“Адолат” кўкрак нишони фидойиликка даъват этади

03.10.2019 16:10:39

 

Ҳар бир инсон фаолиятида қандайдир ижобий натажага эришса, ўзида меҳнатидан қониқиш ҳиссини туяди, албатта. Мен партиямизда “Адолат” кўкрак нишони таъсис этилганлигини эшитиб, ниҳоятда хурсанд бўлгандим. Чунки бундай рағбат кишини янада яхшироқ ишлашга даъват этади, бошқаларга ҳам қўшимча куч бағишлайди. Бу эса партиямиз фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш учун курашга чорловчи янги омил бўлиб хизмат қилади. Мен ҳам ўз навбатида камтарона меҳнатимга берилган юксак баҳо учун партиямиз раҳбариятига улкан миннатдорчилик билдираман.

Кейинги йилларда туман кенгаши томонидан бир қатор оммавий ва ташкилий ишлар изчил ҳамда юқори савияда олиб борилаётганлиги туфайли қатор муваффақиятларга эришилди. Бугунги кунда сафларимизда 1500 нафардан ортиқ киши бирлашган. Удар иқтисодий-ижтимоий жабҳаларнинг турли тармоқларида фидокорона меҳнат қилиш билан бирга жамоатчилик ишларида ҳам жонбозлик кўрсатмоқдалар. Шу ўринда жорий йилнинг ўзида 300 дан ортиқ кишига партия билетларини топширганимизни қайд этиш мумкин. Келгуси уч ярим ой мобайнида бу рақам яна 200 нафарга ошиши кутилмоқда. Шунда партиядошларимиз сони 1700 кишига етади. Улар 29 та бошланғич партия ташкилоти таркибида иш олиб борадилар.

Ўтган галги сайловларда илк бор халқ депутатлари туман кенгашида вакилларимиздан иборат гуруҳ тузишга эришган эдик. Албатта, депутатларимиз баҳоли-қудрат фаолият кўрсатмоқдалар. Айниқса, шифокор Муяссархон Каримованинг олиб бораётган ишлари кенг жамоатчиликнинг  олқишига сазовор бўлмоқда. Айни пайтда навбатдаги сайловларга тайёргарлик кўриш жараёнида муносиб кадрлар заҳирасини шакллантиршга ҳаракат қилдик. Сайловолди кампаниясини муваффақиятли ўтказиш ва халқ депутатлари туман кенгашида кўпроқ депутатлик ўринларига эга бўлишни мақсад қилганмиз.

Бугунги кунда сиёсий партиялар олдига катта ва жиддий вазифалар қўйилган. Уларни бажариш учун нафақат биз, балки барча фаоллар жонбозлик кўрсатиши керак. Қилинган меҳнат натижаси эса сайлов натижаларида ўз ифодасини топади. Мазкур кампания партиямиз ғояларини аҳоли  ўртасида кенг тарғиб қилиш имконини беради. Масъулиятни ҳис этиб, ҳар биримиз бўлғуси сайловда муносиб иштирок этиш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Мен сазовор бўлган “Адолат” кўкрак нишони шунга даъват этади. 

Муроджон ЖАЛИЛОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Косонсой туман кенгаши раиси

Улашинг!