Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш – долзарб масала

15.11.2020 17:11:43

Бугунги кунда аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, бу соҳада фуқароларнинг тиббий маданиятини юксалтириш масаласи нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунё жамоатчилигини ўйлантирмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳозирги кунда дунёда 2 млрд.  инсон темир моддаси, А витамини каби одам организми учун ўта зарур бўлган органик микроэлементларни талаб даражасида истеъмол қилмайди. Шу туфайли 155 млн. бола ўсиш ва ривожланишда орқада қолаётганлиги, 52 млн. бола эса сурункали чарчашдан азият чекмоқда.

Мазкур ташкилот дунё мамлакатларида ўлим ва ногиронликка сабаб бўлувчи 4 та асосий юқумсиз касалликни аниқлаган. Булар - юрак-қон томир касалликлари, диабет, саратон касалликларидир. Сурункали касалликларнинг ортиши инсонлар орасида эрта ўлимга олиб келмоқда.

Хусусан, ҳозирги кунда дунёдаги 1,62 млрд.  инсон организмида темир моддаси етишмаслиги оқибатида турли касалликка чалингани аниқланган. Ушбу касалликлар алоҳида гуруҳга ажратилиб, бу касалликларнинг келиб чиқиши камҳаракат қилиш, тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш билан боғлиқдир.

Мамлакатимизда ҳам мазкур масалага давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиб, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларга сифатли тиббий ва ижтимоий-тиббий хизмат кўрсатиш, оила саломатлигини асраш ва мустаҳкамлаш борасида муайян ишлар олиб борилмоқда.

Халқимизнинг соғлом турмуш тарзига, хусусан, миллатимиз тақдирига дахлдор долзарб масалалар юзасидан мамлакатимизда зарур чоралар кўрилиб, ушбу соҳадаги вазифаларни ҳаётга татбиқ этишнинг мустаҳкам ҳуқуқий ва ташкилий механизмлари яратилди.

Бироқ мамлакатимизда бу соҳада қатор комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамай, муаммолар тўлиқ ҳал этилмаяпти. Аҳоли орасида ҳали ҳам овқатланиш рационига тўлиқ риоя қилмайдиганлар сони кўплигича қолмоқда.

Халқимиз овқатланиш рационида ёғ ва қанднинг улуши юқори бўлиб, микроэлементлар, айниқса, йод ва темир моддаси танқислиги кузатилмоқда.

Юртимизда 18 ёшдан 64 ёшгача бўлган айрим фуқаролар орасида  жисмоний фаолликнинг камлиги, тамаки ва спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилмаслик натижасида кўплаб сурункали касалликлар юзага келмоқда.

Мамлакатимизда катта ёшдаги аҳолининг аксарияти ортиқча вазндан, қон босими ошишидан азият чекмоқда. Бу эса, ўз навбатида, қандли диабет, юрак-қон томир касалликлари, бош мия қон айланиши фаолиятининг бузилиши, бўғин касалликлари ва бошқа бир қанча хасталикларнинг ривожланишига олиб келмоқда.

Ушбу ҳолатларни олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йилнинг 10 ноябрь куни “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча-чора тадбирлари” қарори имзоланди.

Мазкур қарорга асосан, 6-23 ойлик болалар учун уй шароитида тайёрланган овқатларни бойитиш мақсадида микронутриент кукуни билан, 6 ойликдан 5 ёшгача бўлган болалар A витамини билан, 2-10 ёшдаги болалар гельминтоз профилактикаси бўйича махсус препаратлар билан, ҳомиладор ва бола эмизувчи аёллар ҳамда 3-15 ёшдаги болалар йод препарати билан, 35 ёшгача туғиш ёшидаги аёллар темир ва фолий кислотаси препарати билан бепул таъминланиши белгиланди. Қолаверса,  озиқ-овқат маҳсулотларини таркибида  туз, қанд ва ёғ миқдори инсон соғлиги учун хавфсиз ёки зарарли эканлигини кўрсатувчи хавфсизлик белгилари билан тамғалаш белгиланди.

Давлатимиз  томонидан аҳолининг соғлом овқатланиши, оммавий спорт билан банд бўлиши ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиши учун катта ғамхўрликлар қилиняпти. Албатта ушбу Қорор ҳам аҳолининг соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлашда, касалликларнинг олдини олишда, шунингдек аҳолининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамиятга эгадир.

 

 

Нурзода КАРИМОВА,

Халқ депутатлари Жиззах вилоят Кенгаши депутати

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+