“Адолат”га камарбастамиз!

10.02.2020 13:02:09

Ўзбекистон “Адолат” СДП Самарқанд вилоят Кенгаши ташаббуси билан Каттақўрғон драма театрида партиянинг 25 йиллиги муносабати билан “Адолат”га камарбастамиз” шиори доирасида бадиий кеча бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши, шаҳар ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фахрий аъзолари, фаоллари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда ОАВлари вакиллари иштирок этган тадбирда чорак асрдан буён давом этиб келаётган сиёсийлашув жараёнларида эштирок этиб келаётган партия фикрлар хилма-хиллигига, жамият тараққиётининг янги, қулай моделларини таклиф этишга, халқнинг ташаббускорлигини руҳлантиришга, рағбатлантиришга қай даражада кўмаклашяпти? Сиёсий партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари кеча ўз зиммаларидаги вазифаларни қандай уддалаган эдилару, бугун мамлакат миқёсидаги жадал ислоҳатларни қўллаб-қувватлашда қандай иштирок этмоқда? Тадбирда шу каби саволларга жавоб изланди.

Тадбирда таъкидланганидек, бундан 25 йил муқаддам, аниқроғи, 1995 1995 йилдан эътиборан Самарқандда ижтимоий жиҳатдан энг фаол ҳисобланган ўқитувчилар, шифокорлар, муҳандис-қурувчилар, олиму ихтирочилар, саноатчи, тадбиркорлар партия атрофига жипслаша бошлашди.

Жамиятдаги илк ислоҳотлар, бозор муносабатларига босқичма-босқич ўтиш, иқтисодиётда хусусий мулк шаклларини қарор топтириш, давлат ҳисобидаги, аммо ҳаракатсиз қолиб келаётган корхоналарни қайта ишга тушириш, аграр соҳанинг қадрини тиклаш сингари мураккаб вазифаларни таъминлаш учун халқнинг ташаббускорлиги, фаол иштироки талаб этилаётган бир пайтда партия вилоят Кенгаши фаоллари энг яхши таклифларни аниқлаб олиш, фикр ўрганиш мақсадида сиёсий тарғибот ва мулоқотларни бевосита маҳаллаларда, меҳнат корхоналарида, жамоат ташкилотларида олиб борди. Одамларга партиянинг, сиёсий ислоҳотларнинг мақсад-вазифалари кенг тушунтирилди. Ҳар сафарги учрашувларда янги маслакдош орттириб, партия сафини кенгайтиришга эришилди.

Беш йил давомида вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида партия кенгашлари тузилиб, “Адолат” СДП­дан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайланган вакилларидан депутатлик гуруҳлари тузилди. Ўша йилдаги сайловларда партиянинг қўли баланд келиб, айрим туманларда яққол устунликка эришганини алоҳида таъкидлаш ўринлидир. Хусусан, Иштихон туманида маҳаллий ҳокимиятнинг вакиллик органида партиянинг 20 нафар депутати кўпчилик овозга эга бўлиб, қатор ижтимоий-иқтисодий қарорлар қабул қилинишида ташаббускор бўлди. Партия шу тариқа сиёсий фаолиятни шакллантириб одамлар орасида “Адолатчи партия” деган номга эга бўлди.

“Адолат” СДПнинг 25 йил муқаддам Самарқандда ва унинг шаҳару қишлоқларида қўлга киритган энг катта ютуғи нималардан иборат бўлди?

  • Биринчидан, партия сиёсий рақобат майдонига аниқ мақсад ва вазифалар билан кириб келганлигини исботлаб, ўз электоратини шакллантира олди, жамиятдаги соғлом кучларни ўз атрофига тўплаб, уларнинг депутатлик ва давлат бошқаруви ишларига партия номидан иштирок этишларини таъминлади.
  • Иккинчидан, маҳаллий Кенгашлар сес­сия­лари ва доимий комиссияларида муҳим қарорлар қабул қилинишини таъминлаб, кўплаб ижтимоий муаммоларга мос ечим топа олди. Беш йилда барча даражадаги маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан бошқарув идораларига киритилган депутатлик сўровлари деярли 20 маротаба кўпайгани ва уларнинг ижроси тўлиқ таъминлангани шундан далолат беради.
  • Учинчидан, партия барча йўналишдаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиб, фуқаролар манфаатларига дахлдор кўплаб масалаларни биргаликда ҳал этишга муваффақ бўлди. Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммунал соҳадаги суиистеъмолчиликларга барҳам бериш, таълим, тиббиётдаги шароитларни яхшилаш борасидаги ўрганишлар ва таклифлар ўз натижасини бериб, халқнинг партияга ишончини мустаҳкамлади.

Вилоятда қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, қуёш фотоэлектростанциясини барпо этиш, боғдорчиликда томчилатиб суғориш усули (бундай майдонлар бугун 10 минг гектарга яқин)ни кенг йўлга қўйиш, инновацион таклифлардан фойдаланиб, саноат корхоналарини қайта модернизациялаш, олис қишлоқларда касаначиликни, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш орқали ҳар битта оила учун муносиб турмуш шароитини яратиш сингари вазифаларни хал этишда “Адолат”чилар ташаббускор бўлишмоқда.

Шунингдек ёшларнинг ташаббус ва иқтидорларини юзага чиқариш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили анъанавий тарзда “Адолат мезони”, “Адолат ўғлонлари”, “Адолат билимдонлари”, “Адолат маликаси”, “Адолатни мадҳ этгум”, “Конститутция илҳомлари” каби ўнлаб кўрик-танловлар ўтказилиб, ғолибларни рағбатлантириш йўлга қўйилган. Бундай истеъдодли, иқтидорли ёшлар “Истеъдод клуби”га бирлаштирилган. Хотин - қизлар йўналишда “Адолатли қайнона”, “Адолат маликаси”, “Партиянинг энг фаол адолатчи аёли” кўрик-танловлари барча туман, шаҳар Кенгашлари томонидан ўтказилиб, республика босқичида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳарлари, Тайлоқ туманидан иштирок этган партиядошларимиз кетма-кет фахрли биринчи ўринга сазовор бўлиб келишаётгани қувонарли.

Тадбир сўнгида партияни кенг омма орасида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшган, қўшиб келаётган партия фахрийлари, фаол аъзолари партиянинг ташаккурномалари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида партия фаоллари Каттақўрғон шаҳридаги Дўстлик, Баҳористон маҳалла фуқаролари йиғинларида бўлиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар ўтказди. Уларнинг дарду ташвишлари билан ўртоқлашиб, яшаш шароитларини, мавжуд муаммоларини ўрганди. 

“Адолат” СДП Самарқанд вилояти Кенгаши Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+