2017 — 2020 ЙИЛЛАРДА ШАҲАРЛАРДА АРЗОН КЎП КВАРТИРАЛИ УЙЛАРНИ ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИШ ДАСТУРИНИ САМАРАЛИ АМАЛГА ОШИРИШ БОРАСИДАГИ ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Республика шаҳарларида яшаётган аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини янада оширишга йўналтирилган арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш борасидаги тадбирларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Молия вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ипотека банк» АТИБ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ ва «Ўзбекинвест» миллий суғурта компаниясининг:
устав капитали 1,0 миллиард сўм миқдорида бўлган масъулияти чекланган жамият шаклидаги «Ўзшаҳар қурилиш инвест» республика ихтисослаштирилган инжиниринг компаниясини (кейинги ўринларда — «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК деб юритилади) ташкил этиш тўғрисидаги;
1-иловага* мувофиқ, компаниянинг устав жамғармасида ўз улуши билан иштирок этувчи Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ипотека банк» АТИБ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ ва «Ўзбекинвест» МСКни «Ўзшаҳар қурилиш инвест» инжиниринг компаниясининг муассислари этиб белгилаш тўғрисидаги;
* 1-илова рус тилидаги матнда берилган.
«Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК зиммасига арзон кўп квартирали уйларни тўлиқ тайёр ҳолда фойдаланишга топшириш шарти билан қуриш ва реконструкция қилиш бўйича шартнома асосида буюртмачи функцияларини, шу жумладан молиялаштиришни ташкил қилиш ва қурилишнинг бориши устидан техник назоратни амалга ошириш, кейинчалик қурилган арзон кўп квартирали уйларни бериладиган имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобига аҳолига сотиш учун «Ипотека банк» АТИБга топшириш вазифасини юклаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, «Ипотека банк» АТИБ, «Ўзметкомбинат» АЖ, «Қизилқумцемент» АЖ ва «Ўзбекинвест» МСК:
икки ҳафта муддатда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИКнинг Уставини ишлаб чиқиб, тасдиқласинлар, шунингдек уни белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминласинлар;
бир ой муддатда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИКнинг устав капиталини шакллантирсинлар, унинг фаолияти самарали ташкил этилишини таъминлаш ва компаниянинг зарур моддий-техника базасини яратиш, шунингдек кейинчалик уни малакали мутахассислар билан тўлдириш юзасидан амалий чораларни кўрсинлар.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликларининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Инвестиция дастурлари қурилиши департаменти» ДУК «Ипотека банк» АТИБ билан биргаликда «Ўзшаҳар қурилиш инвест» ИК давлат рўйхатига олинган пайтдан бошлаб икки ҳафта муддатда белгиланган тартибда кредитлар қайта расмийлаштирилишини амалга оширсинлар, арзон кўп квартирали уйларни молиялаштириш бўйича ҳужжатлар, шунингдек бундай уйларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича лойиҳа ва лойиҳадан олдинги ҳужжатларни унга топширсинлар.
4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017 — 2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш Дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» 2016 йил 22 ноябрдаги ПҚ-2660-сонли қарорига 2-иловага мувофиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин.
6. Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлиги билан, шунингдек бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
7. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари — «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти бошқарувининг раиси А.Ж. Раматов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. МИРЗИЁЕВ

Тошкент ш.,
2017 йил 13 январь,
ПҚ-2728-сон

Манбаа: lex.uz

Шарҳлар ёпилган.