“Адолат” СДП фахрийси “Шуҳрат” медали билан тақдирланди

01.10.2019 11:10:43

Шу кунларда юртимизда ёш авлод тарбиясига муносиб ҳисса қўшиб келаётган устозлар ҳар томонлама шарафланмоқда. Байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган ходимлардан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинди. Хусусан, таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, уларнинг она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш, жисмоний ва маънавий жиҳатдан баркамол авлодни шакллантириш борасидаги катта хизматлари ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун бир гуруҳ устозларга фахрий унвонлар берилди.

 Юртимизда таълим соҳасини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, ўқув-тарбия жараёнига илғор хорижий тажрибалар, инновацион педагогик ва ахборот-коммуникацион технологияларни кенг жорий этиш, илм-фан ютуқларини амалиётга татбиқ қилиш, чуқур билим ва касб-ҳунарга эга, мустақил фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом авлодни вояга етказиш ишларига қўшган салмоқли ҳиссаси, ёшларимизни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун орден ва медалларга муносиб кўрилганлар орасида  Наманган муҳандислик-технология институти табиий толаларни дастлабки ишлаш технологияси кафедраси профессори Ҳамид Турсунович Аҳмадхўжаев ҳам бор. У “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.

Бу йил қутлуғ 70 ёшни қарши олган устозни Ўзбекистон “Адолат СДП Наманган вилоят Кенгаши раҳбарияти ва фаоллар ҳам қизғин қутладилар. Чунки Ҳамид Турсунович 2005-2013 йилларла “Адолат” СДП вилоят Кенгаши раиси сифатида фаолият олиб борган. Бу даврда партия ташкилотлари сон ва сифат жиҳатидан ўсган, ташкилий соҳада эса янада мустаҳкамланган.

Шу ўринда техника фанлари доктори  Ҳамид Турсунович изланувчан олим ва тажрибали педагог сифатида мамлакатимизда илм-фанни ва олий таълимни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётганини қайд этиш даркор. Ундан таълим-тарбия олган минглаб шогирдлар бугунги кунда юртимизнинг турли минтақаларида ижтимоий-иқтисолий соҳаларда самарали меҳнат қилиб келмоқдалар.

Исроил Жўраев, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши раиси:

 – Ҳамид Турсунович мен учун ҳақиқий устоз ҳисобланади. У бизга институтда сабоқ берган. Кейинчалик эса партиядаги фаолиятга жалб этган инсон ҳам шу киши. Биз устозга ўзимизнинг самимий табрикларимизни йўллаймиз, сиҳат-саломатлик, узоқ умр, яхши кайфият ва илмий-педагогик фаолиятда каттадан-катта муваффақиятлар тилаймиз.

                                                                                     Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+