Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида

22.12.2020 10:12:24

Ўзбекистон Республикаси Президентининг
қ а р о р и

Почта алоқаси тизими бугунги кунда мамлакат ҳудудларида хат ва почта жўнатмалари билан бир қаторда товарларни етказиб бериш, банк, молия ва давлат хизматларини кўрсатиш бўйича ўз инфратузилмасига эга бўлган муҳим соҳа ҳисобланади.

“Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти мамлакатимизнинг почта алоқаси миллий оператори сифатида республика миқёсида
2 мингга яқин почта алоқаси объектига эга бўлиб, барча аҳоли пунктларини қамраб олган.

Шу билан бирга, Миллий оператор тармоғини ривожлантириш
бўйича етарлича чоралар кўрилмаганлиги оқибатида Умумжаҳон почта иттифоқининг Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида Ўзбекистон 93-ўринда қолмоқда.

Почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини тубдан такомиллаштириш, соҳага замонавий технологияларни жорий этиш, почта алоқаси хизматларини тақдим этиш фаолиятини тўлиқ автоматлаштириш орқали Почта ривожланиши индекси глобал рейтингида мамлакатимизни биринчи 50 таликка киритиш мақсадида:

1. Қуйидагилар почта алоқаси хизматларини кўрсатиш тизимини такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

а) хат-хабар ташиш ва курьерлик хизматларини ривожлантириш бўйича:

почта ва курьерлик хизматларини тақдим этиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган маҳаллий ва хорижий компаниялар билан ҳамкорликда “якуний манзил” хизматини жорий этиш;

почта алоқасининг анъанавий хизматларини такомиллаштириш, уларни рақамлаштириш, жўнатмаларни қабул қилиш, кузатиб бориш ва етказиш жараёнларига ахборот технологиялари ва тизимларини жорий этиш орқали аҳоли, бизнес ва давлат идораларига замонавий хизматларни тақдим этиш;

“Гибрид почта” жўнатмаларини қабул қилиш ва етказиб бериш хизматлари сонини 2 баробарга ошириш;

б) электрон тижорат бозоридаги фаолиятни ривожлантириш бўйича:

маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини онлайн сотиш ва мижозларга етказиб бериш имкониятини берувчи электрон савдо майдончаси ахборот тизимини яратиш;

логистика марказларини ташкил этиш, товарларни сақлаш ва етказиб беришни ўз ичига олган хизматларни йўлга қўйиш ва ривожлантириш;

в) хизматлар бозоридаги почта алоқаси фаолиятини ривожлантириш бўйича:

почта алоқаси объектлари орқали тўловларни онлайн режимда қабул қилиш автоматлаштирилган тизимини модернизациялаш ва унинг мобиль иловасини ишлаб чиқиш;

республиканинг камида 1 000 та почта бўлимида, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда молиявий хизматлар турларини, хусусан, аҳолидан тўловлар қабул қилишни икки баробарга кенгайтириш ҳамда аутсорсинг асосида банк хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш;

олис ва чекка ҳудудлардаги почта бўлимида давлат хизматлари кўрсатилишини йўлга қўйиш;

почта алоқаси соҳасида жорий этилаётган янги хизмат турларини инобатга олган ҳолда Миллий оператор тизимида фаолият юритувчи кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш.

2. Қуйидагилар:

2021–2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси соҳасини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси”1-иловага мувофиқ;

2021–2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида почта алоқаси соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли кўрсаткичлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қуйидагиларни инобатга олувчи 2021 йилда 42 та намунавий туманларда (шаҳарларда) почта алоқаси корхоналарини трансформация қилиш лойиҳаларини кўзда тутувчи “Йўл харита”ларини 3–16-иловаларга мувофиқ амалга ошириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин:

а) почта биноларини қайта қуриш ва таъмирлаш ҳамда улардан унумли фойдаланиш бўйича:

267 та почта алоқаси бўлими биносини таъмирлаш;

110 та бинони давлат-хусусий шериклик асосида замонавий кўринишда қайта қуриш бўйича келишувга эришиш;

б) телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш
ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича:

326 та почта алоқаси бўлимигача 754 км оптик толали алоқа линияларини тортиш;

250 та почта алоқаси бўлимини замонавий компьютер техникаси ва мобиль қурилмалар билан таъминлаш;

в) почта алоқаси боғламасининг молиявий ва иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда почта хизматларини кўрсатиш бўйича:

42 та туман почта алоқаси боғламасида “Гибрид почта” жўнатмаларини чоп этиш ва унга ишлов берган ҳолда олувчиларга етказиб беришни йўлга қўйиш;

230 та почта алоқаси бўлимида банк хизматлари кўрсатишни йўлга қўйиш;

55 та қўшимча почта алоқаси бўлимини очиш ҳисобидан 145 та янги иш ўрни яратиш.

4. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш.М.Садиков) ҳамда Миллий оператор (А.Н.Файзуллаев):

2021 йил 1 февралга қадар онлайн савдо майдончасини ишга тушириб, маҳсулотларни республика бўйича, айниқса, олис ва чекка ҳудудларда савдога олиб чиқиш, Миллий оператор тармоқларидан фойдаланиб, сотилган маҳсулотларни манзилларга етказиб бериш тизимини жорий этсин;

АТ “Алоқабанк” (К.Н.Ирисбекова) билан биргаликда 2021 йил
1 мартга қадар почта алоқасининг анъанавий ва жорий этилаётган янги хизматлари бўйича малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда, ўқув марказини ташкил қилсин ҳамда 2021 йил якунига қадар 2 000 та2022 йилда барча ходимларнинг малакаси оширилишини таъминласин;

2021 йил 1 апрелга қадар Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларида биттадан почта алоқаси объектида мижозлар номига келган почта жўнатмаларини олиш
учун мўлжалланган ўз-ўзига хизмат кўрсатувчи автоматлаштирилган комплексларни (почтамат) жорий этиш бўйича синов/намунавий лойиҳаларни амалга оширсин ва 2021 йил якунига қадар яна 150 та объектда ушбу хизматни жорий этиш чораларини кўрсин;

2021 йил 1 июлга қадар почта жўнатмаларини қабул қилиш, саралаш ва онлайн кузатиш имконини берувчи автоматлашган
тизимни ишга туширсин ҳамда маҳаллий ва хорижий курьерлик компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда уларнинг тизимларига интеграция қилсин;

2021 йил 1 майга қадар тижорат банклари билан биргаликда банк пластик карталарига почта алоқаси бўлимлари орқали тўлиқ хизмат кўрсатиш (карталарни маблағ билан тўлдириш, нақд пул ечиш, жисмоний шахсларни идентификация қилиш) тизимини жорий этсин;

2021 йил 1 июлга қадар почта тармоқлари орқали аутсорсинг асосида тижорат банклари номидан жисмоний шахсларга кредит бериш тўғрисида аризаларни қабул қилиш, кредитларни сўндириш бўйича тўловларни қабул қилиш, юридик шахслар кунлик савдо тушумини қабул қилиш каби банк хизматлари кўрсатишни жорий қилишни таъминласин;

2021 йил якунига қадар интернет-дўконлари товарларини сақлаш ва етказиб бериш хизматларини ўз ичига олган 4 та логистика марказини ташкил этсин.

5. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат активларини бошқариш агентлиги, Молия вазирлиги, тижорат банкларининг “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамиятининг 100 миллиард сўм миқдордаги оддий акцияларини қўшимча чиқариш ҳамда мазкур акцияларни 17-иловада келтирилган корхона ва ташкилотлар орасида жойлаштириш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

2020–2024 йиллар якунига кўра Миллий оператор устав капиталидаги давлат улуши бўйича ҳисобланган дивидендлар почта алоқаси тармоғини ривожлантириш, ахборот тизимларини жорий этиш ва кўрсатилаётган хизматларни кенгайтириш учун устав капиталини ошириш (капитализация қилиш) шарти билан Миллий оператор ихтиёрида қолдирилсин.

6. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Миллий оператор Адлия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 апрелдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда жойлашган почта алоқаси объектларида камида 13 та турдаги давлат хизмати аутсорсинг асосида ташкил этилишини таъминласин.

Бунда, почта алоқаси хизмати ҳақи кўрсатилган давлат хизматлари учун тўланадиган давлат божлари, йиғимлари ва барча турдаги тўловлар суммасининг 10 фоизи миқдорида белгиланади ва Давлат хизматлари агентлиги томонидан маблағларнинг ўзига йўналтириладиган қисми ҳисобидан тўлаб берилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 майдаги “Экспорт фаолиятини молиялаштириш ва суғурта ҳимояси механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги ПҚ–4337-сон ҳамда 2020 йил 7 майдаги “Экспорт фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–4707-сон қарорларига мувофиқ жорий этилган маҳсулотларни экспорт қилишда автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспортида ташиш харажатларини 50 фоизгача миқдорида компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш механизми маҳсулотларни экспорт қилишда почта жўнатмалари орқали ташиш харажатларига ҳам татбиқ этилсин.

Экспорт ва инвестицияларни ривожлантириш масалалари бўйича Ҳукумат комиссияси (С.У.Умурзаков) бир ой муддатда маҳаллий экспорт қилувчи корхоналар (уларнинг ваколатли вакиллари)га маҳсулотларни экспорт қилишда почта жўнатмалари орқали ташиш харажатларини қисман компенсация қилишга субсидиялар тақдим этиш шартлари, миқдорлари ва тартибини тасдиқласин.

8. Миллий оператор 2022 йил якунига қадар ушбу қарор билан белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур бўлган, республикада ишлаб чиқарилмайдиган автомототранспорт воситалари, ускуналар, қурилмалар, моддий-техника ресурслари, дастурий таъминот ва хизматларни импорт қилишда божхона тўловларидан (қўшилган қиймат солиғи ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод қилинсин.

9. Мазкур қарорда белгиланган чора-тадбирларнинг сифатли
ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ва мониторинг қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Бош вазир маслаҳатчиси – IТ-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи О.М.Умаров – мазкур қарорда белгиланган вазифалар ва чора-тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши устидан тизимли назоратни ташкил этади;

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков – почта алоқаси тизимини ривожлантириш масалалари бўйича оператор ва провайдерларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради, фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилади, шунингдек, ҳар ойда ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 15-санасига қадар ушбу қарор билан тасдиқланган “Йўл харита”лари ижроси тўғрисида умумлашган таҳлилий маълумотларни Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимлари – аҳоли гавжум жойларда устувор равишда почта алоқаси хизматларини кўрсатиш объектлари учун ер ажратиш, почта биноларидан самарали фойдаланиш, уларни замонавий архитектура ва шаҳарсозлик талабларига мослаштиришни таъминлайди, шунингдек, ташкил этилаётган онлайн савдо майдончасига маҳаллий маҳсулотларни жойлаштириш ишларига тадбиркорларни кенг жалб қилади;

“Ўзбекистон почтаси” АЖ Бош директори в.б. А.Н.Файзуллаев – қарор билан тасдиқланган “Йўл харита”ларида “Ўзбекистон почтаси” АЖ олдига қўйилган вазифалар ҳамда чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлайди.

10. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

11. Мазкур қарорнинг ижросини самарали ташкил этишга масъул ҳамда шахсий жавобгар этиб Бош вазир маслаҳатчиси О.М.Умаров ва ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.М.Садиков белгилансин.

Қарор ижросини ҳар чоракда муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси

          Президенти                                                                     Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 14 декабрь

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+