Адолат куйчиси

04.05.2020 12:05:06

Ҳар бир инсон ўзи меҳр қўйган касбида кўзга кўриниб, жамиятда ўз ўрнини топишида устозларнинг ўрни беқиёс. Айни шу масалада устоз билан ота-онанинг ўрнида бир мунча фарқ бор. Бу борада устоз шогирдининг танлаган касбида ҳалол ва адолатли бўлишига ҳаммадан ҳам кўпроқ қайғуради. Шу сабабли ҳам кўпчилик “Устоз отангдек улуғ” деган ҳикматни айтишади. 

Бу ҳақда гап борганда, фидойи устоз, биз билан ҳамиша ҳамнафас тажрибали устоз Камалжон Шадиметовнинг меҳнат фаолиятига тўхталиб ўтмасликнинг илож йўқ, албатта.

Устоз турли соҳаларда, мамлакатимизнинг турли идораларида 50 йилдан буён самарали меҳнат қилиб келмоқда. Устознинг меҳнат фаолияти Сайрам ремонт заводи ишчисидан “UZBIOGAZ” МЧЖ Бош директорнинг тарғибот бўйича ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтди.

Минглаб инсонларнинг севимли устози, партия фаолиятида мактаб яратган инсон Камалжон Шадиметовни нафақат партиямиз аъзолари, балки кўплаб бошқа соҳа вакиллари ҳам устоз, деб ҳурмат қилишади. Бу, бежиз эмас албатта. Ўзининг кўп йиллик меҳнат фаолиятида орттирган тажрибаларининг маҳсулини фидойилик билан ўз шогирдларига сингдирди.

Устозни партиямиз аъзолари жуда яхши билишади. Ўзига одиллик ва ҳалолликни шиор қилиб, адолат ва ҳақиқатга таяниб иш кўриб келган устознинг этагидан маҳкам ушлаган шогирдлари борки, бугун улар ҳам эл ардоғида. Камалжон Шадиметовнинг ҳаёт йўли билан яқиндан танишган инсон  ўзига кўпдан кўп ибрат олади. Агар биз устозга жамиятимизнинг ҳурматли отахонларидан бири сифатида қараб, бу нуроний инсоннинг партиямизда фаолият кўрсатган даврларидаги  ёдга оладиган бўлсак, у киши тиришқоқлик, заҳматкаш ва меҳнаткашлик фазилатлари инсонни улуғлашига, ўз касбидан барака топишига сабаб бўлишини чуқурроқ англаб етамиз. Мана, устоздаги ўша инсоний фазилатлар умр бўйи сайқалланиб келмоқда.  

Ҳа, Камалжон Шадиметов қаерда, қандай лавозимда бўлмасин, халқнинг орасига кириб боришга, оддий одамлар билан суҳбатлашиб, уларнинг дарду ташвишларини тинглаб уларга доим ёрдам қўлини чўзиб келишни олий саодат, деб билади. Шу боис, у кишини яқиндан таниган, билган инсон борки, адолат ва  ҳалоллик, маънавият каби сўзларни эшитганида ёки ишлатганида беихтиёр Камалжон ака кўз ўнгида гавдаланса, ажаб эмас. Бир сўз билан айтганда устозни меҳнат фаолияти билан яқиндан танишган инсон борки, у кишини адолат куйчиси дейиши шубҳасиз.

Чунки, устоз дарду ташвишларини айтиб келган одамларни ҳеч қачон кўксидан итариб, четга суриб қўйган эмас. Шогирдларини эса доим асраб-авайлаб тарбиялайди. Раҳбар сифатида топшириқни уришиб эмас, тушунтириб етказади.  Энг муҳими, ҳар қандай шароит бўлмасин, адолат ва ҳалоллик билан иш кўриб келади.  

Албатта, биз шогирдлар устоз Камалжон Шадиметовнинг серқирра фазилатларини ҳар қанча қадрласак, шунча оз. Негаки, бу инсон ҳамиша одамлар, айниқса партиямизнинг оддий аъзолари бўлган сайловчиларимиз ҳақида қайғуради. Уларга ўз фарзандларидек меҳр-муҳаббат билан қарайди.

Халқимиз меҳнатсеварликни қадрлайди. Шу боис, Камалжон Шадиметовнинг меҳнатлари юксак қадрланди. “Шавкатли меҳнати учун” медали, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалиги ходими” унвони, Мустақилликнинг 1, 10, 15 йиллиги кўкрак нишонлари, Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг “Адолат” кўкрак нишони билан мукофотланди.

Фурсатдан фойдаланиб, нафақат ҳаёт мактабини, балки судьялик мактабини ҳам яратган Камалжон аканинг партиямиз сайловчиларнинг ишончини қозониш йўлидаги шарафли ҳамда масъулиятли фаолияти учун ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз. Устоз биз шогирдларининг бахтига доим куч-қувватда, сиҳат-саломатликда бўлишини тилаймиз.

Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг кўп минг сонли аъзолари ва депутатлари номидан Камалжон Шадиметовни бугун 70 ёшни қарши олаётганлари билан қутлаймиз. Устоз биз шогирдларининг бахтига доим куч-қувватда, сиҳат-саломатликда бўлишини тилаб қоламиз.

 

Ўзбекистон “Адолат” СДП

 Тошкент вилояти Кенгаши матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+