426 нафар хотин-қиз иш билан таъминланди

23.07.2019 12:07:18

Беш ташаббуснинг бешинчиси ҳудудларда тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва хотин-қизлар бандлигини таъминлашга қаратилган. Шундан келиб чиқиб, Бўз туманида ушбу масалага жиддий аҳамият қаратилмоқда. Бу борада Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши фаоллари томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳсинга лойиқ. Боиси, уларнинг сайъ-ҳаракатлари билан туманда тадбиркор хотин-қизлар сафининг кенгайишига эришилмоқда. Бунинг учун энг аввало, маҳаллалар кесимида ишсиз хотин-қизлар аниқланди. Йилнинг ўтган даврида эса уларнинг 26 нафари тадбиркорга айланди. 400 нафари хусусий секторга ишга жойлаштирилиб, 14 нафар ёшлар “Устоз-шогирд” йўналишида  ҳунар ўрганишга жалб қилинди.

Шу ўринда, 3970 нафар аҳоли истиқомат қиладиган “Чорвадор” маҳалла фуқаролар йиғинида бажарилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтишни жоиз билдик. Дастлаб, бу ердаги оилаларнинг яшаш тарзи ва қизиқишлари ўрганилди. Тадбиркорлик ва томорқадан самарали фойдаланиш бўйича тавсиялар берилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури асосида, 58 та хонадонда тикувчилик ва иссиқхона ташкил этилди, 135 та иш ўрни яратилди.

– Бугун бизни “қуёнчилар”, деб аташмоқда, –дейди МФЙ мутахассиси Юлдузхон Гулматова, – Сабаби, 100 та хонадон эгалари қуёнчилик фаолиятини олиб боришмоқда. Таъминотчилар шартнома асосида клетка ва озуқа етказиб беради, технологиясини ўргатади. Эрта баҳорда бу ишни бошлаган оилалар даромадга кирди. Зотдор қуёнлар тез кўпайиб боряпти.

Севара Азизова иш масаласида МФЙ фаолларига ариза билан мурожаат қилганди. Унга оилавий тадбиркорлик билан шуғулланиш таклиф этилди. 15 миллион сўм банк кредити ҳисобига 30 та қуён парваришлаш билан бирга томорқасида кичик иссиқхона ташкил этди. Қуёнлар икки баробарга кўпайди, етиштирилган помидор ва бодрингнинг эҳтиёждан ортгани бозорда сотиляпти. Ҳисоб-китоблар ҳозирнинг ўзида 20 миллион сўм даромадни кўрсатмоқда. Муҳими, оилада икки кишининг бандлиги таъминланди.

Гулсанам Рахматова, Одинахон  Эргашева ва Дилдорахон Жўраевалар яратилган имкониятлардан фойдаланиб, маҳаллада тикувчилик мактабини яратдилар. Кредит ҳисобига тикув машиналари сотиб олиниб, ҳар бири 10 нафардан ёшлар билан фаолиятини бошлади. Уй бекалари тадбиркорларнинг кўмагидан, ишли бўлганидан хурсанд.

Жумагул Алламуродова ҳам имконияти чекланганлигига қарамай, маҳалладошларига эргашди. Вилоят ҳокими томонидан берилган тикув машинасида бозорга тайёр буюмлар олиб чиқишни ўзлаштирди. Ўтган ойда 10 та қуён ҳам сотиб олди.

“Маориф” МФЙда яшовчилар трикотаж буюмлари ишлаб чиқаришнинг ҳадисини олмоқда, – десак муболаға бўлмайди. Шу йилнинг ўзида 20 дан қиз хотин-қиз тадбиркор чеварга айланди. Моҳидилхон Садирова уларнинг устози. Унинг ўзи 27 миллион сўм кредит эвазига 6 та тикув машинасига эга бўлди. Айни вақтда маҳалла гузарида 12 нафар ёшларга иш ўргатиш баробарида трикотаж маҳсулотлари, ёстиқ ва чойшаблар тайёрламоқда.

– Ўтган ойда ички бозорда 40 миллион сўмлик маҳсулотларимиз сотилди, – дейди  чевар Тўхтахон Тешабоева. – Мижозларимиз кўпайиб, асосан буюртма билан ишлаяпмиз. Нархининг нисбатан арзонлиги ва дизайинга бўлган эътибор ютуқлар омили бўлмоқда.

Хонадонларда иш юритаётган чеварлар сафига Мустақиллик байрами арафасида “Қўҳинур” маҳалласида барпо этилаётган “Андижон барака чеварлари” масъулияти чекланган жамиятида 300 нафар хотин-қиз қўшилади. Умумий қиймати 1 миллиард 700 миллион сўмлик лойиҳа асосида бу жойда “Миронқул файз ҳосил” МЧЖ қурувчилари иш олиб боряпти.

– Ҳозирда янги корхона учун кадрлар тайёрланмоқда, – дейди туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Раънохон Содиқова. – Вақтинча ишсиз уйда ўтирган аёллар ва коллеж битирувчилари тикувчилик йўналишидаги хусусий субъектларга бириктирилди. Улар тажрибали чеварга айланиб, бу корхонага кириб келади.

Туманнинг қайси бир маҳалласига борманг, янги ташаббуслар, истиқболли лойиҳаларнинг гувоҳи бўласиз. Бу бўзлик хотин-қизларнинг ташаббускорлиги ва замон билан ҳамнафас қадам босаётганликларини кўрсатади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилоят кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+