“Адолат” СДП фракциясининг асосий вазифалари белгилаб олинди

23.07.2019 11:07:19

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракцияси томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олмазор туманига ташрифи ва унда кўтарилган масалалар бўйича “Адолат” СДП фракциясининг асосий вазифалари” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари куни кеча пойтахтимизнинг Олмазор туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ва йирик лойиҳалар билан танишиш мақсадида ташрифини дастлаб, Талабалар шаҳарчасидан бошлагани мамлакатимизда таълим соҳасидаги ислоҳотларнинг бориши ва ёшларга берилаётган эътибори бевосита Президентимизнинг назоратидалиги ва ушбу соҳанинг нечоғлик зарур аҳамиятга эга эканлигини кўрсатиб турибди.

Депутатлар томонидан эътироф этилганидек, Талабалар шаҳарчасига бундан ярим йил олдин келган киши ҳозир бу масканни таний олмаслиги табиийдир. Машиналар билан гавжум кўчалар, тартибсиз жойлашган савдо ва овқатланиш жойлари, панжаралар билан ўралган биноларнинг ўрнини бугун кенг ва равон йўлкалар, гулларнинг ажиб ифори, таълим олишга ундовчи сокинлик эгаллаган. Айниқса, шаҳарчага кираверишда барпо этилган Беруний майдони шаҳарчанинг мамлакатимиз илм-фани марказига айланиши лозимлигини билдирувчи ўзига хос рамзий кўринишдир. Шаҳарчага ташриф буюрган хорижликлар учун эса мамлакатимиз илм-фани тарихининг бор салобатини намоён этиб беради.

Бугунги кунда Талабалар шаҳарчаси ҳақиқий илм масканига айланиб улгурган. Бу ерда жойлашган Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетида қарийб 25 мингга яқин талаба ёшлар таҳсил олиб, илмий фаолият билан шуғулланмоқда.

Айтиб ўтилганидек, Президентимиз иштирокида Ўзбекистон Миллий университети кутубхонасида илм аҳли билан бўлиб ўтган учрашув мамлакатимизда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш ва уларни моддий, ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларида истиқболдаги вазифаларни белгилаб олишга қаратилгани ушбу соҳадаги яна бир муҳим қадамдир.

Фракция депутатлари томонидан таъкидланганидек, ушбу йиғилишда “Адолат” СДПнинг асосий мақсад ва вазифаларидан бири бўлган илм-фан соҳасига алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, мамлакатимизни инновацион ривожлантириш, 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Бунинг учун, энг аввало, илм-фан соҳасининг меъёрий-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш мақсадида “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, ўтган қисқа давр мобайнида илмий-тадқиқот ишларини тижоратлаштириш ва самарадорлигини оширишга қаратилган қарорлар қабул қилингани натижада инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ этишга қулай замин яратилгани айтиб ўтилди.

Айниқса, юртимизда йилдан-йилга ёшларни олий ўқув юртларига қамраб олиш кўрсаткичи ошиб бораётгани албатта, бу партия сайловолди дастурида белгиланган олий таълим муассасаларида қабул квоталарини ошириш каби вазифаларга ҳамоҳангдир.

Шунингдек, олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган фан олимпиадалари тизимини такомиллаштириш, ғолибларни муносиб тақдирлаш ва рағбатлантириш, хусусан, мамлакат миқёсидаги совриндорларни тегишли мутахассисликлар бўйича магистратурага, халқаро олимпиада ғолибларини эса кейинчалик докторантурага ҳам синовсиз қабул қилиш чораларини кўриш белгиланди. Бу вазифалар ижросини таъминлаш  депутатлар зиммасига ҳам қатор масъулликни юклаши таъкидланди.

Шу билан бирга, депутатлар томонидан фракциянинг истиқболдаги устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, олий таълим муассасаларидаги Жамоатчилик кенгашлари фаолиятини жонлаштириш ва уларнинг самарали ишлашига кўмаклашиш, таълим муассасаларида босқичма-босқич эҳтиёжга қараб ривожланиб бораётган мутахассислик йўналишларини кўпайтириш, таълим соҳасида дастурий маҳсулотларнинг миллий стандартларини ишлаб чиқиш, электрон ўқув-таълим дастурлари ва мультимедиа маҳсулотлари миқдори ва сифатини оширишбўйича таклифлар тайёрлаш келишиб олинди.

Шунингдек, Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинган илм-фан соҳасини жадал ривожлантириш ва дунёнинг энг илғор давлатлари қаторига қўшилишимиз учун соҳанинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга қаратилган “Фан тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам маромига етказиб тайёрлаш ва қабул қилинишини тезлатиш асосий вазифалардан этиб белгиланди.

Йиғилишида депутатлар томонидан ушбу вазифаларни бажаришда “Адолат” СДП бош вазифаларидан ҳисобланган мамлакатимиз таълим тизимини фуқароларнинг комил шахслар бўлиб шаклланишига йўналтирилган, инсон омилини намоён этадиган, меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган мутахассисларни етиштириб берадиган энг яхши анъаналарини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга эътибор қаратишимиз лозимиги таъкидланди.

Анвар ЭГАМҚУЛОВ

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+