Акмал Бурханов: сўз масъулияти

23.07.2019 11:07:12

27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Президентимизнинг соҳа ходимларига йўллаган табриги барча ОАВ ходимлари қаторида бизни ҳам беҳад қувонтирди.

Айниқса, Президентимизнинг “Кейинги пайтларда мамлакатимиз оммавий ахборот воситаларида ҳаётимиздаги ижобий ўзгаришлар таҳлили ошиб бораётгани алоҳида эътиборлидир. Чунки бундай тенденция ислоҳотларимиз самараларини оширишга, жамоатчилик назоратини, фуқароларимизнинг ижтимоий фаоллигини кучайтиришга хизмат қилади” – деган жумлалари журналистлар амалга ошираётган фаолиятнинг ёрқин эътирофи, десак муболаға бўлмайди.

Дарҳақиқат, юртимизда ОАВ соҳасини ривожлантиришга жиддий эътибор берилмоқда. Натижада оммавий ахборот воситалари сони ҳам йил сайин ошиб бормоқда. Айниқса, журналист кадрларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга, уларнинг ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга катта аҳамият қаратилмоқда. Олиб борилаётган мана шундай изчил чора-тадбирлар сабабли, соҳа ривожида сезиларли ўзгаришлар кузатилмоқда. Журналистика соҳасида самарали хизмат қилаётган инсонларнинг хизмати муносиб баҳоланмоқда.

ОАВ турлари ва таҳририятлари сонининг кўпая бориши, кучаяётган медиа рақобат муҳити, ўз навбатида, юқори малакали журналистларга бўлган эҳтиёжнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Шу боис мамлакатимизда Журналистика ва оммавий коммуникация университети ташкил этилгани ҳам ушбу соҳанинг ривожига қаратилаётган катта эътиборнинг намунасидир.

Ушбу соҳада фаолият олиб бориш учун, энг аввало, ёш мутахассисларда маълум кўникма ва тажриба ҳосил қилиш талаб этилади. Шунинг баробарида журналист кадрларни тайёрлаш учун таълим соҳалари, таълим йўналишларининг малака талаблари ва ўқув режалари ҳамда фан дастурлари йил сайин такомиллашиб бормоқда. Ўқув жараёнига илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича мақсадли ишлар амалга оширилмоқда.

Бу эса таълим олаётган талабаларнинг ўзларига нисбатан талабчанлигини ошириш, энг замонавий сўнгги технологиялар билан бемалол “тиллашиш”, катта-кичик дастурлар яратиш ва мақсад сари дадил интилишлари учун кенг йўл очмоқда.

Хусусан, давлатимиз раҳбари барчамизни мамлакатимиздаги улкан ўзгаришлар ва ислоҳотларимиз тизимлилигини таъминлашда янгича ишлашни, янги ғоя ва ташаббуслар билан майдонга чиқишга ундамоқда. Шунингдек, амалга оширилаётган ишларни кенг жамоатчиликка етказишда эса асосий воситачи бўлган журналистларга янада эътиборни кучайтириш, соҳадаги кадрлар салоҳиятни юксалтириш, давр талабига айланиб бораётган интернет журналистикасини ривожлантириш ва бошқа йўналишларда ҳам ҳали олдимизда бажаришимиз лозим бўлган долзарб вазифалар турибди.

Демак, ОАВ ходимлари ҳам энди эскича усулда, хотиржамлик билан ишлай олмайди. Ахир, мамлакатимизда бўлаётган шиддатли ислоҳотлар ва ижобий ўзгаришлар даврида ҳар бир соҳадаги янгиликларни ёритиб бораётган журналист давлат ва жамият бошқарувининг барча соҳаларига кенг кўламда татбиқ этилаётган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини мукаммал даражада ўзлаштириши ва улардан ўз вақтида тезкорлик билан фойдаланиши лозим.

Ўз устида етарли даражада ишлаган, зарур билимларни эгаллаган журналист қўйилган аниқ мақсад ва вазифаларни ўз вақтида бажаради, ғояларини амалиётга татбиқ этишга ҳаракат қилади.

Шундай экан, журналистика соҳасида жорий этилаётган янгидан-янги ислоҳотларни қонунчилигимизда ҳам жорий этишимиз, соҳа вакиллари билан ҳамкорлигимизни янада мустаҳкамлашимиз зарурдир.

Акмал БУРХАНОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+