар зиммасига 1-иловада назарда тутилган, минерал-хом ашё ресурсларини қайта ишлаш негизида қурилиш индустриясининг ташқи бозорларда харидоргир бўлган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича топшириқлар белгиланган муддатларда сифатли ва тўла ҳажмда бажарилишини таъминлаш юзасидан шахсий масъулият юклансин.
2. 2016 — 2020 йилларда минерал-хом ашё ресурсларини қайта ишлаш негизида қурилиш индустриясининг экспортга мўлжалланган юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳалари рўйхати 2-иловага* мувофиқ маъқуллансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги «Ўзқурилишматериаллари» АК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳамда бошқа манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда бир ой муддатда ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этсин, бунда лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқариш ва экспертизадан ўтказишнинг аниқ муддатлари, қурилиш-монтаж ишларининг замонавий технологик талабларга жавоб берадиган илғор технологияларини танлаб олиш ҳамда қувватларни белгиланган муддатларда ишга тушириш назарда тутилсин.
4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Янги қуриладиган ва реконструкция қилинадиган ишлаб чиқариш қувватлари лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосланишини, техника ва технологияларни экспертизадан ўтказиб баҳолаш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги 2-иловага киритилган лойиҳа ҳужжатлари ва инвестиция шартномаларини етказиб берилаётган ускуналар ҳамда технологияларнинг параметрлари замонавий технология талабларига ва жаҳон нархлари даражасига қанчалик мос келишини синчиклаб экспертизадан ўтказсин.
5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, «Ўзқурилишматериаллари» АК, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бошқа акциядорлик жамиятлари ва корхоналар — 2-иловага киритилган инвестиция лойиҳаларининг масъул ижрочилари билан биргаликда бир ой муддатда замонавий технологияларга эга бўлган ҳамда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг ташқи бозорларга чиқарилишини кафолатлайдиган хорижий компанияларни инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга кенг кўламда жалб этиш чора-тадбирлари комплексини ишлаб чиқсин ва амалга оширилишини таъминласин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда унга ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган инвестиция лойиҳалари молиялаштириш ҳажми ва манбалари аниқланган ҳолда белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
8. Ушбу қарорнинг 2-иловасида кўрсатилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган технологик ускуналар, бутловчи буюм ва эҳтиёт қисмлар 2021 йилнинг 1 январига қадар божхона тўловларидан озод қилинсин (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно).
* 1-2-иловалар берилмайди.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б. Закиров зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 28 сентябрь,
ПҚ-2615-сон

2016 — 2020 ЙИЛЛАРДА ҚУРИЛИШ ИНДУСТРИЯСИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.