Акцияда минглаб юртодошларимиз иштирок этди

01.10.2019 10:10:32

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий кенгашларига ўтказиладиган сайловларга тайёргарлик тобора қизғин тус олмоқда. “Адолат” социал-демократик партияси ҳам жойларда ўз ғоялари ва дастурларини кенг жамоатчиликка етказиш, аҳолининг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган қатор тадбирлар ўтказмоқда. Пойтахтда бошланган “Адолат сайли” эндиликда вилоятларда ҳам давом этмоқда. Улар аҳолининг барча қатлами вакилларида катта ва унутилмас таассурот қолдираётганлиги диққатга сазовордир.

Ўтган якшанба куни тоғлар бағрига ёндошган Янгиқўрғон тумани марказидаги экопарк ва унинг атрофидаги майдон кенг жамоатчилик вакиллари, оқсоқоллар ва ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари билан гавжум бўлди. Бу ерда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кангаши ва партия вилоят Кенгаши ташаббуси билан “Адолат” сайли ўтказилди.

Дастурий ғоя ва мақсадларни омма орасида кенг тарғиб қилишга бағишланган маданий-маърифий тадбир «Адолат – ҳар бир инсон учун!” шиори остида ташкил этилди. Унинг биринчи қисмидан ўрин олган митингда  сўзга чиққан Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раисининг ўринбосари Абдукамол Раҳмонов, партия вилоят Кенгашининг раиси Исроил Жўраев, халқ депутатлари Янгиқўрғон туман кенгашидаги “Адолат” СДП гуруҳи раҳбари Дилбар Асқарова ва бошқалар жамият ҳаётидаги бошқа долзарб масалалар қатори суд-ҳуқуқ соҳасида йиллар давомида эътибор қаратилмасдан йиғилиб қолган муаммоларни, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишини амалга оширишда партия олдида турган вазифаларга тўхталиб ўтдилар.

Митинг жараёнида партиямиз бугунги кунда олға сураётган қатор ғоялар кўп бор янгради. Улар орасида тиббиёт ва таълимни бепул қилиш, олий таълим муассасаларига ўқишга имтиҳонсиз қабул қилиш, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, жамият ҳаётининг барча жабҳаларида адолат устувор бўлиши кераклиги ҳақидаги шиорлар қайта-қайта жаранг сочди.

Акция давомида партия фаолиятига оид лавҳалар, ғоявий чиқишлар, “Ёш адолатчи” ва “Аёллар қаноти” вакилларининг сўзлари ҳам иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди. Юзма-юз мулоқотлар ва турли масалалар бўйича савол-жавоблар юртдошларимизда “Адолат” СДП ғояларига  хайрихоҳлик тобора кучайиб бораётганлигини кўрсатди.   Шу жараённинг ўзида жуда кўп ёшлар партия сафига қўшилиш истагини билдиришгани ҳам фикримиз далилидир.

Акция митингдан сўнг сайл шаклида давом этди. Унинг қатнашчилари хонандаларнинг куй-қўшиқлари, бадиий жамоаларнинг  чиқишларидан катта завқ-шавқ олдилар. Ҳамма одамларга  кўтаринкилик баҳш этадиган бундай кўнгилочар учрашувлар кўплаб  ўтказилиши лозимлигини таъкидлади.

Албатта, “Адолат” СДП ташкил этган тадбирда бошқа бир қатор масалаларга ҳам кўпчиликнинг эътибори жалб этилди. Мисол учун,  ёшлар келажагимиз бунёдкори эканлиги,  мамлакатимизда уларнинг пухта билим эгаллаши, ҳар томонлама соғлом авлод бўлиб улғайиши учун муносиб шароит яратиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланганлиги қайд этилди.

Шу билан бирга навқирон авлодни  инсон омилига жиддий салбий таъсир қилувчи диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби иллатлардан асраш ҳақида ҳам гап борди. Шу жиҳатдан Президентимиз илгари сурган 5 та ташаббус доирасида жойларда  амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари салмоғини янада ошириш муҳим аҳамият касб этишига ҳам эътибор қаратилди. Бу билан ёшларни маданият масканларига кенг жалб этиш, уларнинг маънавиятини янада юксалтириш мумкин.

Ёки жамиятда катта ташвиш туғдираётган  коррупция масаласини олайлик. “Адолат” СДП  бу борада илгари сураётган таклифлар амалга оширилса,  келгуси беш йилликда  ушбу иллатга нисбатан мутлақо тоқатсизлик вазиятини вужудга келтириш, аҳоли ҳуқуқий маданиятини янада юксалтиришга эришилади. Бунинг учун ҳар бир кишида  фаол фуқаролик позицияси шакллантирилиши ҳам ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Акбаржон Мансуров, Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши “Ёш адолатчи” қаноти фаоли:

 – Мен тадбир жараёнида кўплаб янгиқўрғонлик тенгдошларим билан суҳбатлашдим. Аввало акцияда мингдан зиёд киши қатнашганлиги таъкидламоқчиман.  Биз билан мулоқотда бўлганларнинг аксарияти илгари партиямиз ҳақида яхши тасаввурга эга эмасликларини баён этдилар. Митинг ва сайл барча қатори ёшларда ҳам катта таассурот қолдиргани аён бўлди. Биз барча хоҳловчиларга партиямиз ҳақидаги буклет ва рисолаларни совға қилидик. Шу ернинг ўзидаёқ ўнлаб инсонлар “Адолат” СДП сафтга кириш ниятида эканликларини изҳор этдилар.

Қисқаси, Янгиқўрғондаги тадбир Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси учун ўз ғоя ва мақсадларини кенг омма орасида тарғиб-ташвиш қилиш борасидаги яна бир катта қадам бўлди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган вилоят Кенгаши матбуот котиби

 

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+