200 га яқин аҳоли тиббий кўрикдан ўтказилди

18.12.2020 13:12:27

Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институти ҳамкоригида пойтахтимизнинг «Юртобод» ҳамда «Шоштепа» маҳаллалари аҳолиси учун бепул тиббий кўрик ташкил қилинди. «Юртобод» маҳалла идорасида ўтказилган тиббиёт институтининг малакали шифокорлари жалб этилган мазкур тиббий кўрикда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия вакиллари, институт ўқитувчи ва талабаларидан таркиб топган кўнгиллилар ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этишди.

Таъкидлаш керакки, Covid-19 вируси, айниқса, кекса ёшдагилар соғлигига жиддий хавф солиши ҳақидаги маълумотлар кун тартибига чиқиб турган бир вақтда соғлиқни сақлаш соҳасига янада эътиборни кучайтириш бўйича давлатимиз тарафидан аниқ чора-тадбирлар белгиланди. Бугунги кунда ҳам огоҳликни бир зум йўқотмаган ҳолда ушбу амалий ҳаракатларнинг бажарилиши узвий давом эттирилмоқда. Хусусан, юқоридаги каби тиббий кўрикларнинг бепул ташкил этилиши аҳоли учун ҳар томонлама қулайликларни юзага келтиради. Терапевт, невролог, отолоринголог каби юқори малакали мутахассис шифокорлар мазкур тиббий кўрикда кун давомида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган жами 200 га яқин талабгор беморларни тиббий кўрикдан ўтказдилар. Тиббий кўрик вақтида ультратовушли тиббиёт ускунаси ёрдамидан ҳам унумли фойдаланилди. Барча аниқланган кўрсаткичлар бўйича аниқ ташхислар қўйилиб, муолажалар белгиланди.

Шунингдек, шифокорлар оғир бўлиб ётиб қолган беморлар хонадонларига ҳам ташриф буюришди. Текширувлар жараёнида аниқланган жиддий касалликлар бўйича беморларга бепул йўлланмалар ташкил қилинадиган бўлди.   

 “Адолат” СДП Тошкент шаҳар Кенгаши Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+