КЕКСАЛАР ВА НОГИРОНЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Қайд этиб ўтилсинки, республикада мустақиллик йиллари мобайнида аҳолининг ижтимоий ҳожатманд қатламларини давлат томонидан қўллаб- қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш борасида кенг миқёсли ишлар амалга оширилди. Кексалар ва ногиронларнинг турмуш даражаси ва сифатини оширишга, пенсия таъминоти ва ижтимоий мадад тизимини такомиллаштиришга, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш ҳамда касалликларни даволашнинг замонавий усулларидан баҳраманд бўлишни кенгайтиришга йўналтирилган бир қатор давлат дастурлари қабул қилинди.
Изчиллик билан амалга оширилаётган кучли ижтимоий сиёсат натижасида аҳолининг фаровонлиги ошди ва кишиларнинг турмуш сифати яхшиланди, бу эса кейинги 25 йил мобайнида ўртача умр кўриш давомийлиги 67 ёшдан 73,5 ёшга, шу жумладан эркаклар — 66 ёшдан 71 ёшгача, аёлларнинг ўртача умр кўриш давомийлиги эса 70 ёшдан 75,8 ёшгача ортишига имконият яратди.
2010 — 2015 йилларнинг ўзидагина кексалар ва ногиронлар учун 12 та «Саховат» ва «Мурувват» интернат-уйларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланди, 14,6 минг нафар ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларнинг уй-жой-маиший шароитлари яхшиланди, 5,4 минг нафар ногиронлар техник реабилитация воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланди, 6,4 минг нафар ногирон ва пенсионерлар санаторийларда соғломлаштирилди. Кўрсатилган тиббий-ижтимоий ёрдамнинг умумий ҳажми 132,2 млрд.сўмни ташкил этди.
Шу билан бирга ижтимоий мадад тизимида ёлғиз кексаларни, пенсионерлар, ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш, унинг аниқ манзиллилиги, касалликларни профилактика қилиш ва даволашнинг замонавий самарали усулларини жорий этиш, катта ёшдаги шахсларга кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий хизматларнинг ҳажмлари ва турларини кенгайтириш билан боғлиқ айрим масалалар ҳал этилмасдан қолмоқда.
Кекса кишиларни, имкониятлари чекланган шахсларни ва ёлғиз кексаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш, ижтимоий ҳимоя ва тиббий-ижтимоий ёрдамнинг замонавий механизмларини амалга оширишда принципиал янги ёндашувларни жорий этиш мақсадида:
1. Кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг устувор вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:
кекса авлод вакилларига нисбатан ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитлар яратиш, кексаларнинг ҳаёт фаолияти ва дам олишини ташкил этиш тизимини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш;
ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронларни аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни кучайтириш, уларга кўрсатиладиган уй-жой-маиший ҳамда бошқа яшаш шароитларини яхшилашга йўналтирилган моддий ёрдамни кенгайтириш;
қариялар, ногиронлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирларини кенгайтириш, кўриш ва эшитиш органлари, ҳаракат-таянч тизими касалликларини ҳамда юрак-қон томир касалликларини даволашнинг замонавий усуллари билан қамраб олиш ва улардан баҳраманд этиш йўли билан уларга кўрсатиладиган тиббий-ижтимоий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш;
муҳтож кексалар ва ногиронларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш, тиббий- ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш.
2. Қуйидагилар:
2017 — 2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари комплекси 1-иловага* мувофиқ;
2017 — 2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасаларини қуриш ва реконструкция қилишни молиялаштиришнинг асосий параметрлари 2-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу қарорнинг 1-иловасида назарда тутилган чора-тадбирлар комплекси амалий назорат қилинишини, танқидий таҳлил этилиши ва ўз вақтида бажарилишини таъминласин.
Шу мақсадда қуйидаги устувор вазифаларни ҳал этишга асосий эътибор қаратилсин:
тиббий ёрдам даражаси ва сифатини ошириш, касалликларни эрта аниқлаш ва профилактика тадбирларини кенгайтириш бўйича скрининг текширишларини ўтказиш;
замонавий ташхис ва даволаш усулларини қўллаган ҳолда юқори технологияли ихтисослаштирилган тиббий ёрдамдан фойдаланишни кенгайтириш;
реабилитация ва соғломлаштириш чора-тадбирларини яхшилаш, соғлом ва фаол турмуш тарзини юритиш маданиятини тарғиб қилиш;
замонавий тиббиётнинг энг янги ютуқлари, асосий касалликлар ташхиси ва уларни даволаш сифати стандартлари асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси (кейинги ўринларда — «Нуроний» Жамғармаси), «Маҳалла» хайрия жамоат фонди (кейинги ўринларда — «Маҳалла» Фонди), Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминласин.
5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг 2017 — 2020 йилларга мўлжалланган Давлат бюджетини шакллантиришда ҳар йили «Соғлиқни сақлаш» ва «Ижтимоий таъминот» соҳалари бўйича ажратиладиган бюджет маблағлари доирасида ушбу қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган тадбирларни амалга оширишга зарур маблағларни назарда тутсин.
6. Ушбу қарорнинг 2-иловасида назарда тутилган тадбирларни амалга ошириш юзасидан:
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлари зиммасига — тиббий-ижтимоий муассасалар қурилиши ва реконструкция қилинишини сифатли ва ўз вақтида таъминлаш учун;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари раҳбарлари зиммасига — тиббий-ижтимоий муассасалар ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиши ва уларнинг ҳудудлари ободонлаштирилиши учун шахсий масъулият юклансин.
7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда ҳар йили Ўзбекистон Республикасининг Инвестиция дастурини шакллантиришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тиббий-ижтимоий муассасалари қурилиши ва уларни реконструкция қилишни молиялаштиришга мазкур қарорнинг 2-иловасида назарда тутилган бюджет маблағлари ҳисобига ҳар йили ажратиладиган марказлаштирилган инвестициялар лимитлари доирасида зарур маблағларни назарда тутсин.
* 1-2-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги, «Нуроний» ва «Маҳалла» жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгашининг ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин, уларда қуйидагилар назарда тутилган:
2017 йилнинг 1 январидан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар) бўлимида биттадан, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бўлимларида учтадан, марказий аппаратда 8 нафар ходим ҳисобидан «Нуроний» жамғармаси штат бирликлари таъминотини бюджетдан молиялаштиришга қабул қилиб, «Нуроний» жамғармаси пенсионер ходимларига пенсияларни 100 фоиз миқдорда тўлаш;
бюджет маблағлари ҳисобига таъминланаётган «Нуроний» жамғармаси ходимларига «Наврўз» ва «Мустақиллик» байрамларига мукофотлар «Нуроний» жамғармаси бўлимларида лавозим окладининг 50 фоизи миқдорида ва марказий аппаратда лавозим окладининг 100 фоизи миқдорида тўлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2014 йил 13 октябрдаги ПФ-4658-сонли Фармонига мувофиқ, 1941 — 1945 йиллардаги уруш қатнашчиларига ҳар йили санаторийларда соғломлаштириш курсини олиш ўрнига йўлланма қийматига тенг компенсация олиш ҳуқуқини бериш;
бюджет маблағлари ҳисобига бепул тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими доирасида кексалар, ногиронлар, уруш ва меҳнат фахрийларини соғломлаштиришни таъминлаш учун 2017 — 2019 йилларда Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида санаторийлар қуриш.
9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Меҳнат вазирлиги билан биргаликда «Нуроний» жамғармаси тизими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича разрядларни келишиб олсин, шунингдек икки ҳафта муддатда «Нуроний» жамғармаси бўлимлари ва унинг марказий аппарати харажатлари сметаси ҳамда штат жадваллари белгиланган тартибда тегишли молия органларида рўйхатга олинишини таъминласин.
10. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари:
тегишли бинолар (хоналар), мебель, компьютер техникаси ва алоқа воситалари ажратиш йўли билан «Нуроний» жамғармаси барча бўлимларининг моддий-техника базаси мустаҳкамланишини таъминласин;
ёлғиз ва кам таъминланган кексаларга «Нуроний» жамғармаси орқали қишки кийим ва пойабзал (куртка-ярим пальто, мўйнали телпак (жун рўмол), қўлқоп, ботинка), шунингдек (картошка, пиёз, ун, гуруч, ёрма ва биринчи навбатда зарур бўлган бошқа маҳсулотлар)ни қишга ғамлашни ҳар йили таъминлаш учун ҳокимларнинг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожланиш ва маънавий-маърифий ишлар масалалари бўйича ўринбосарлари раҳбарлигида ҳудудий комиссиялар тузсин ва уларнинг таркибига Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» фонди, «Камолот» ЁИҲ бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари киритилсин.
11. Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, «Маҳалла» фонди, Ўзбекистон «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, манфаатдор вазирликлар ва идораларга ёлғиз кексалар, пенсионерлар ва ногиронларга моддий, ижтимоий, тиббий ёрдам ва бошқа мадад кўрсатиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида ҳар йили кўп томонлама битим тузиш, битимга мувофиқ зарур кўмак бериш, жумладан молиявий ёрдам кўрсатиш тавсия этилсин.
12. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 2017 — 2020 йилларда кексалар ва ногиронларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш юзасидан ушбу қарор билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирларнинг мақсад ҳамда вазифаларини босма ва электрон ахборот воситаларини, шу жумладан бутун жаҳон Интернет тармоғини жалб этган ҳолда аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг кўламда ёритиб боришни таъминласин.
13. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, «Нуроний» жамғармаси билан биргаликда ушбу қарор бажарилишининг бориши тўғрисида ҳар чоракда Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этиб турилишини таъминласин.
14. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 28 декабрь,
ПҚ-2705-сон

Манбаа: lex.uz

КЕКСАЛАР ВА НОГИРОНЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШГА ДОИР ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.