“Адолатли қайнона”лар аниқланди

16.10.2020 15:10:13

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Тошкент вилоятининг туман-шаҳар маҳаллаларида “Адолатли қайнона” кўрик-танлови ғолиблари аниқланмоқда. Сафдошларимиз ўртасида фаол, ташаббускор, жамоа ва оилада намуна кўрсата оладиган, сиёсий маданияти шаклланган, халқимиз учун муқаддас бўлган оила асосларини янада мустаҳкамлаб, хонадонларида тинчлик-хотиржамлик, аҳиллик ва ўзаро ҳурмат муҳитини ярата олган аёлларни аниқлаш ва уларни рағбатлантириш мақсадида ташкил этилаётган мазкур танлов кўпчиликда қизиқиш уйғотмоқда. Таъкидлаш жоизки, оилалар мустаҳкамлиги жамият барқарорлигига хизмат қилади. Бунда ҳар бир хонадон аъзоларининг, айниқса, ҳаёт тажрибасига эга аёлларнинг, оналарнинг ўз ўрни бор. Оилада ҳам, жамиятда ҳам фаол аёлларнинг ташаббускорлиги уларнинг хонадонларидаги тинчлик-хотиржамлик, яхши оилавий муҳит туфайли рўёбга чиқади.

Айнан шундай тадбирлардан бири ҳозирда вилоятимизнинг Зангиота туманида ўтказилмоқда. Тадбирдан кўзланган мақсад оила ва никоҳнинг муқаддаслигини ёш авлод онгига чуқур сингдириш йўли билан оилаларнинг мустаҳкамлигини таъминлаш, хонадонларда ҳуқуқий саводхонликни ошириш, адолат тамойилларига қатъий риоя қилиш орқали оилавий ажримларнинг олдини олиш, ибратли аёлларнинг ҳаёт сабоқларини кенг тарғиб қилиш, муҳими, оила қонунчилиги ва бу борада белгиланган ҳуқуқий меъёрлар, чора-тадбирларнинг жойларда амал қилишига кўмаклашишдан иборат, - деди партиянинг Зангиота  Кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати, “Адолатнинг фаол адолатли аёллари клуби”нинг фаол аъзоси Нигора Халходжаева.

Муҳими шундаки, қайнона ва келин муносабатларининг ижтимоий аҳамияти бор, “Адолатли қайнона” танловида вилоятимизнинг муайян ҳудудида истиқомат қилаётган, обрў-эътиборли, бой ҳаётий тажрибага эга, зиёли, кайвони онахонлар, бошқаларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган фаол аёллар иштирок этиши айни муддаодир. Уларнинг тажрибасини кенг тарғиб этишимиз зарур деб ҳисоблаймиз.

 

Райхона  УРМАНОВА,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Тошкент вилояти

 Кенгаши раиси ўринбосари в.б.

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+