Акция сайловга чорлади

16.12.2019 10:12:43

Ўтган шанба куни мамлакатнинг барча шаҳар ва туманларида “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ташаббуси билан сайловолди акцияси бўлиб ўтди. Республиканинг қатор вазирликлари ва идоралари қўллаб-қувватлаган мазкур тадбирда  сайловга тайёргарлик жараёнлари ҳамда қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида фойдали маълумотлар тақдим этилди, шунингдек, санъаткорлар, ҳурматга сазовор инсонлар, спортчилар билан учрашувлар, мусиқий дастурлар ва турли викториналар ўтказилди. Энг асосийси, сайловлар ҳақида барча маълумотлар содда ва тушунарли тилда аҳолига етказилди.

Наманган вилоятининг шаҳар ва туман марказларида ҳам акция юксак уюшқоқлик билан ўтди. Барча тадбирларда  бу йилги сайловлар янги Сайлов кодексига мувофиқ юқори савияда ташкил этилаётганлиги алоҳида таъкидланди. Масалан, Тўрақўрғондаги маданият марказида акцияни вилоят ҳокимининг ўринбосари Фахриддин Маткаримов қисқача кириш сўзи билан очди. Шундан сўнг минбарга чиққан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати вилоят бўлими раҳбари Беҳзод Ҳамдамов, вилоят сайлов комиссиясининг раиси Шокиржон Мирзааҳмедов ва бошқалар мазкур сайловлар Ҳаракатлар стратегиясида акс эттирилган прогрессив демократик ғояларнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлаётганлигини қайд этдилар. Кўп партиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари жамият ҳаётида тобора кенг жорий этилаётганлиги кўзга ташланмоқда.

Баҳодир Болтабоев, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Наманган вилоят Кенгаши раисининг ўринбосари:

 – Акцияда бизнинг сафдошларимиз ҳам фаол қатнашдилар. Улар шу аснода партиямиз сайловолди дастурини, унда олға сурилган ғоя ва мақсадларни тарғиб қилиш имкониятига эга бўлдилар. Тадбир иштирокчилари бу галги сайловлар  халқаро майдонда ҳам катта қизиқиш уйғотаётганлигини изҳор этдилар. Хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг кўпдан-кўп вакиллари юртимизга ташриф буюраётганлиги шундан далолатдир. Қисқаси, “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” миллий акциясини ўтказишдан асосий мақсад фуқароларнинг эътиборини муҳим сиёсий жараёнларга қаратиш, хабардорлигини ошириш, мамлакатдаги ўзларишларга даҳлдорлик ҳиссини кучайтириш, уларнинг фаол фуқаролик позицияларини намойиш этишга чорлаш эди ва бунга эришилди.

Тўрақўрғондаги тадбирда мамлакатимизнинг бир қатор таниқли санъаткорлари ҳам иштирок этдилар. Улар орасида Ўзбекистон халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов, “Ниҳол” мукофоти совриндори Малика Эгамбердиева, қизиқчи Аваз Охун ва бошқалар ҳам бор эдилар.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот хизмати

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+