Адолат ғоялари атрофида бирлашишда давом этамиз

23.10.2020 18:10:58

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгашининг навбатдан ташқари Пленуми бўлиб ўтди. Унда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия ташкилотларининг раислари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Пленумда ташкилий масала кўрилиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоларини тайинлаш тўғрисида”ги 2020 йил 20 октябрдаги Фармонига асосан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 14, 16 ва 75-моддаларига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси Умаров Нариман Маджитовични Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси этиб рўйхатга олгани, Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида эса Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси раислигига сайланганлиги маълумот учун қабул қилинди.

Сўзга чиққанлар Наримон Умаров раислигида “Адолат” СДП фаолиятида сезиларли ўзгаришлар юз бергани, партия мазкур давр ичида бўлиб ўтган сайловларда муносиб иштирок этилгани таъкидланди.

Наримон Умаровнинг салоҳиятли, тажрибали, мулоҳазали, меҳнатсевар ва талабчан инсон эканлиги, унинг  ҳукумат идоралари, жамоат ташкилотлари ва сиёсий ташкилотлар, жумладан, парламентдаги кўп йиллик самарали фаолияти билан халқимиз ва жамоатчилик орасида етарлича обрў-эътибор қозонганлиги эътироф этилди.

Пленумда Наримон Умаров бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз аризасига мувофиқ Сиёсий Кенгаш аъзоларининг очиқ овоз бериш йўли билан партия Сиёсий Кенгаши раиси лавозимидан озод этилди.

"Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши раиси лавозимга Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси вице-президенти Абдуҳалимов Баҳром Абдураҳимович сайланди.

Кун тартибида яна бир ташкилий масала кўриб чиқилди. Партия Сиёсий Кенгаши раисининг ташкилий-партиявий ишлар бўйича ўринбосари Ишанкулов Фарход Парманович бошқа ишга ўтганлиги муносабати билан ўз аризасига биноан эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ушбу лавозимга партиянинг "Ёш адолатчилар" қаноти Республика Кенгаши раиси Сулаймонов Умиджон Қурбонович сайланди.

Пленум кун тартибидаги навбатдаги масала Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фаолиятининг 2020 йил III-чорак якунлари ва партиянинг келгуси дастурий вазифалари тўғрисида ҳисобот берилди.

Жумладан, ҳисобот даврида партия ташкилотлари томонидан  16 мингга яқин тадбир ўтказилиб, уларда 94 мингдан зиёд иштирокчи қамраб олинди.

Маҳаллий Кенгашлар депутатлари томонидан 3 минг 200 та депутатлик сўровлари юборилиб, уларнинг 73% ижобий ҳал этилди.

Партия аъзоларининг сони 45 минг нафарга кўпайиб, умумий аъзолар сони 457 минг 926 нафарни, бошланғич партия ташкилотлари сони эса 6 минг 585 тани ташкил этмоқда.

Партиянинг “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида 1 750 нафар фуқаролар иш билан таъминланган. Партия фракциясининг қонун лойиҳалари муҳокамасига бағишланган 38 та йиғилиши ўтказилиб, уларда 156 та қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Пандемия даврида “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича
15 220 нафар эҳтиёжманд оилаларга 1 миллиард 500 миллион сўмдан ортиқ ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.

“Адолат” СДП ва фракция депутатлари томонидан Сирдарё вилоятининг “Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офатдан жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида хайрия акциялари доирасида бир ярим мингдан ортиқ фуқароларга кийим-кечаклар, 1000 дан ортиқ уй-рўзғор буюмлари, идиш-товоқлар ва болажонлар учун ўйинчоқлардан жами 500 миллион сўмлик маҳсулотлар етказилди, 300 га яқин фуқаролар томонидан акция доирасида очилган пластик картага 28 миллион сўм маблағ жамланди.

Шунингдек, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси назорат-таҳлил фаолиятида партия электорати манфаатларига жавоб берадиган долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича партиянинг Сиёсий Кенгаши ва жойлардаги бўлимлари билан ҳамкорликда ва тизимли иш олиб борди.

Фракция парламент эшитувларига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, пандемия даври асоратларига қарамасдан таълим тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш, профессионал кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва инновацион лойиҳаларни жорий этиш каби муаммолар ечимига эътибор қаратилди.

Жорий йилнинг шу давригача олиб борилган барча эзгу ишларни тизимли ва узлуксиз равишда давом эттириш партиянинг устувор вазифаларидан бўлиб қолаверади.

Наримон Умаров ўтган давр ичида у билан бир жамоа бўлиб меҳнат қилган партиядошларига миннатдорчилик билдириб, партия раҳбари сифатида фаолиятини бошлаш арафасида турган Баҳром Абдуҳалимовга келажакдаги ишларида муваффақиятлар тилади. Сиёсий Кенгаш аъзоларига партиянинг янги сайланган раиси атрофида бирлашиб, бир ёқадан бош чиқариб, жонбозлик кўрсатишни маслаҳат берди.

Кун тартибига киритилган барча масалалар муҳокама қилиниб, тегишли қарорлар қабул қилинди ҳамда партиянинг келгусида амалга оширилиши кўзда тутилган режалари ижроси юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди.

 

“Адолат” СДП Матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+