2017 — 2021 ЙИЛЛАРДА ОРОЛБЎЙИ МИНТАҚАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Оролбўйи минтақасида экологик ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилашга, Орол денгизининг экологик фалокати оқибатларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида ва самарали рўёбга чиқаришга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида:
1. Оролбўйи минтақаси аҳолисининг турмуш шароитлари ва сифатини яхшилашга йўналтирилган 2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури (кейинги ўринларда Давлат дастури) 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин, унда қуйидагилар назарда тутилади:
янги иш жойларини яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, шунингдек минтақанинг инвестициявий жозибадорлигини яхшилаш борасидаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;
сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш тизимларини яхшилаш;
минтақада соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш ва аҳоли генофондини асраш тадбирларини амалга ошириш;
минтақада яшовчи аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш, кўп квартирали уйларда уй ичи муҳандислик коммуникациялари ва умумфойдаланадиган жойларни таъмирлаш, шунингдек болалар ва спорт майдончаларини барпо этган ҳолда уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш;
минтақа аҳоли пунктларининг транспорт, муҳандислик ва коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, суғориш ва ташқи ёритиш тармоқларини такомиллаштириш, Нукус ва Урганч шаҳарларининг замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этган ҳолда иссиқлик таъминоти тизимларини яхшилаш.
2. 2017 — 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастурининг амалга оширилишини мувофиқлаштириш ҳамда тизимли назорат қилишни таъминлаш учун 2-иловага* мувофиқ таркибда Республика комиссияси тузилсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда .
Давлат дастурининг минтақа даражасида амалга оширилишини самарали ташкил этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Хоразм вилояти ҳокимлиги, Қорақалпоғистон Республикасида — Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси раҳбарлигида ва Хоразм вилоятида — вилоят ҳокими раҳбарлигида худди шундай комиссиялар ташкил этсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, «Ўзкоммунхизмат» агентлиги, шунингдек тармоқ идоралари ва хўжалик бирлашмалари Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастурини амалга ошириш бўйича вазирликлар ва идораларнинг раҳбарлари бошчилигида доимий фаолият юритувчи ишчи гуруҳларни ташкил қилсинлар.
3. Оролбўйи минтақасини янада ривожлантириш, аҳолининг турмуш шароитлари ва сифатини тубдан яхшилаш чора-тадбирларини амалга оширишни молиявий жиҳатдан ишончли ва барқарор таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси (кейинги ўринларда — Жамғарма) ташкил этилсин.
Қуйидагилар Жамғармани шакллантириш манбалари этиб белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармасига ўтказилиши лозим бўлган маблағларнинг ўн фоизи;
автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станциялари томонидан сотиладиган табиий газга махсус инвестициявий устама ҳақнинг ўн фоизи;
Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг мақсадли маблағлари, шу жумладан марказлаштирилган инвестициялар;
халқаро молия институтлари ва бошқа хорижий донорларнинг имтиёзли кредитлари (қарзлари);
жисмоний ва юридик шахсларнинг, хайрия жамғармаларининг грантлари, ихтиёрий бадаллари, хорижий донорларнинг маблағлари;
Жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини жойлаштиришдан тушадиган даромадлар;
қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа молиялаштириш манбалари.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда Жамғарма фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқсин ва уни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
4. Қуйидаги манзилларда жойлашган саноат соҳасида (автомобилларга газ тўлдирувчи компрессор станцияларидан ташқари) янги ташкил этилаётган микрофирмалар ва кичик корхоналар:
Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ, Шуманай, Қонликўл, Тахтакўпир, Чимбой туманларида, Хоразм вилоятининг Янгиариқ ва Қўшкўпир туманларида — 2027 йилнинг 1 январига қадар муддатга;
Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қолган туманларида — 2022 йилнинг 1 январига қадар муддатга ягона солиқ тўловини тўлашдан озод қилинсин.
5. 2017 йилнинг 1 февралидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида жойлашган болаларнинг мактабгача таълим муассасаларидаги, айрим фанлар чуқур ўргатиладиган ихтисослаштирилган мактаб-интернатлардаги таъминоти учун, «Баркамол авлод» марказларидаги, мусиқа ва санъат мактабларидаги машғулотлар учун ота-оналарнинг ҳар ойлик тўлови миқдорлари, шунингдек аҳолининг маданият ва дам олиш марказларидаги тўлов миқдорлари республика бўйича белгиланганидан 2 баравар кам даражада ўрнатилсин.
6. 2017 йилнинг 1 февралидан бошлаб Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга, биринчи навбатда, ёлғиз фуқаролар, пенсионерларга, боқувчиси ногирон оилаларга ҳамда бошқа кам таъминланган тоифадаги аҳоли ва оилаларга қишлоқ (маҳалла) фуқаролар йиғинларининг комиссиялари қарорига биноан тайинланадиган энг кам иш ҳақининг 2 бараваридан 5 бараваригача миқдорда бир марта бериладиган моддий ёрдам шаклидаги ижтимоий нафақанинг янги тури жорий этилсин.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда муҳтож оилаларга ижтимоий нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги Низом лойиҳасини ишлаб чиқсин ва уни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
7. 2017 йилнинг 1 февралидан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти аҳолиси учун темир йўл ва авиайўловчилар чипталарини сотиш махсус имтиёзли тарифлар бўйича амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК билан биргаликда бир ой муддатда йўловчиларнинг тегишли тоифалари учун махсус имтиёзли тарифларни тасдиқласин.
8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банки, Ташқи ишлар вазирлиги Оролбўйи минтақаси аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, янги иш жойлари яратиш, экологик ҳолатни яхшилаш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий донорларнинг техникавий кўмак маблағлари (грантлари)ни жалб этиш юзасидан кечиктириб бўлмайдиган чоралар кўрсинлар.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2017 йил 18 январь,
ПҚ-2731-сон

Манбаа: lex.uz

2017 — 2021 ЙИЛЛАРДА ОРОЛБЎЙИ МИНТАҚАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.