“Адолат” СДП олий таълим муассасаларига имтиҳонларсиз қабул тарафдори

07.09.2019 17:09:07

Ўзбекистон “Адолат” СДП жорий йил бўлиб ўтадиган сайловларга пухта тайёргарлик кўрмоқда. Сайловларда партиянинг ташриф қоғазига айланувчи сайловолди дастури халқимиз орасида кенг муҳокама қилинмоқда ва кўплаб таклифлар йиғиб олинмоқда.

Шу кунгача билдирилган фикрлар экспертлар томонидан умумлаштирилганда энг кўп таклифлар таълим соҳаси бўйича билдирилгани маълум бўлди. Хусусан, олий таълим муассасаларига киришдаги муаммолар, абитурентлар сони ва қабул квоталари ўртасидаги тафовутнинг катталиги, хорижий давлатлардаги сифати кафолатланмаган муассасаларга ёшларимиз оқимининг ортаётгани каби кўплаб фикрлар билдирилди.

Мазкур масалаларни эътиборга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан тайёрланаётган сайловолди дастурига олий таълим муассасаларига киришни осонлаштириш, олий маълумотлилар сафини кенгайтириш, коррупцияни олдини мақсадида олий таълим муассасаларига қабул квотасини бекор қилиш таклифи киритилмоқда.

Жумладан, жорий йилда олий таълим муассасаларига 1 миллион 66 минг 925 нафар абитуриент ҳужжат топширди. Шундан 102 минг 400 нафари ўқишга қабул қилинди. Бу эса талабаликка фақатгина 9.6% абитуриент қабул қилинганини кўрсатмоқда.

Ушбу ташаббус моҳияти фақат қулайликка хизмат қилиш билан чекланмайди. Энди ёшлар талаба бўлгунга қадар эмас, олий маълумот олишгача бўлган вақтда ҳам пухта билим олишга интилади. Ўқишга кириш эмас, ўқиш – олий таълим даргоҳларида босқичдан босқичга ўтиш ва битириш мураккаблаштирилади.

Ҳозирги кунда инсонлар орасида олий таълим олишга иштиёқ юқори. Буни катта ёшлилар ҳам ўқишга ҳужжат топшираётганидан билиш мумкин. Шундай экан, халқ истагини инобатга олиш даркор. Имтиҳонда етарли балл тўплолмаган абитуриентларга шартнома асосида ўқиш имкониятини беришни таклиф қиламиз. Яъни, давлат бюджети асосида ўқишга киролмаган барча абитуриентлар шартнома тўловини тўлаш орқали талаба бўлишларига йўл бериш керак.

Бизда ўқишга киришда квота озлиги, тест саволларининг айримлари мураккаблиги ва чалкашлиги боис бир гуруҳ ёшларимиз хорижий давлатларда таълим олишни маъқул кўрмоқдалар. Бундан ташқари, ўқишга киришнинг қинғир йўлларини излаш оқибатида коррупция авж олмоқда. Шуни инобатга олиб, ўз дастурида таълим соҳасини устувор деб билаган “Адолат” СДП олий таълим қабулидаги квотани йўқотиш тарафдори.

Партия Олий таълим вазирлиги билан ҳамкорликда 2020 йилдан ҳар бир олий таълим муассасаларига давлат буюртмаси асосида ўқишга қабул қилиш параметрлари акс этган норматив ҳужжатларни белгилаш режалаштирилган. Натижада, олий таълим муассасалари босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтишни таъминлаш ҳамда қабул квоталарини бекор қилишга эришилади.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Экспертлар гуруҳи

Улашинг!