Адоват эмас, адолат енгади!

20.12.2019 17:12:20

Ҳар бир одам жамиятда яшар экан, ҳар соҳада адолат истайди. Мен ҳам ҳаётим давомида одиллик истаб, фаолиятим давомида адолат тамойилларига амал қилиб келаман. Юртимизда ривожланиш, юксалиш, эврилишлар бўлар экан, ҳар қадамда адолатсизликка учраш мумкин. Айниқса, халқимиз орасида  истиҳола қиладиган, кимнингдир юзини  иссиқ билиб, кўпгина муаммоларга кўз юмиш, бепарво қараш одатлари бор. Шунинг оқибатида баъзан коррупция, порахўрлик, хуқуқбузарлик ҳолатларига қурбон бўлиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.

Биз ўзимизга қарашли бўлган ҳудуд аҳолиси ўртасида бу борада тушунтириш ишларини олиб бордик. Айниқса, аҳолининг хуқуқий, тиббий, экологик, иқтисодий соҳадаги билимларини оширишга ўз ҳиссамизни қўшдик. Оддийгина микрокредит олиш йўлларини билмаган маҳалладошларимизга тўғри йўл-йўриқлар кўрсатдик.

Мактабга борсангиз ҳам бир олам муаммо. Қачон ота-она боласини репититорга, пуллик курсларга бермасдан ўқишга киритишга эришади?  Устозлар ўқувчига билим бермасдан, фақат вақтини ўтказиш учун синфхонасида олиб ўтиришади, бу адолатсизлик-ку, деган ҳақ гапларни эшитдик.

Коммунал тўловларни доимий равишда тўлаб бораётган юртдошларимизга қаердандир қарз ёзиб, МИБ орқали ундирилмоқда. Айрим хуқуқини билмаган юртдошларимиз йўқ жойдан жарима тўлаб юрибди. Биз ана шундай аҳоли қатламига ҳам қўлдан келганча амалий ёрдам кўрсатяпмиз.

Халқ орасида “Адоват эмас, адолат енгади” деган ибора бор. Чиндан ҳам ҳар қандай муаммони биргаликда, ҳокимиятлар, тадбиркорлар, маҳалла фаоллари ва депутатлар ҳамкорликда ишлаб, ижобий ҳал қилиш мумкин. Ҳар бир юртдошимизнинг хонадонига кириб бориш, уларнинг ҳолидан хабар олиш, дардига шерик бўлишни ўзим учун энг юксак адолат, деб биламан. Энг асосийси ишончдир. Менга ишонч билдирган ҳар бир сайловчи менинг маслаҳатгўйим, дарддошим, сирдошимдир.

          Дониёр ЮСУПОВ,

 “Адолат” СДП Тошкент вилояти Қибрай туман кенгашига кўрсатилган номзод

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+