Адолат посбонлари адолатсиз бўлса...

15.06.2020 17:06:14

Сўнгги йилларда барча соҳаларда ўзгаришларни кўраяпмиз. Адолатни таъминловчи органлар фаолиятида ҳам маълум бир янгиликлар бўлмоқда. Аммо ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини янги тизимга ўтказиш ҳар қанча гапирилмасин, кимлардир бу таъкидларни ўзига сингдира олмаётгани ачинарли ҳол.

Андижон вилоятидаги ИИБ ходимларининг ҳатти-ҳаракати оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ кузатувчилари томонидан эътирозга сабаб бўлаётгани бежиз эмас.

Бинобарин, уларнинг ноўрин муносабати асносида касб шаъни оёқ ости қилинибгина қолмади, балки бир инсон энг олий ҳуқуқи яшаш неъматидан мосуво бўлди. Шу билан бирга мамлакат раҳбарияти ва аҳолимизнинг давлатнинг халқаро имиджини яхшилаш учун қилаётган кўп сонли ҳаракатларига путур етди.

ИИБ масъулларининг мақсади бир бўлиши лозим – ҳақиқатнинг тагига етиш ва фуқароларни ҳимоя қилиш. Аммо инсон ҳуқуқларини топташ орқали адолатга эришиб бўлмайди, фуқароларни дўппослаш уларни ҳимоя қилиш ҳисобланмайди.

Афсуски, ИИВ бундай ҳолларга “Бу янгилик эмас” деб қарашга одатланиб қолган.

“Адолат” социал-демократик партияси сайловолди дастурида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш ва жамоат тартибини сақлаш бўйича ички ишлар тизимининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш устувор вазифалар сифатида қайд этилган.

Шундай экан, биз бу каби кўнгилсиз ҳолатларга кечиктирмай барҳам берилиши, мудҳиш иллатлар одатий ҳолдек қабул қилинмаслиги тарафдоримиз.

Албатта, тегишли мутасаддилар томонидан айбдорлар жазосини олиши керак. Лекин, уларнинг жазо олгани марҳумни яқинларига қайтариб бермайди. Ёки бундай ҳолат бошқа такрорланмаслик кафолатини бермайди. Яъни ички ишлар тизимида ислоҳотлар натижадорлиги замон талабларига мос эмас.

Бу ҳолат бошқа такрорланмаслик учун кимнидир жавобгар қилиш, кимнидир ишдан бўшатиш, кимгадир интизомий чора билан чекланиш эмас, тизимли ислоҳотлар, янгиланишларни амалга ошириш лозим. Бунда тергов органларининг идоравий манфаатдорлигини баратараф этиш, улар мустақиллигини таъминлаш, жараёнларни шаффофлаштириш лозим.

Энг асосийси “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги қонунда “Ички ишлар органларининг асосий вазифалари фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини, жисмоний ва юридик шахсларнинг мулкини, конституциявий тузумни ҳимоя қилишдан, қонун устуворлигини, шахс, жамият ва давлатнинг хавфсизлигини таъминлашдан, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва профилактикасидан иборат” эканлиги тўғрисидаги норма ИИВ фаолиятининг энг асосий тамойилига айланиши лозим.

Наримон УМАРОВ,
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
“Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+