“Адолат” СДП: суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколати тенглаштирилади (+Видео)

19.10.2019 17:10:41

Жорий йил 18 октябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасида “Адолат” СДП сайловолди дастурининг суд-ҳуқуқ соҳаси муҳокамасига бағишланган “Суд-ҳуқуқ тизими – партия сайловолди дастуридаги устувор йўналиш” мавзусида экспертлар, фаоллар билан учрашув ўтказилди. Тадбир партиянинг ушбу йўналишдаги доимий ҳамкорлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази,  Тошкент шаҳар прокуратураси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Жорий йилнинг декабрь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтади. Шу боисдан Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ўз сайловолди дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда бугунги кунда аҳолимизнинг барча қатлами учун энг долзарб бўлган масалаларнинг тўлақонли ечимига алоҳида эътибор қаратмоқда.

Давра суҳбатида бугун халқимиз томонидан тўлақонли ечими кутилаётган муаммо суд жараёнларида адолат тамойилини таъминлаш учун  партия сайловолди дастурнинг суд-ҳуқуқ соҳасига оид йўналиши кенг муҳокама этилиб, ушбу тизимдаги ислоҳотлар натижаси таҳлил этилди. Суд-тергов амалиёти ва қонун ҳужжатларининг таҳлили ҳамда аҳоли билан очиқ мулоқот натижалари суд амалиётида қонунийлик ва холисликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи қатор ҳуқуқий бўшлиқлар мавжудлигини кўрсатди.

Тадбирдан кўзланган мақсад мавжуд камчиликларни аниқлаш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, камчиликларни янги қонунлар ишлаб чиқиш орқали бартараф этиш, халқимиз фаровонлигини ошириш, қонун устуворлигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилишдир.

Бунда энг аввало халқимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, аҳолимизда судларга нисбатан ишон ҳиссини уйғотиш, суд жараёнларида адолат тамоилларини тўлақонли таъминлаш устувор вазифалардан. Чунки бугун юртимизда ўтган қисқа давр мобайнида яхлит суд ҳокимияти тизимини шакллантириш вазифаси муваффақиятли ҳал этилганига қарамасдан аҳолимизда ҳамон судларга нисбатан ишончсизлик ҳисси сақланиб қолмоқда.

Партия сайловолди дастурига суд-ҳуқуқ соҳасида ислоҳотларга бағишланган бир қанча таклифлар киритилган. Жумладан, Тергов қўмитаси ташкил этиш ташаббуси илгари сурилмоқда. Натижада прокуратура, ички ишлар ва Давлат хавфсизлик хизматидаги тергов бўлимлари тугатилади. Бу эса тергов ишлари адолатли ва қонуний ўтказилиши, инсон ҳуқуқ ва манфаатлари бузилмаслиги таъминланиб, жараёнга идоравий манфаатлар аралашишини олди олинади.

Шунингдек, туман, шаҳар ва вилоят миқёсида фаолият юритаётган фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий судларни бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, ҳар бир туман ва шаҳарда ушбу тоифа ишларни кўрадиган судьяларни ихтисослаштириш таклиф этилмоқда.

Партия олдида турган вазифалар қаторидан адвокатура мавқеини ошириш, суд босқичида прокурор ва адвокат ваколати тенглигини таъминлаш, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги барча маъмурий ишлар фақат суд томонидан кўрилишини таъминлаш ўрин олган.  

Йиғилишда таъкидланганидек, суд мустақиллигини, ҳамда суд жараёнида прокурор ва адвокат ваколатини тенглик принципини таъминлаш борасида, амалдаги қонунлардаги қарама-қарши ҳолатларни бартараф этиш лозим. Мисол учун, “Прокуратура тўғрисида”ги қонунда прокурорнинг суддан кўрилган ишларни талаб қилиб олиш ва чақириб олиш ваколати белгиланган модда мавжуд.

Ушбу модда, биринчидан прокурорнинг судьядан устунлигини, иккинчидан прокурор ва адвокатнинг тенглик принципи таъминланмаганини кўрсатмоқда. Чунки суддан ишларни прокуратурага олиб келишни талаб қилганда, судья ишларни қўлтиқлаб олиб боряпти. Адвокат эса судга иш билан танишиш ҳақида ариза бериб, натижасини кутади, рухсат берилганда ҳам танишиш учун маълум вақт белгиланади. Прокурор эса вақт чегараланмагани сабабли, иш билан ойлаб танишиши мумкин.

Шунинг учун “Прокуратура тўғрисида”ги қонундан ушбу моддани чиқаришни, прокурорнинг суддан ишларни чақириб олиб ўрганиш ваколатини бекор қилишни таклиф қилинди.

Партия экспертлари томонидан бу каби таклифлар эътиборга олиниши таъкидланди. Партия сайловолди дастурига киритиш учун прокурорлар ваколатини қисқартириш, уларни “халқ прокуратураси”га айлантириш, халқ олдида ҳисобдорлигини таъминлаш каби устувор вазифалар белгиланди.

Тадбир давомида соҳа ходимлари томонидан мазкур ташаббусларни амалиётга жорий қилиш борасида бир қатор таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Матбуот хизмати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+