ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 2 декабрдаги ПФ-4861-сонли Фармонини бажариш юзасидан ва Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг самарали ташкил этилишини таъминлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятининг асосий вазифалари ва йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
мамлакатнинг туризм салоҳиятини тубдан оширишга, туризмга иқтисодиётнинг стратегик сектори мақомини беришга, туризм соҳасида ягона давлат сиёсати ўтказилишига йўналтирилган туризмни ривожлантиришнинг яхлит концепцияси шакллантирилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;
туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетинг тадқиқотлари олиб боришга, тарихий-маданий меросни кенг тарғиб қилишга, Ўзбекистон Республикасининг туризм қиёфасини сақлаб қолиш ва ривожлантиришга, миллий туризм маҳсулотлари ва брендлари халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;
ички, кириш ва чиқиш туризмини комплекс ривожлантиришнинг миллий ва ҳудудий дастурлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш ва уларнинг амалга оширилиши мониторинги, туризм турларининг кенг доирасини жадал ривожлантириш, халқаро стандартларга мувофиқ бўлган туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни, шунингдек халқаро молия институтлари ва бошқа ташкилотларнинг кредитлари ва грантларини жалб этиш;
туризм фаолияти ривожланишини мувофиқлаштириш, минтақаларда янги туризм йўналишлари ташкил этилишини таъминлаш, уларни паспортлаштириш, туризм йўналишлари ва туризм объектлари бўйича ягона миллий реестрларни шакллантириш;
туризм хизматларини ташкил этишда, энг аввало, туристлар жойлаштириладиган жойларда, овқатланиш пунктларида, республика ҳудуди бўйлаб ҳаракатланишда ва туризм объектларига ташрифларни уюштиришда туристларнинг хавфсизлиги ва соғлиғини таъминлашга йўналтирилган туризм хизматлари кўрсатиш сифати ва хавфсизлиги стандартлари ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириш, туризм соҳасида хизматларни лицензиялаш ва сертификатлаштириш ҳамда лицензияланадиган ва сертификатлаштириладиган туризм хизматларининг белгиланган талаблар ва стандартларга мувофиқлиги бўйича инспекция назоратини амалга ошириш;
туризм соҳасини давлат томонидан ва бозор муносабатлари асосида тартибга солишни мақбуллаштириш ва туризм хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш, туризмни ривожлантиришга қаршилик қилаётган барча ғов ва тўсиқларни бартараф этишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, ушбу соҳага ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий этиш;
туризм фаолияти соҳасида биринчи навбатда БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар ҳамда туризм соҳасида фаолиятни амалга оширувчи хорижий компаниялар билан халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ва нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш;
туризм фаолияти субъектлари ходимларини мунтазам равишда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни юқори сифат даражасида ташкил этиш, тармоқ туризм фанларини ривожлантиришга кўмаклашиш.
2. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси барча мажбуриятлар ва шартномалар, шу жумладан халқаро мажбуриятлар ва шартномалар бўйича «Ўзбектуризм» Миллий компаниясининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади, меҳнат шартномалари бундан мустасно.
3. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тузилмасида мустақил бўлинмалар сифатида:
тугатилаётган «Ўзбектуризм» Миллий компанияси ҳузуридаги «Буюк ипак йўли» реклама агентлиги» давлат унитар корхонаси негизида «Миллий туризм маҳсулотларини тарғибот қилиш маркази» давлат унитар корхонаси;
«Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» унитар корхонаси негизида «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» давлат унитар корхонаси;
«Диспетчерлаштириш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш марказий бошқармаси» давлат корхонаси негизида «Диспетчерлаштириш ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш маркази» давлат унитар корхонаси;
«Республика илмий-ўқув консалтинг маркази» давлат корхонаси негизида «Туризм соҳасида кадрлар малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш Республика маркази» давлат унитар корхонаси ташкил этилсин.
4. Қуйидагилар:
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ташкилий тузилмаси 1-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг бошқарув ходимлари чекланган сони 43 нафар бўлган марказий аппарати тузилмаси 2-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Бухоро, Хоразм ва Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармаларининг намунавий тузилмаси 3-иловага* мувофиқ;
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тўғрисидаги Низом 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.
* 1 — 4-иловалар рус тилидаги матнда берилган.
Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисига, зарур ҳолларда, ходимларнинг штатдаги белгиланган умумий сони доирасида Қўмита марказий аппарати ва ҳудудий бошқармалар тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқи берилсин.
5. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳудудий бошқармаларининг раҳбарлари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, тегишли вилоятлар ҳокимларининг тақдимномасига биноан Қўмита раиси томонидан лавозимга тайинланади.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети, Қўмита ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолиятини молиялаштириш манбалари этиб белгилансин.
«Ўзбектуризм» Миллий компанияси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризмни ривожлантириш жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги бюджетдан ташқари Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига айлантирилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Қўмита ваколатларига мувофиқ судларга бериладиган даъволар ва аризалар бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек тумани, Истиқлол кўчаси, 47-уйда жойлаштирилсин.
9. Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасини зарур алоқа воситалари, шу жумладан ҳукумат алоқа воситалари билан таъминлашга белгиланган тартибда кўмаклашсин.
10. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р.С. Азимов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 2 декабрь,
ПҚ-2666-сон

Манбаа: lex.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ТУРИЗМНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ДАВЛАТ ҚЎМИТАСИ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.