СТОМАТОЛОГИЯ СОҲАСИДА ТИББИЁТ КАДРЛАРИ ТАЙЁРЛАШНИ ЯНАДА ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

Стоматология соҳасида юқори малакали тиббиёт кадрлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш, бўлажак стоматолог-мутахассисларни назарий тайёрлаш сифатини ошириш ҳамда улар томонидан амалий кўникмаларни эгаллаши мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлигининг Тошкент давлат стоматология институтининг Андижон, Бухоро, Самарқанд, ва Нукус филиалларини тугатиш ҳамда уларнинг негизида Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида тегишли равишда стоматология факультетларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2016 йилнинг 1 декабргача бўлган муддатда белгиланган тартибда:
Тошкент давлат стоматология институтининг филиалларини тугатиш ва уларнинг негизида Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалида стоматология факультетларини ташкил этиш чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш;
тугатилаётган Тошкент давлат стоматология институтининг филиалларида ўқиётган талабалар контингентини тегишли равишда Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали стоматология факультетларига ўтказилишини ҳамда улар таълим олаётган, давлат грантлари ёки тўлов-шартномалари асосида ўқиш шакллари сақлаб қолинишини;
Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали стоматология факультетларини тугатилаётган Тошкент давлат стоматология институти филиалларининг ходимлари ҳисобидан малакали педагог ва бошқа кадрлар билан бутланишини;
тугатилаётган Тошкент давлат стоматология институти филиалларининг бинолари, иншоотлари, ускуналари, анжомлари, ўқув ва методик адабиётлар, ҳужжатлар, бошқа мулк ва активлари тегишли равишда Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиалига ўтказилишини;
Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институти Нукус филиалининг 2016 йилги штат жадвали ва харажатлар сметасига тегишли ўзгартиришлар киритилишини таъминласин.
3. Белгилансинки, Андижон, Бухоро, Самарқанд тиббиёт институтлари ва Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг Нукус филиали тугатилаётган Тошкент давлат стоматология институтининг Андижон, Бухоро, Самарқанд, ва Нукус филиалларининг ҳуқуқлари, шартномалар ва мажбуриятлари бўйича тегишли равишда ҳуқуқий вориси ҳисобланади.
4. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
стоматология факультетларининг ўқитувчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини мунтазам ошириб боришни;
замонавий педагогик технологиялар асосида, ахборот ва мультимедия ускуналаридан фойдаланган ҳолда стоматология бўйича ўқув жараёнини самарали ташкил этишни;
стоматология, жағ-юз жарроҳлиги соҳаси ва бошқа тегишли йўналишларда илмий-амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни амалга оширишни таъминлаш.
5. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Андижон, Бухоро ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари билан биргаликда тугатилаётган Тошкент давлат стоматология институти филиалларининг ишдан озод этилган ходимларини ишга жойлаштириш бўйича белгиланган тартибда чоралар кўрсинлар.
6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлигининг асосланган ҳисоб-китоблари бўйича ушбу қарордан келиб чиқадиган Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг тасдиқланган ажратилган харажатларига тегишли ўзгартиришлар киритсин.
7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисидаги» 2014 йил 22 июлдаги ПҚ-2215-сонли қарорига иловага мувофиқ ўзгартиришлар киритсин.
8. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Адлия вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
9. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Р. Азимов ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А. Икрамов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Ш. МИРЗИЁЕВ
Тошкент ш.,
2016 йил 21 ноябрь,
ПҚ-2659-сон

Манбаа: lex.uz

Шарҳлар ёпилган.