5 та ташаббус ижроси таъминланмоқда

19.09.2019 16:09:33

Хабарингиз бор, ҳудудларда умумтаълим мактабларини янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати  юзасидан  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Улуғбек Саматов ҳамда партиянинг Тошкент шаҳар Кенгаши вакилларининг Шайхонтоҳур тумани 192-умумтаълим мактабидаги ўрганиши ҳақида маълумот берилган эди.

Ишчи гуруҳ аъзолари ўрганиш давомида мактаб фаолияти билан яқиндан танишар экан, мазкур муассасада ўқитувчи-педагоглар ҳар қандай шароитда ҳам ўқувчиларга сидқидилдан таълим-тарбия бериб келишаётганига гувоҳ бўлишди. Давлатимиз раҳбарининг ёшларни тарбиялашдаги 5 та ташаббус ижросини таъминлаш мақсадида мазкур таълим масканида директор Дилдора Исломова бошчилигида ёшларни маданият, ахборот технологиялари, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш юзасидан самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, мактабда турли хилдаги фан тўгараклари фаолият олиб бораётгани бунга яққол мисолдир. Улар орасида болаларга ватанпарварлик руҳида таълим-тарбия бериш мақсадида ташкил этилган  “Алпомиш” ўқув спорт тури тўгарагини алоҳида эътироф этиш ўринлидир. Ҳозирда мазкур тўгаракда 100 нафарга яқин ўқувчилар инглиз, рус тиллари ҳамда ҳарбий фанлардан малакали мутахассислардан сабоқ олишмоқда. Дарс жараёни учун алоҳида форма жорий қилиниб, ўқувчилар форма билан тўлиқ таъминланган.

Жажжи болаларнинг эгнидаги ушбу форма уларни Ватанга садоқат руҳида тарбиялашда, жасур, мард ўғлон бўлиб улғийишларида катта аҳамиятга эгадир. Шунинг билан бирга, ўқитувчилар тўгарак машғулотларида  ўқувчиларни жисмонан етук ва баркамол бўлиб, вояга етишишлари учун алоҳида эътибор қаратишмоқда. Ўқув соатларини сифатли ташкил этиш мақсадида мактаб маъмурияти томонидан фанлар бўйича экспертлар жалб қилинмоқда. Бундан ташқари, ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражасини ошириш мақсадида қўшимча дарслар ўтказилиб келинмоқда. Албатта, ўз ўрнида ота-оналар ҳам берилаётган таълим жараёнини илиқлик билан қарши олишмоқда.

Мактабда маънавий-маърифий ишлар тўғри йўлга қўйилган бўлиб, бу борада мутасаддилар томонидан бир қатор тадбирлар, мусобақалар ўтказилмоқда. Бу жараёнга ўқувчилар кенг жалб қилиниб,  истеъдодларини намоён этиб келишмоқда.

Айтиш лозимки, умумтаълим мактабларида бу каби тўгаракларнинг ташкиллаштирилиши, ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ва самарали ташкил этишда аҳамиятлидир. Бир сўз билан айтганда, мазкур таълим масканида  йўлга қўйилган махсус тўгараклар ёш авлодни келажакда етук мутахассис бўлиб етишишлари учун катта замин яратади.

Моҳимбегим ТЕШАБОЕВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Тошкент шаҳар Кенгаши

Туманлараро ижрочи котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+