Инсон ҳуқуқлари муҳофазаси фаровонликка хизмат қилади

12.10.2020 20:10:34

 “Адолат” СДП Тошкент вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Суд-хуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар - қонун устуворлиги гарови” мавзусидаги видеоконференция ўтказилди.

Видеоконференцияда вилоят Кенгаши ходимлари, туман (шаҳар) Кенгаши раислари ва маҳаллий  Кенгаш депутатлари иштирок этишди.

Тадбирни партиянинг вилоят Кенгаши раиси У. Шоумаров кириш сўз билан очди ва олиб борди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.

Йиғилишда Ўзбекистон “Адолат” СДП сайловолди дастурида ҳам суд тизимини комплекс ривожлантириш, судларнинг мавқеини ошириш, судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, адолатли жамият қуриш бўйича муҳим вазифалар белгиланиб олинганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган оқилона ислоҳотларда Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг фаол иштирокини таъминлаш, маҳаллий кенгаш депутатлари фаоллигини ошириш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришда партия фаоллари олдидаги долзарб вазифаларни белгилаб олишга қаратилган масалалар илгари сурилди.

Тадбир давомида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ амалда жорий этилаётган чора-тадбирлар, хусусан, судлар тўғрисида, прокуратура тўғрисида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида, судларни жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар бўйича ихтисослаштирилиши муносабати билан боғлиқ бўлган устувор  масалалар муҳокамалар марказида бўлди.

Айтиш жоизки, кейинги йилларда амалга оширилаётган шу каби инсонпарвар ислоҳотлар натижасида одамларнинг суд тизимига бўлган ишончи ортиб бормоқда. Буни судларга бўлган мурожаатларнинг кўпайиб бораётганида ҳамда судлар томонидан қабул қилинаётган оқлов хукмлари, фуқаролар, тадбиркорлар фойдасига қабул қилинган суд қарорлари сонининг ортиб бораётганида ҳам кўриш мумкин. Натижада, халқ судни фақат одамларни қоралайдиган, жазолайдиган орган, деб эмас, аксинча, уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қиладиган орган, ўзларининг ҳимоячиси, адолат посбони, деб қарай бошлади. Бундай ишончни янада мустаҳкамлаш учун судлар қонундан оғишмай иш тутишлари, фуқароларнинг манфаатларини муҳофаза этиб, уларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаб, бу йўлдан собитқадамлик билан қатъий боришлари ва шу асосда халқнинг ишончини қозонишлари зарур бўлади.

Президентимиз айтганидек, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш биз барпо этаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир.

Семинарда сўзга чиққанлар эътироф этганидек,  суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, суднинг нуфузини ошириш, суд тизимини демократлаштириш ва такомиллаштиришга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Умид Сулаймонов, Ўзбекистон “Адолат” СДП  Республика “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси:

 

 -Партиямиз учун қонунчилик ва суд-ҳуқуқ соҳаси доимо муҳим аҳамият касб этиб келган. Хусусан, партиямиз давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида “Адолат – қонун устуворлигида”, “Қонун устувор бўлган жойда адолат бўлади”, “Куч – адолатда” каби ғояларни ҳаётга кенг жорий этиш, қонун устуворлигини таъминлаш – инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг ижтимоий ҳимояси амалда таъминланадиган ҳуқуқий давлат, халқчил, адолатли, эркин жамият, фаровон ҳаёт барпо этишнинг гарови, деб билади.

Биз “кучли ва адолатли суд ҳокимияти бўлган жойда қонун ва адолат тамойиллари устувор”, деб ҳисоблаймиз. Шу мақсадда партиямиз суд ҳокимиятининг мустақиллигини, судлар томонидан қабул қилинадиган қарорларнинг барқарорлигини, фаолиятининг очиқлиги ва холислигини таъминлаш, судьяларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш жараёнларини янада такомиллаштириш, одил судловнинг нуфузини ошириш, суд ва судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, энг муҳими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштиришга қаратилган чора-тадбирларни таклиф этиб келмоқда. Ушбу таклифларнинг аксарияти бугунги кунга келиб Президентимизнинг соҳага доир қарор ва фармонларида ва парламентимиз томонидан қабул қилинган қонунларда ҳамда амалиётда ўз ифодасини топаётгани бизни қувонтиради.

Дарҳақиқат, бугунги кунда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ушбу тизим фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришга, эл-юртимизнинг одил судловга бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга қаратилгани билан айниқса муҳим аҳамиятга эгадир. Зеро, одил судлов борасида давлатимиз раҳбарининг нутқи ва фармонларида кўзда тутилган олижаноб мақсад ва муддаолар ҳам шундан иборат.

Самимий мулоқот савол-жавобларга бой ўтди. Иштирокчиларга кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+