“Адолат”чилар “ҳаёт томчилари” йиғилишига ҳисса қўшди

11.06.2020 14:06:46

Бугун Самарқанд вилоят қон қўйиш марказида Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан бўлиб ўтган беғараз донорлик акцияси эзгулик сари қўйилган қадам, десак янглишмаймиз.

Ҳар йили ташкил этилиб, анъанага айланиб улгарган мазкур хайрия акцияси бугунги карантин шаротитида, донорлар сони кескин камайган бир вақтда тиббий-ижтимоий кўмакка муҳтож беморларни қўллаб-қувватлаш, фуқароларни кўнгилли равишда қон топширишга чақириш орқали қанчадан қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш, жамиятда инсонпарварлик ва меҳр-оқибат ғояларини кенг тарғиб қилишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП вилоят Кенгаши ходимлари, маҳаллий кенгаш депутатлари, “Ёш адолатчилар қаноти” аъзолари, партия фаоллари ва кўплаб юртдошларимиз савобли ишга ҳиссаларини қўшиш мақсадида хайрия акциясида иштирок этишди.

Тоҳир Усаров, “Ёш адолатчилар қаноти” фаол аъзоси:

— Бир-бирини оғир дамларда суяшга, қўллаб-қувватлашга ўрганган халқмиз. Айниқса кўпга келган “тўй”га томошабин бўлиб туриш бизнинг миллатга хос эмас. Ижтимоий тармоқларда ҳар куни кимдир нечта оилани қарамоғига олгани ёки кимгадир ёрдам қўлини узатгани ҳақидаги хабарларни ўқиб, менда ҳам шундай савобли ишга бош қўшиш истаги пайдо бўлди. Ўзим талаба бўлганлигим сабабли моддий томондан ёрдам кўрсатиш қийинроқ масала. Партия ташаббуси бугун шундай хайрли ишга қўл уриш учун имконият бўлди. “Ёш адолатчилар қаноти” фаоллари йиғилиб вилоят қон топшириш марказига келдик.

Худди шундай тадбир Иштихон туман тиббиёт бирлашмасидаги қон қўйиш марказида ҳам бўлиб ўтди.

— Қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсон доимо яхшиликлар қилишга интилади. Айниқса, қилаётган бу хайрли амалларимиз кимнингдир соғлиғини сақлашга, ҳаётини узайтиришга кўмак берса-чи? Бундан ортиқ бахт топилмаса керак. Шундай экан, савоб ишни амалга оширишга кечикмайлик, деб бугун эрта тонгда тиббиёт марказига йўл олдим. –дейди партиямиз аъзоси Насиба Зокирова.

Кун давомида 100 дан ортиқ кўнгиллилар кўплаб беморлар учун ҳаёт томчиси бўлган қон топшириш акциясида иштирок этди.

 

Зилола ДЎСАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Самарқанд шаҳар Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+