Андижон чеварлари Нью-Йоркка тиббий ниқоб жўнатмоқда

13.05.2020 13:05:06

Зафардин Кўпайсинов раҳбарлигидаги “Хўжаобод фазо” масъулияти чекланган жамияти жаҳон бозорига юзланаётган корхоналардан бири. 2006-йилда атиги 10 нафар ишчи билан ўз фаолиятини бошлаган жамоа ички бозорга жуда тез кириб борди. Кадрлар малакасини ошириш, талаб ва таклифга бўлган эътибор ўз самарасини берди. Тажрибали дизайнерлар мунтазам янги лойиҳалар устида ишлашга жалб этилди. Ҳар бир мавсумни ўзига хос янги турдаги буюмлар билан кутиб олиш шартли вазифага айланди.

Вақт ўтиб, кичик корхона катта фабрикага айланди. Ишловчилар сони 450 нафарга етди. Улар орасида Ўзбекистон “Адолат” СДП аъзолари ҳам кўпчиликни ташкил этади.

Йилдан йилга экспорт географияси кенгайиб, Россия, Украина ва Қирғизистон каби хорижий давлатлардаги тадбиркорлар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Ишлаб чиқариш сурати ўсиб, 2019-йили 3.5 миллион АҚШ долларилик маҳсулот экспорт қилинди.

Карантин даврида ҳам жамоа ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Улар тайёрлаётган 200 дан ортиқ турдаги эркаклар ва аёллар ички кийимлари қаторига тиббий ниқоб ҳам қўшилди. Чеварлар тикаётган ниқобларга АҚШнинг давлат белгилари туширилаётганини кўриб, сездикки, экспортга йўналтирилмоқда.

Шоҳсанам Раҳмонова, корхона иш юритувчиси, партия фаоли:

— Ўтган ҳафта 20 минг дона тиббий ниқобни Нью-Йоркка жўнатдик. Ҳозир буюртманинг қолган қисми тайёрланмоқда.

Чеварлар ишидан хурсанд. Гўзалой Эркинова, Мавлудахон Орипова, Хуршидахон Мирзаева каби ўз ишининг усталари ўртача 1200-1300 минг сўмдан маош олишмоқда. Саломатликларига ҳам алоҳида эътибор қаратиляпти. Коронавирус пандемиясидан сақланишда барча чоралар кўрилган.

Ҳа, тадбиркорлик хўжаободликларни дунёга танитмоқда.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП

Андижон вилояти

 Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+