29 йиллик муаммолар ечимига дастлабки қадам

07.02.2020 17:02:12

Жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, фуқаролар учун муносиб меҳнат шароитини яратиб бериш ҳар бир халқ вакили бўлган депутатларнинг энг асосий вазифаси саналади.

Ўтган йили мамалакатимизда бўлиб ўтган “Янги Ўзбекистон — янги сайловлар” шиори остидаги сайловлар жараёни олдинги сайлов тизимидан тубдан фарқ қилганлиги билан ажралиб турганлиги ҳеч кимга сир эмас. Буни биргина сайловчилар ишончи натижасида халқ вакили сифатида сайланган депутатларнинг ўзларига билдирилган ишончнинг дастлабки кунидан фуқаролар дарду ташвишлари билан банд бўлишларидан ҳам билиб олиш мумкин.

Жорий йилнинг 5 февраль куни Ўзбекистон “Адолат” СДП Арнасой туман кенгаши томонидан ташкил этилган ишчи гуруҳи билан биргаликда тумандаги “Бобур” МФЙ ҳудудидаги “Ўрикли” кўчаси аҳолиси билан юзма-юз мулоқот ўтказдик. Мулоқотлар жараёнида аҳоли томонидан ички йўлларнинг оғир ҳолати, ичимлик суви ва электр тармоғидаги муаммолари йиллар давомида йиғилиб қолиши натижасида ўта оғир ҳолатга келиб қолганлиги юзасидан билдирган мурожаатлари ишчи гуруҳи эътиборини тортди. Мени эътиборимни тортган нарса эса, ўрганиш жараёнида муаммоли ҳолатларни расмга туширишимдаги билдирилган фикр бўлди. “Яна ҳисоботлари учун расмга тушириб кетишга келишибди” деди фуқаро Камолова Улуғ ая.

Фуқароларга бундай салбий фикр билдиришлари хато эканлигини, менга билдирилган ишончни доимий равишда оқлашимни таъкидлаганимда, рости, фуқаролар кўзидаги ишончсизлик мени яна бир бор хайратда қолдирди.

Бундай ишончсизлик “Ўрикли” кўчасидаги аҳоли муаммоларини ўрганиш жараёнида ҳам кузатилди. Чунки юқорида билдирилган ички йўлларнинг оғир ҳолати, ичимлик суви ва электр тармоғидаги муаммолар чиндан ҳам 29 йил давомида тўлақонли йиғилиб қолган муаммолар эди. Ақалли бирор муаммонинг бир қисми бўлса ҳам ўтган йиллар давомида ижобий ҳал этилмаган. Аммо аҳоли томонидан тинимсиз равишда тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келинган.

-Неча йилдирки, фарзандларимиз шу лой ва чанг кўчалардан мактабга қатнашади. Энг ёмони қиш ва баҳор фаслида фарзандларимиз маҳалла бошига чиққунича сув ва лой кечишига тўғри келмоқда. Натижада оёқ кийимлари нам бўлиб, кун давомида нам оёқ кийим билан дарсда қатнашиб, тез-тез шамолаб қоляпти, дейди — фуқаро Қурбонова Назокат.

Юқоридаги муаммоларнинг ижобий ежими юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилди. Ҳозирда тумандаги мазкур муаммоларнинг тизимли ечими бўйича тегишли ташкилотлар ҳисоботини эшитиш ҳамда туман Кенгаши сессияси кун тартибига масала киритиш борасидаги ишлар амалга оширилмоқда.

Шу ўринда бир савол туғилади. Йиллар давомида мазкур ҳудуддан депутатликка сайланган халқ вакиллари наҳот 5 йиллик фаолияти давомида ўз сайловчиларини тинглашни исташмаган? Ё бўлмаса, сайловчилар дардини тинглаб, тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари чиқарилса-да мутасадди ташкилотлар томонидан мазкур муаммоларга панжа ортидан қаралганмикин? Умуман олганда, қачонгача ҳар бир мутасадди раҳбарларнинг халқимиз олдидаги хизмат вазифасини бажаришларини депутатлар ёдига солиб туриши керак? Ахир депутатлик мақомига эга бўлмаса-да “Ўрикли” кўчаси аҳолиси йиллар давомида ўзларининг қонуний ҳуқуқлари юзасидан тегишли ташкилотларга мурожаат қилиб келишган-ку.

Хулоса ўрнида, барча сайловчилардан воқеаларнинг кейинги ҳолатини ҳам синчковлик билан кузатишларини сўраб қоламан.

Фарруҳ АБДУҲАМИДОВ,

Халқ депутатлари

Арнасой туман Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+