26 минг 35 та сўз...

09.02.2021 13:02:57

“Адолат” социал-демократик партияси Паркент тумани Кенгаши ташаббуси билан туманнинг маданият бўлими билан ҳамкорликда 5-сонли ихтисослашган давлат умумтаълим мактабида буюк мутафаккир, шеърият мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда  шоир, саркарда, тарихчи ва шоҳ Захириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ана шундай номланди.

Унда туман маданият бўлими ходимлари, партиянинг “Аёллар қаноти”, “Ёш адолатчилар” қаноти  Кенгашлари, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзолари, навоийшунос олимлар,  таниқли  шоирлар,  ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар, ОАВ ходимлари иштирок этди.

Тадбирда сўз олганлар, бу икки улуғ шахснинг ҳаёти ва ижоди, асарларининг ёш авлод тарбиясида тутган ўрни ҳақида атрофлича гапирдилар.  

Таъкидланганидек, бугунги глобаллашув даврида улуғ аждодларимиз яратган нафис ва нодир асарлар қадр-қиммати тобора ошиб бораётгани дунё олимларида катта қизиқиш уйғотмоқда. Илмий тадқиқотчилар Навоий ва Бобурнинг гўзал назм гавҳарларига қайта-қайта мурожаат этиб, уларнинг янги-янги қирраларини кашф этаётир.

Шу ўринда айтиш жоизки,  руснинг буюк шоири Пушкин ўз асарларида 21 минг  197 та сўз, инглизларнинг фахри Шекспир салкам 20 минг та сўз, испан адабиётининг даҳоси Сервантес 18 000 тага яқин сўз, Мир Алишер Навоий ҳазратлари  эса 26 минг 35 та сўз ишлатган.

Адабиёт ва санъат шахсни комилликка етаклаб, маънавиятини бойитишда муҳим ўрин тутади, – дейди Халқ депутатлари Паркент тумани Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатчи аёллар клуби” аъзоси Мавлуда Бердиқулов. – Давлатимиз раҳбарининг буюк аллома, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашга куюнчаклик билан ёндашаётганида чуқур маъно, эзгу мақсад мужассам. Бугунги тадбир ана шу вазифаларга хизмат қилиши шубҳасиз.

Тадбир доирасида Навоий ва Бобур қаламига мансуб ғазаллар, мумтоз куй-қўшиқлар ҳамда саҳнавий кўринишлар кечага ўзгача безак бўлди. Буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодига оид кўргазмалар ташкил этилди. Асарларидан намуналар ўзбек ва инглиз тилларида ўқилди.

Партиянинг Бўстонлиқ тумани Кенгаши ташаббуси билан туман ахборот-кутубхона марказида “Сўз гавҳарининг буюк соҳиби” мавзусида ташкил этилган адабий-мусиқий тадбирда буюк шоир қаламига мансуб ғазал, рубоий ва ҳикматли сўзлар ёш китобхонлар тилидан  янгради.

Фаол ўқувчиларга  партия томонидан эсдалик совғалари топширилди. 

 

Фотима САТТАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши

матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+