ИММУНОЛОГИЯ СОҲАСИДА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Иммунология соҳасидаги илмий тадқиқотлар самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот фаолиятининг ўқув жараёни билан ўзаро боғлиқлигини кучайтириш, тиббиёт олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчиларини, катта илмий ходим-изланувчиларини ва талабаларини иммунология соҳасидаги фундаментал ва амалий тадқиқотларни олиб боришга кенг кўламда жалб этиш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Иммунология институтини Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика иммунология илмий маркази этиб қайта ташкил қилиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Қуйидагилар Республика иммунология илмий маркази фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
инсон организмининг иммунологик ва генетик асослари, иммун танқислиги ва иммун қарамлиги касалликлари ривожининг умумжаҳон ва минтақавий биомедицина ютуқлари билан чамбарчас боғлиқ ҳолдаги фундаментал тадқиқотларини олиб бориш;
иммун тизимининг қайта қурилишини баҳолашга ёндашувларни такомиллаштириш ҳамда касалликларнинг кечиши қай даражада оғирлигини аниқлаш ва аллергик, аутоиммун ва иммун танқислиги касалликлари билан оғриган беморларда, шу жумладан бемор болаларда иммун модуллаштириш терапиясини ўтказиш учун прогностика мезонларини ишлаб чиқиш;
инсоннинг генетик хилма-хиллиги масалаларини ҳар томонлама ва чуқур тадқиқ этиш, функционал ва қиёсий геномика, ген-муҳандислик ва ҳужайра технологиялари соҳасида тадқиқотлар олиб бориш, тиббиётда геном-ҳужайра технологияларини қўлланишнинг назарий ва методологик жиҳатларини ишлаб чиқиш;
фармокология соҳасида янги йўналишларни ривожлантиришга қаратилган илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш, маҳаллий хом ашё ва мамлакатимиз иммуногеномикаси ютуқлари асосида янги самарали маҳаллий фармацевтика технологиялари ҳамда иммунотроп дори-дармон воситаларини ишлаб чиқиш ва яратиш, ватанимизнинг самарали дори-дармон воситаларини апробация қилиш ва соғлиқни сақлаш амалиёти тизимига жорий этиш;
фундаментал ва амалий тадқиқотлар босқичидан бошлаб то мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизими амалиётига жорий этишга қадар иммуногеном технологиялари соҳасида идоралараро комплекс дастурларни ишлаб чиқиш;
инновацион тиббий хизматлар ва технологияларни топшириш тизимини ривожлантириш, иммун қарамлигига чалинган ижтимоий аҳамиятга молик касалликлар ҳамда иммунопатологик ҳолатлар диагностикаси ва даволаниши самарадорлигини оширишга йўналтирилган илмий тадқиқотлар ва ишланмалар натижаларини татбиқ қилиш;
қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш, иммуногеномика соҳасига грантлар ва инвестицияларни жалб этиш, тажриба алмашиш мақсадида чет эллардаги етакчи илмий марказлар ва университетлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек иммунология ва геном-ҳужайра технологияларини ривожлантириш масалаларига бағишланган конференциялар, анжуманлар ва семинарлар ўтказиш;
биомедицина технологиялари ва улар билан боғлиқ йўналишлар соҳасида юқори малакали ёш мутахассислар ва олий малакали илмий-педагог кадрлар тайёрлаш мақсадида илм-фанни таълим билан уйғунлаштириш шаклларини такомиллаштириш, инновацион илмий тадқиқотларни ривожлантирувчи янги дастурлар ва методларни ишлаб чиқиш, ўқув жараёнини услубий жиҳатдан тўлдириш, шунингдек Марказ илмий ходимларининг ихтисослашган олий таълим муассасалари ўқув жараёнида фаол иштирок этишларини таъминлаш.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика иммунология илмий маркази ходимларининг чекланган сони 48 нафардан иборат бўлган тузилмаси 1-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирига, зарур ҳолларда, Марказнинг тузилмасига ходимларнинг тасдиқланган умумий сони доирасида ўзгартишлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
4. Белгилаб қўйилсинки, Республика иммунология илмий маркази:
давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрга ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Ғазначилигида шахсий ғазначилик ҳисобварақларига эга;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилаётган Иммунология институтининг амалдаги шартномалари бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари юзасидан ҳуқуқий вориси ҳисобланади, меҳнат шартномалари бундан мустасно.
5. Қуйидагилар белгилансин:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ўтказиладиган илмий лойиҳалар танловларининг натижалари бўйича ажратиладиган грантлар, шунингдек хўжалик фаолиятидан тушадиган маблағлар, халқаро молия институтлари ва бошқа институтларнинг, хорижий ташкилотларнинг грантлари ҳамда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Республика иммунология илмий маркази фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси илмий-тадқиқот муассасаларининг тегишли лавозимлари учун назарда тутилган меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари Марказ ходимларига жорий этилади.
6. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилаётган Иммунология институти ходимларини, шу жумладан илмий ходимларини аттестациядан ўтказиш бўйича 2-иловага* мувофиқ таркибда аттестация комиссияси тузилсин, малакали мутахассислар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Республика иммунология марказига ишга қабул қилинсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
7. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бир ой муддатда:
Республика иммунология илмий маркази уставини белгиланган тартибда тасдиқласин ва унинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Яҳё Ғуломов кўчаси, 74-уйда жойлашган Иммунология институти биноси унда Республика иммунология илмий марказини жойлаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига оператив бошқариш ҳуқуқи билан топширилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ушбу қарорнинг қоидаларидан келиб чиққан ҳолда 2016 йилги Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг харажатлар параметрларига зарур ўзгартиришлар киритсин.
10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, молия вазири Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 30 сентябрь,
ПҚ-2620-сон

Манбаа: lex.uz

ИММУНОЛОГИЯ СОҲАСИДА ИЛМИЙ ТАДҚИҚОТЛАР ЎТКАЗИШНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.