ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ АКАДЕМИКЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ

Республиканинг илмий салоҳиятини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда илм-фаннинг ролини кучайтириш, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академикларининг илмий фаолиятини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатаётган ҳақиқий аъзоларининг тавсиясига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этиш ҳақидаги таклифи маъқуллансин.
2. Белгилаб қўйилсинки:
2017 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари учун энг кам иш ҳақининг ўн баробари миқдорида ойлик гонорар тўланади;
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳақиқий аъзолари учун тўланадиган ойлик гонорарлар жисмоний шахсларнинг даромадларига солинадиган даромад солиғисиз амалга оширилади.
3. Шундай тартиб белгилансинки, унга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари бир нафар кузатувчи билан бирга бир йилда бир марта ўзлари учун мақбул бўлган муддатда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши, республика давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг санаторий-соғломлаштириш муассасаларида ҳамда Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги «Ўзбекистон» курорт-соғломлаштириш акциядорлик жамиятининг санаторийларида соғломлаштириш курсидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.
Белгилаб қўйилсинки, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари ва кузатувчи бир нафар шахс учун санаторий-соғломлаштириш муассасаларига йўлланмалар қиймати Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини фан-таълим ва ишлаб чиқариш жараёнларига фаол жалб этиш, фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштиришда, шунингдек, юқори малакали кадрлар тайёрлашда уларнинг ролини кучайтириш механизмини жорий этиш;
Фанлар академияси ҳақиқий аъзоларининг фан-таълим муассасаларида ва саноат корхоналарида самарали ишлаши учун зарур шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқсинлар ва Вазирлар Маҳкамасига киритсинлар.
5. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси бир ой муддатда:
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг янгиланган таҳрирдаги Уставини;
Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисидаги таклифларни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
6. Ушбу Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 29 декабрь,
ПФ-4907-сон

Манбаа: lex.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИНИНГ АКАДЕМИКЛАРИ ФАОЛИЯТИНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ВА РАҒБАТЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.