“Адолат” асаллари

09.10.2019 21:10:23

Асаларичилик бугун ёки яқин ўтмишда пайдо бўлган соҳа эмас. Унинг тарихи жуда узоқ ва ер юзида одамзод пайдо бўлган даврлардан бошлаб асалнинг шифобахлиги, юзлаб дардларнинг давоси эканлиги авлод-аждодларимизга маълум бўлган. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида ёзилишича, Испаниядаги Аран ғоридан топилган археологик маълумотларга кўра, асаларичилик милоддан аввалги 10-15 минг йилликларда ҳам мавжуд бўлган деган тахминлар бор.

Туманимизда ҳам қишлоқ хўжалигининг бу турига қизиқиб, шифобахш маҳсулот етиштириш ортидан ҳурмат-эътибор топаётганлар жуда кўп. “Адолат” СДП туман кенгаши раиси Раҳимжон Тошматовнинг айтишича, навкентлик тадбиркор Олимжон Тожимирзаев асаларичилар сулоласидан ҳисобланади. Унинг бобоси Тожимирза ота Мамадалиев 1963 йиллардан бошлаб асалари боққан. Кейин унинг ишини Олимжоннинг отаси Муҳаммадисмоил ака давом эттирган. Олимжон 2008 йилдан буён ота-бобосининг ишини меҳр билан «ёшартирмоқда». Унга турмуш ўртоғи ва фарзандлари ҳам кўмаклашадилар. Олимжон айни пайтда 150 та қутида, бошқача айтганда 300 та оилада асалари парваришламоқда.

-Табиий шароитга қараб иш кўрамиз, - дейди О. Тожимирзаев. – Хушҳаво, боғ-роғлари сўлим жойларга кўчиб юрамиз, асосан Нанай қишлоғи, Учқўрғоннинг Қўғай томонларида бўламиз. Мавсумда икки марта – май-июнь ҳамда август-сентябрь ойларида асал олинади. Асалари уяларини тозалаш, она асалариларни парваришлаш, мумкатакларни тайёрлаш ишларида шогирдларим ҳам яқиндан ёрдам беришади.

Тадбиркор яқинда «Адолат» СДПга аъзо бўлди. Унинг режалари хайрли, “Адолат” асаллари” ёрлиғи билан сифатли, шифобахш маҳсулотни барчага манзур қилмоқчи. Яқинда 2 та хонадонга асал совға қилиб, қарияларнинг дуосини олди.

                                                                          Дилбар АСҚАРОВА,

Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман   кенгашидаги “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи раҳбари 

 

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+