90 ёшли онахонга ногироник аравачаси совға қилинди

16.05.2020 12:05:21

Халқ депутатлари Тўрақўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи унчалик катта эмас, уч кишидан иборат холос. Лекин сафдошларимизнинг сайловчилар билан ўрнатган мустаҳкам алоқалари, коронавирус  пандемияси оқибатида жорий этилган карантин сабабли юзага келган мураккаб вазиятни юмшатишга қаратилган саъй-ҳаракатлари кенг жамоатчилик томонидан эътироф этилмоқда. Яқинда 30-Куймозор сайлов округидан депутат Толибжон Босиджановнинг ўз округида педагоглар илтимосига кўра аҳолига интернет тармоғидан ишончли фойдаланишларига шароит яратиш учун  жон куйдираётганлиги ҳақида ҳикоя қилган эдик.

Куни кеча эса 26-Қатағон сайлов округидан сайланган депутатимиз Эркин Бориев қўл урган хайрли ишдан воқиф бўлдик. Ўзбекистон “Адолат” СДП Тўрақўрғон туман кенгаши раиси Заҳрохон Аҳмедованинг айтишича, унга фуқаролардан бири мурожаат қилиб, тўқсон ёшли онасининг оғир хасталик туфайли юролмай қолгани, аммо ногиронлик аравачаси олишга қурби етмаётганини айтган.

Депутат, айни пайтда “Қатағон” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Эркин Бориев мурожаатни дарҳол ўрганди ва тегишли ёрдам кўрсатиш учун МФЙ фаолларни кенгашга чорлади. Маслаҳат асносида бир неча тадбиркорнинг кўмагида савоб ишга қўл урилди. Орадан кўп вақт  ўтмай, Э. Бориев бир гуруҳ маҳалла фаоллари билан кекса онахоннинг хонадонига бориб, Саломатхон Аҳмадшеровага аравачани туҳфа этди. Бундан кўнгли кўтарилган момо ҳаммани чин дилдан дуо қилди.

Биз ҳам телефон орқали депутат-сафдошимиз билан боғланиб, унинг хайрли тадбирга қўл урганлигини таъкидладик. Эркинжоннинг жавоби эса қуйидагича бўлди:

 – Мен адабиётнинг, айниқса, ўзбек мумтоз шеъриятининг ашаддий мухлисиман. Ростини айтсам, ўзим ҳам баъзан  қалам тебратиб, дил изҳорларимни қоғозга тушириб тураман. Хусусан, улуғ бобокалонимиз Алишер  Навоийнинг бемисл даҳоликка йўғрилган фикрлари бошқалар қатори каминани ҳам ҳайратга солади. Шоиримиз ўша пайтлардаёқ тенгсизлик устидан адолат, жаҳолат устидан ақл, моддият устидан маънавият, нафсоният устидан руҳоният тантана қилмагунча, одам покланиб комиллашмагунча, эл шод, мамлакат обод бўлмаслигини англаб етганлигига тан бераман. Ҳамкорлар билан амалга оширган ишимизни эса буюк ижодкорнинг қуйидаги байтига бағишлаймиз.

Кимки бир кўнгли  бузуқнинг хотирин шод айлагай,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлагай.

 

                                                                    Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+