60 йиллик симёғочлар қачон алмаштирилади?

18.10.2019 19:10:26

Гулистон туман “Сойибобод” ҚФЙ фуқаролари томонидан жорий йилнинг 31 июлида Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон “Адолат” СДПдан Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Арипжон Қудратов номига оғзаки мурожаат келиб тушди. Мурожаатда баён этилишича, мазкур қишлоқда 4600 нафардан ортиқ фуқаролар истиқомат қилади.

Ҳудуддаги электр энергияси билан таъминлаб турувчи сим ва симёғочлар эса 1960 йилдан бери аҳолига хизмат қилиб келмоқда. Жорий ҳолатига кўра сим ва симёғочлар эскириб, аллақачон ўз умрини ўтаб бўлган. Чириб кетганидан қиш фаслида бир неча симёғоч қулаб тушган. Ушбу маҳаллада яшовчи Манзура Донабоеванинг таъкидлашича, электр токи жуда кучсиз бўлиб, айниқса, совуқ тушиши билан электр лампалари шам сингари ёнади.

Яроқсиз холга келган сим ва симёғочларни янгисига алмаштириш зарур эканлиги депутатлик сўрови юборилган бўлса-да, Сирдарё вилоят электр тармоқлари бошқармасининг хаёлига келмаяпти. Йўқса, киритилганига икки ярим ойдан ошаётган депутатлик сўровига бунчалик бефарқ бўлишмасди. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси “Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутати мақоми тўғрисида”ги қонуннинг 8-моддасига мувофиқ депутат сўровига у олингандан сўнг ўн кундан кечиктирмасдан жавоб тақдим этилиши шарт.

“Сойибобод” қишлоғидаги кўп сонли фуқаролар электр мосламалари носозлиги бўйича танг аҳволда яшаётган бугунги кунда ўзлари-ку ҳал этишни билмаган, тағин ечим сўраб мурожаат этилган депутатлик сўровларига жавоб бермасдан қонун бузилишига йўл қўяётган мутасаддилар нега жим? Биз ушбу ҳолат бўйича масъуллардан жавоб кутиб қоламиз.

Меҳринисо БОБОНАЗАРОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Сирдарё вилоят Кенгаши

матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+