“Адолат” СДП: Халқ ва электорат манфаатларини таъминлаш — устувор мақсад

20.05.2020 12:05:54

Сиёсий партиялар, уларнинг парламент қуйи палатасидаги фракциялари бугунги пандемия шароитида қандай фаолият кўрсатмоқда? Халқимиз ҳамда электорат манфаатларини ҳимоя қилиш, бу борадаги ҳуқуқий асосларни такомиллаштиришга қандай ёндашиляпти? Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Наримон Умаров билан суҳбатимиз шулар хусусида бўлди.   

— Наримон Мажидович, кутилмаган коронавирус пандемияси, карантин талаблари туфайли бугун аҳолининг аксарият қисми ўз уйларида қолишмоқда.  Шундай шароитда партия фаолиятида қандай ўзгаришлар, янгиланишлар юз берди? Шулар ҳақида қисқача гапириб берсангиз.  

— Маълумки, коронавирус карантини тақозосидан оммавий тадбирлар бекор қилинди. Таълим муассасалари онлайн таълим тизимига ўтди. Карантин чекловлари бизнинг ҳам фаолиятимизда ўзгаришларга сабаб бўлди. Аввало, партиямиз ва унинг фракцияси онлайн тартибда ишлай бошлади.  Тадбир, семинар, давра суҳбатлари вебинар усулида ўтказилмоқда.  Фуқаролар мурожаатлари ёзма ва электрон шаклда қабул қилиняпти.  Партияга аъзо бўлиш истагидагилар аризаси электрон шаклда қабул қилиниши йўлга қўйилди. Уйма-уй юриш ва аҳоли билан юзма-юз кўришишга қаратилган лойиҳалар вақтинча тўхтатилди, шикоятлар ишонч телефонлари ва электрон манзил орқали олинмоқда.

 Партиядан сайланган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари ҳудудлардаги тиббиёт муассасалари, бозорлар, дорихоналарда бўлиб, жойларда пандемия талабларининг бажарилиш ҳолатларини ўрганишмоқда.

Шу билан бирга, партия ташаббуси билан карантин даврида аҳоли орасида санитария-эпидемиологик ҳолатни тушунтиришга қаратилган турли акция ва танловлар эълон қилинди. Алабатта, бу лойиҳалар карантиннинг илк даврида аҳоли орасида ниқоб тақиш, гигиена қоидаларига риоя қилиш, уйда қолиш ва вақтни мазмунли ўтказиш бўйича вазифаларни ўз олдига қўйган эди. Ўйлайманки, шундай лойиҳалар ва ва оммавий ахборот воситалари орқали чиқишлар ҳамда албатта фуқароларимизнинг мавжуд вазиятни тўғри тушуниши натижасида касалланганлар миқдори ошиб кетмаслигига эришилди.

 Президентимиз Қонунчилик палатаси йиғилишида жамият ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги муҳим, оммавий муҳокамаларга сабаб бўлган масалаларга депутатлар ва партияларнинг бундан буён кузатувчи сифатида қараб туришини қабул қилиб бўлмаслигини таъкидлаган эди. Айтинг-чи, халқ фикрини ифода этиш ва улар манфаатларини ҳимоя қилиши учун сайланган депутатлар ҳамда партия томонидан шу кунларда қайси муҳим масалалар бўйича чиқишлар қилинди?

— Дарҳақиқат, бугунги ислоҳотлар ва замон шиддати нафақат биздан, балки барча фуқароларимиздан ҳар бир масалага ўз муносабатини билдиришини талаб этмоқда. Баъзан айрим мансабдор шахслар номаъқул хатти-ҳаракатлари билан ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга, айрим ҳолларда эса кескин норозиликка сабаб бўляпти.

Табиийки, ушбу ҳолатларга “Адолат” СДП ва партиядан сайланган депутатлар халқ, сайловчи манфаатлари акс этган муносабатларни билдириб келмоқда. Жумладан, партиямиз томонидан Олтинсой туманидаги фуқаролар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўртасидаги келишмовчилик, Миришкор тумани ҳокимининг фуқароларни ҳақоратлаши, прокуратура органларининг тергов жараёнларида аҳолини қийноққа солиши каби масалаларга тезкор муносабатлар билдирилди.

Шу билан бирга, Қонунчилик палатаси депутати Мақсуд Қурбонбоев томонидан UzAutoMotors корхонасининг ҳеч қандай сабаб ва огоҳлантиришсиз машиналар нархи оширилгани бўйича билдирган муносабабтидан сўнг, Автосаноат вакиллари томонидан жамоатчилик ва депутатлар учун ахборот берилди ҳамда депутатларнинг ва шу орқали халқнинг мурожаатларига ўз фикрларини билдиришди.

Бундан ташқари, фракциямиз аъзоси Махфират Хушвақтованинг электоратимиз вакиллари бўлган шифокорларнинг карантин шароитида ишга бориш-келиш вақтида автомобилдан фойдаланаётганда ИИВ ходимлари томонидан асоссиз равишда жаримага тортилаётгани ва машинаси жарима майдонига қўйилаётгани тўғрисидаги муносабатидан сўнг Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг қўшма йиғилишининг навбатдаги қарори эълон қилинди. Унда шифокорларни ўз машинасида юришига оид нормага ҳам ўзгартириш киритилиб, депутат томонидан кўтарилган масала инобатга олинди ва шифокорларнинг машинада юришга рухсат берилгани аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйилди.

 Сиёсий партиялар фракциялари фаолияти муҳокама қилинаётган қонунларга электорат, халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ўз позициясини билдиришида намоён бўлади. Шундай эмасми? 

— Президентимиз Қонунчилик палатасининг 2020 йилдаги илк йиғилишида “Қуйи палата ҳар бир қонун лойиҳаси бўйича холис баҳс-мунозара ва тортишувлар маконига, турли ижтимоий манфаатлар ўртасидаги кураш майдонига, чинакам демократия мактабига айланиши зарур”лигини таъкидлаган эди. Ўтган тўрт ой давомида “Адолат” СДП фракцияси ташаббуси ва қатъий позицияси билан бир қатор қонун лойиҳаларига ўзгартишлар киритилди. Шунингдек, халқимиз, жамиятимиз ҳаётига оид бир қатор масалалар кун тартибига олиб чиқилди.

Масалан, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган “Аудиторлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси фракция аъзоларининг  эътирозларига сабаб бўлди. Аудиторларнинг мажбурий аъзолиги, малакасини ошириш ҳуқуқининг битта муассасага берилиши, фаолиятини лицензиялаш каби масалалар депутатларимиз танқидига учради ва ушбу бандлар бўйича таклифлари инобатга олинди.

Мамлакатимиздаги вазиятни ҳисобга олиб, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, эл хизматида бўлаётган шифокор меҳнатини қадрлаш бўйича зудлик билан аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши бўйича ҳам фракция аъзоларимиз ўз таклифларини билдиришди. Яъни тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантиришнинг амалдаги тизими танқидий тартибда қайта кўриб чиқилиши, юқумли касалликлар билан боғлиқ бўлимларда фаолият олиб борадиган врачлар, ўрта ва кичик тиббиёт ходимлари, беморларга хизмат кўрсатувчи барча касблардаги ходимлар учун янаям алоҳида шартларда ойлик маошлари оширилиши бугунги кун талаби эканлиги таъкидланган эди. Мазкур таклиф ҳам Ҳукумат томонидан кўриб чиқилди ва Президентимиз томонидан коронавирусга қарши курашаётган тиббиёт ходимларини рағбатлантириш бўйича қарор имзоланди.

Шу билан бирга, эълон қилинган карантин шароитида аҳолининг маълум бир қатлами молиявий аҳволи оғирлашганлиги сир эмас. Фракциямиз аъзоси Мақсуд Қурбонбоев айни пайтда танг аҳволда қолган уч тоифадаги (ижарада яшаётган, кундалик даромадга қараб қолган оилалар ва хориждаги мигрантларимиз оиласи) фуқароларга фоизсиз ссудалар, микроқарзлар ажратилиши лозимлиги тўғрисида мулоҳазалари асосидаги фракция таклифини Бош вазирга, Республика махсус комиссияси раисига тақдим этди. 

Сўнгги пайтларда мамлакатимизда нефрология ва гемодиализ ёрдамини кўрсатишни ривожлантириш юзасидан партияга жуда кўп мурожаатлар келиб тушган эди. Маълумки, 2018 йилда  соғлиқни сақлаш соҳасининг мазкур секторини такомиллаштириш билан боғлиқ  масалаларни ҳал этишга йўналтирилган “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига нефрология ва гемодиализ ёрдами кўрсатиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган. Мазкур ҳужжат ижроси ҳамда фуқаролар мурожаатларида кўрсатилган муаммолар юзасидан олиб борилган ўрганишлар тиббиёт муассасаларида гемодиализ олиш учун ўринларнинг умумий сони реал эҳтиёждан бир неча баравар камлиги, гемодиализ бўлинмаларининг ярмидан ортиғи мослаштирилмаган хоналарда жойлашгани, кўпгина гемодиализ ускуналарининг белгиланган фойдаланиш муддати ўтиб кетгани маълум бўлди.

Яна бир камчилик: терминал ва ўткир буйрак етишмовчилигига дучор бўлган беморларни даволашнинг ягона стандартлари ва протоколлари жорий этилмагани, шунингдек, нефрологик касалликларнинг барвақт олдини олиш, уларга ўз вақтида ташхис қўйишнинг самарали тизими, беморларни танлаш ва гемодиализга юбориш тартиб-таомиллари йўлга қўйилмагани қайд этилди.  Мазкур муаммоларга ечим топиш ва соҳани янада такомиллаштириш мақсадида партиямиз ва унинг парламентдаги фракцияси, Фуқароларнинг соғлиғини сақлаш масалалари қўмитаси ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Ўзбекистон диализлар жамияти” нодавлат нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда давра суҳбати ўтказилди. Тадбир натижалари ҳамда соҳа мутахассислари ва экспертлари фикрлари асосида Президент қарорида белгиланган вазифаларни белгиланган муддатларда, сўзсиз бажаришга қаратилган тавсия ва таклифлар ишлаб чиқилди ҳамда мутассади масъулларга йўлланди.

 Партия дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича қандай амалий ҳаракатлар олиб борилмоқда?

— Қонунчилик палатасидаги фракциямиз юқорида келтириб ўтган барча саъй-ҳаракатлари ва ташаббуслари дастур ижросининг бир йўналиши бўлса, жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатларимиз фаолияти, сессиялар муҳокамасига масала киритиш жараёнлари иккинчи устувор йўналиш ҳисобланади.

Бундан ташқари, Президентимизнинг жорий йил парламентга Мурожаатномасида маҳаллий Кенгашлар фаоллигини ошириш мақсадида уларга Халқ қабулхоналари билан доимий ҳамкорлик, жойлардаги идоралар раҳбарларининг ҳисоботини тинглаш, Кенгаш сўрови юбориш ва бошқа бир қатор янги ваколатлар берилиши таъкидланди.

Ушбу вазифаларни сайловолди дастуридаги вазифалар билан мувофиқлаштириш учун бир қатор партия лойиҳалари амалга оширилмоқда. Депутатлар биринчи ва иккинчи чорак давомида асосан аҳолининг тиббий ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга қаратилган лойиҳаларга кўпроқ урғу беришаётир. Бунда дастлаб партия раҳбарияти ва Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ҳудудларда бевосита жойларда лойиҳалар тақдимоти ўтказилди, лойиҳа доирасида амалга ошириладиган ишлар, ўрганишлар намунавий тарзда кўрсатиб берилди. 

— “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатига партиянинг қўшган ҳиссаси қай даражада?

— Мазкур хайрли ташаббус фуқароларимиз, тадбиркорлар, давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан илиқ кутиб олинди. Ушбу жараёнларда “Адолат” СДП депутатлари ва фаоллари ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатишмоқда. Улар жойларда нафақат мазкур ҳаракат мазмун-моҳиятини тарғиб қилишмоқда, балки ўзлари ҳам ибрат намунаси кўрсатишмоқда.

Жумладан, партия фаоллари ва вилоят, туман шаҳар кенгашидаги  800 га яқин депутатлари томонидан апрель ойи давомида жами 1 278 млн. сўмлик хайрия мақсадида зарурий анжом, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Улар республика бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган 15 220 оилаларга етказилди.

Партия Қонунчилик палатасидаги депутатлари ва барча ходимларининг март ва апрель ойидаги бир кунлик иш ҳақлари “Меҳр-шафқат ва саломатлик” жамоат фондига ўтказиб берилди. Албатта, бу саъй-ҳаракатларимиз яна давом этади. Халқимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ўз ҳиссамизни қўшиш — пировард мақсадимиздир.  

 

Зиёда АШУРОВА

 

Манба: parliament.gov.uz

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+