Айбига иқрорлик – хатони тўғирлашнинг аввали, афв эса қайта тарбиялашдаги самарали усулдир

26.05.2020 11:05:53

Муборак Рамазон ҳайити кўнгилларни юмшатиб, ободликка, дилларга ҳузур бағишловчи эзгу ишларга ундайди. Қутлуғ айём арафасида пок қалблар хайр-саховатга ошиқади. Ушбу кунларда “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони имзолангани ҳам айни муддао бўлди.

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси 23-бандига асосан содир этган жинояти учун жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган ҳамда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган 258 фуқаро афв этилди.

Ҳа, кечиримлилик гўзал фазилат. Бу айниқса бизнинг меҳридарё халқимизга хосдир. Бинобарин, айбни фош этиш, қилмишига яраша жазо тайинлаш хатони такрорламаслик учун бир чора бўлса, номақбул ишидан пушаймон кишиларнинг узрини қабул қилиш ҳам тарбиянинг бир усулидир. Бу самара беришига умид юқори, боиси ишонч билдирилган инсон масъулиятни хис этади, бундан кейин ҳар қадамида огоҳ бўлади.

Алишер Навоийнинг “Хамса” асарида қуйидаги мазмундаги ҳикоя бор: Шоҳ хузурига қайноқ таом келтираётган хизматкор эхтиётсизлик қилиб товоқни шоҳнинг устидан ағдариб юборди. У ўзини шунчалик йўқотиб қўйдики, узр сўрашга тили айланмай қолди. Атрофда шивир-шивир бошланди: “Қулнинг куни битди”, “Зиндонга ташланса керак”... Шоҳ эса “Қул озод этилсин”, дея баралла ҳукм чиқарди. Ҳолатга гувоҳ кишиларнинг ҳайрати янада ошди. Барчанинг онгида “Нега?” саволи айланарди. Охири вазир юрак ютиб, шоҳга юзланди: “Шоҳим, нега жазога лойиқ инсонга мукофот бердингиз? Биз ўлимга буюрасиз, деб ўйлагандик”. Шунда шоҳ “Қул хижолатдан ўлиб бўлди. Ўлган одамни яна қандай ўлдира оламан?”, деб жавоб берган экан. Дарҳақиқат, айбига иқрор ва қилмишидан афсусдаги инсон кечиримга лойиқ. Зеро, одам боласи мутлақ мукаммал эмас. Фазилатлар қаторида қусурларга эга. Айблардан кўз юмиш эса хато эгасини қайта тарбияланиш, покланишга ундайди.

Президент фармони асосида афв этилган шахсларнинг 16 нафари асосий жазодан озод этилади, 101 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинади, 24 нафарининг озодликдан маҳрум этиш жазоси енгилроқ жазо билан алмаштирилади. Шунингдек, 117 шахсга тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазосининг муддатлари қисқартирилди. Афв этилганларнинг 7 нафарини 60 ёшдан ошган эркаклар, 1 нафарини аёл, 7 нафарини чет давлат фуқаролари, 164 нафарини тақиқланган ташкилотлар иштирокчилари ташкил этади.

Тўғри, жиноятчига жазо муқаррар. Аммо унинг бегуноҳ оиласи, эгри йўлга кирганига қарамай уни суянчиқ деб билувчи ота-онаси, турмуш ўртоғи, фарзандлари-чи? Бир оила аъзосининг озодликдан маҳрум эканлиги барча оила аъзолари ҳаёти ва руҳиятига таъсир кўрсатиши, айниқса болалар тарбиясига даҳл қилиши сир эмас. Фармон ижроси юзасидан афв этилган шахсларни оиласи ва яқинлари бағрига қайтариш, ижтимоий ҳаётга мослашиб, фойдали меҳнат билан шуғулланиши, соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиб, жамиятда муносиб ўрин топиши учун кўмак бериш бўйича масъул вазирлик ва идораларга тегишли топшириқлар берилди. Бу эса жамиятдаги соғлом муҳитни таъминлашга катта қадамдир.

Айбига иқрорлик – хатони тўғирлашнинг аввали. Қонун орқали амнистия актларидан ташқари маънавий зарар етказган шахс учун компенсация тўловлари жорий этилган. Яъни, айбига иқрор жарима орқали узр сўрайди. Шунингдек, суд тизимидаги “ярашув институти”, маҳалладаги “ярашув комиссиялари”, қонуний ажрим арафасидаги оилага ҳукмдан аввал муддатлар бериш – буларнинг бари инсонларни кечириш ва келишишга чорлайди.

Ўз ахлоқий қоидалари ва қалб амрига қулоқ солган инсон кечиримлиликни гўзал хислатлари қаторига киритади. Кечириш билан одамларни самарали тарзда тарбиялайди. Бизнинг давлатимизда ҳам инсонпарвар сиёсат ҳукмрон, фуқароларнинг билиб-билмай қилган нотўғри ишларини биргаликда, ҳамжиҳатликда тузатамиз. Афв ахлоқий баркамоллашувда бир усул экан, ундан оқилона фойдаланиш орқали юрт тараққиётида юксакларга кўтариламиз.

 

Олтиной МАМИРОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

“Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+