Адолатпарварлик йўлидаги даъват

30.01.2020 19:01:52

Давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига йўллаган Мурожаатномасини диққат билан тингладим. Дарҳақиқат, бугунги кунда ислоҳотларимиз самараси қонун устуворлигини таъминлаш, коррупцияга қарши қатъий курашиш ва кучли демократик институтларни шакллантиришга боғлиқлигини янада кўпроқ англадим.

Мурожаатномани такрор-такрор ўқиб қувонасан киши. Суд-ҳуқуқ тизимида ислоҳатларининг мазмун-моҳият кўз ўнгимиздан ўтади. Шунинг учун Президентимизнинг “энди суд орқали инсонларнинг ҳуқуқи тикланганини эътироф этиш билан чекланиб қолмасдан, нима сабабдан судгача бўлган тергов жараёнида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари бузилган, деган саволни ҳам кўндаланг қўядиган, тазйиқлар учун жавоб берадиган вақт келди”, деган фикрлари соҳада туб бурилишга сабаб бўлишини тезда тушуниб олишимиз қийин бўлмайди.

Шунингдек, ҳануз давом этаётган суд қарорларини прокуратура томонидан чақириб олиб, ўрганиш амалиётини чеклаш лозимлигини, иш юзасидан шикоят келиб тушган ҳолдагина прокурор суд қарорини олиб ўрганиши амалиётга татбиқ этилиши суд остонасига қадам қўйган ҳар бир инсон, мамлакатимизда адолат ҳукм сураётганига тўла ишонч ҳосил қилишига олиб келади.

Президентимиз яна бир муҳим масалани кўтардилар. Суд-ҳуқуқ соҳасига доир асосий қонун ва кодекслар бундан деярли 20-25 йил олдин қабул қилинганлиги ва улар ҳозирги давр талабларига жавоб бермаслигини таъкидладилар. Шу сабабли парламент яқин йилларда Фуқаролик, Жиноят, Жиноят-процессуал, Жиноят-ижро, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни янгитдан қабул қилиши мақсадга мувофиқлиги, бу борада, аввало, тергов ва суд амалиётига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги илғор стандартларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратишни айтиб ўтдилар. Чиндан ҳам қонунчиликни янгилашдан мақсад – фақат қонун қабул қилиш эмас, аксинча, янги қонунлар эртага одамларга қандай амалий наф бериши, уларнинг ҳаётини қандай енгиллаштириши ҳақида бош қотиришдан иборат бўлмоғи лозим.

Маърузани қувонтирган жиҳатларидан бири бу судлар мустақиллигини таъминлаш масаласи бундан буён ҳам шахсан Президентнинг қаттиқ назоратида туриши ҳамда билдирилган таклифларни амалиётга жорий этишни назарда тутадиган, қонун лойиҳасини Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Адлия вазирлигига уч ой муддатда киритиш вазифаси қўйилгани бўлди. Мазкур Мурожаатнома ўзининг мазмун-моҳиятига кўра мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган тамойил асосида, халқимиз ҳаётини тубдан яхшилаш бўйича олиб бораётган кенг кўламли ижтимоий ислоҳотларни давом эттирилаётганини яққол исботи бўлди.

Ўзбекистонимиз тараққиётнинг янада юксак чўққиларини забт этиши учун бугун ҳаётнинг ўзи барчамиздан Президентимиз атрофида янада жипслашиб, уйғоқ виждон билан яшашни, катта ғайрат ва шижоат билан ишлашни талаб қилмоқда. Шундай экан, биз энг аввало, амалий ишлар билан халқнинг меҳрини қозониш, ишончини оқлаш сайловчилар ва электорат манфаатларини ҳимоя қилиш учун берилган ваколат ҳамда имкониятларни тўла ишга солишга, қўйилган вазифаларни теран англаб, фаолият юритишга бор кучимизни сафарбар этамиз.

                                                                                          Умид ШОУМАРОВ,

                                                             Ўзбекистон  “Адолат” СДП

Тошкент вилояти Кенгаши раиси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+