ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СПОРТНИНГ ГИМНАСТИКА ТУРЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш, гимнаст-спортчиларнинг маҳорат ва малака даражасини муттасил ошириб бориш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, республика аҳолисининг кенг қатламлари, айниқса ёшлар ва қизлар ўртасида спортнинг гимнастика турларини фаол тарғиб этиш ҳамда оммалаштириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг:
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Бадиий гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактаби номини Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Гимнастика бўйича ихтисослаштирилган республика болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактаби деб ўзгартириш;
Ўзбекистон Гимнастика федерацияси ҳузурида Спортнинг гимнастика турлари бўйича мураббийлар ва ҳакамлар республика мактабини ташкил этиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ҳузуридаги Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактабининг янгиланган тузилмаси 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактабида — 7 ёшдан 12 ёшгача бўлган таълим олувчи ўқувчи-спортчиларнинг умумий контингенти 60 нафарни ташкил этгани ҳолда, ўқиш муддати 5 йил бўлиб, ҳар йили 12 нафар иқтидорли ўқувчи-спортчилар қабул қилиниши белгилаб қўйилсин.
4. Қуйидагилар Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактабининг асосий вазифалари этиб белгилансин:
бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин билан шуғулланиш учун зарур спорт маҳоратига эга истеъдодли ва истиқболли болаларни пухта танлаб олиш, улар танлаган спорт турида уларнинг қобилиятлари, спортдаги салоҳияти, касбий кўникмалари ва маҳоратини ривожлантириш;
бадиий гимнастика, спорт гимнастикаси ва трамполин соҳасида энг янги илмий-методик тавсия ҳамда ютуқлар асосида республиканинг терма жамоалари учун спорт захираси ва юқори даражали спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машғулот жараёнини самарали ташкил этиш ва амалга ошириш;
юқори даражали спортчиларни тайёрлаш бўйича ўқув-машғулот жараёнини ташкил этиш учун зарур бўлган замонавий моддий-техник базани яратиш ва малакали ҳакамлар таркибини шакллантириш;
спортчилар ва ҳакамлар таркибининг касбий маҳоратини ошириш соҳасида мунтазам асосда тажриба алмашишни ташкил этиш орқали хорижий гимнастика мактаблари, академиялари ва клублари билан ҳамкорликни ривожлантириш.
5. Белгилансинки, Спортнинг гимнастика турлари бўйича мураббийлар ва ҳакамлар республика мактаби:
нодавлат спорт ўқув-методик таълим муассасаси ҳисобланади;
таълим жараёнида Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтининг кадрлар, илмий-методик ва ресурс салоҳияти, шунингдек спортчиларни тайёрлашнинг такомиллаштирилган методикасидан максимал равишда фойдаланади;
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Ўзбекистон Гимнастика федерациясининг ҳудудий бўлинмалари, спортнинг гимнастика турларини оммалаштираётган спорт мактаблари, шунингдек профессионал спорт клубларининг буюртмаларига кўра спортнинг гимнастика турлари бўйича мураббийлар ва ҳакамларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек уларни ўқитишни амалга оширади.
6. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда спортнинг гимнастика турларини янада ривожлантириш ҳамда Гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактаби фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорни пухта ишлаб чиқсин ва қабул қилсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Бадиий гимнастика бўйича республика ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар олимпия захираси спорт мактабини ташкил этиш тўғрисида» 2011 йил 27 августдаги ПҚ-1608-сонли қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритилсин.
8. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарлари А. Икрамов ва У. Розуқулов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2016 йил 7 ноябрь,
ПҚ-2654-сон

Манбаа: lex.uz

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА СПОРТНИНГ ГИМНАСТИКА ТУРЛАРИНИ ЯНАДА РИВОЖЛАНТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА was last modified: Февраль 6th, 2017 by admin

Шарҳлар ёпилган.