Андижонлик “адолатчилар” сиёсий майдонда қачон ўз ўрнини топади?

29.08.2020 12:08:27

 

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Андижон вилоят Кенгашининг навбатдаги Пленумида 2020 йил 1-ярим йилликдаги фаолият сарҳисоб қилинди.  Ўз навбатида партиянинг 2020-2024 йилларга мўлжалланган сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ишлаб чиқилган Йўл харитасига мувофиқ олиб борилган ишлар кўриб чиқилди. Тадбирда партия фаоллари ва маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этдилар.

Малохатхон Мусаева, Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят Кенгаши раиси ўринбосари:

-Очиғи, йўл қўйилган камчиликларни тушуниб етдик. Ҳисобот даврида 10 га яқин партия лойиҳалари ҳаётга татбиқ этилди. Биргина халқ билан мулоқот ўрнатишга қаратилган “Муаммо билан юзма-юз” лойиҳаси доирасида 294 та маҳаллаларда мулоқотлар ташкил қилинди. Аҳолидан келиб тушган 1505 та мурожаатлар юзасидан 56 та депутатлик сўровлари юборилди. Шундан 43 таси ижобий ечимини топди. 687 та мурожаатлар жойида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш орқали ҳал этилди. Бироқ бу қониқарли эмас.

 “Адолат” сиёсий-ҳуқуқий ўқувлари куни” лойиҳаси доирасида ҳар ҳафтанинг сешанба кунлари маҳаллаларда аҳолини кенг жалб қилган ҳолда ташкил этилган сиёсий-ҳуқуқий ўқувларда партия фаоллари орасидан шакллантирилган кўнгилли лекторлар фаоллик кўрсатдилар. Тадбирларда 4642 минг тингловчи қамраб олинди. Бу айни вақтда хайрихоҳларимиз сафининг кенгайишига хизмат қилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш андижонлик сафдошларимиз фаолиятида кенг ўрин эгаллайди. “Бир ойда бир иш ўрни” лойиҳаси доирасида биринчи навбатда ўқимайдиган, тайинли бир машғулотга эга бўлмаган ёшларнинг маълумотлар базаси шакллантирилди. Уларнинг 79 нафари доимий ишга жойлаштирилган бўлса, 281 нафари мавсумий иш билан таъминланди.

Пандемия сабаб вақтинча даромадсиз қолган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати бўйича кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оилаларнинг 1870 нафарига депутатлар ва кўнгилли волонтёрлар томонидан зарурий озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотлари етказиб берилди. Бу партиядошларимизни куннинг долзарб масалаларига “лаббай” дея жавоб бераётганликларини кўрсатади.

Иброхимжон Митиллаев, халқ депутатлари Андижон вилояти Кенгаши депутати:

-Энг оғриқли жойимиз маҳаллий кенгаш сессияларига мавжуд муаммолардан келиб чиқиб, масала киритишда ташаббус етишмаётгани. Йилнинг ўтган даврида биргина халқ депутатлари Булоқбоши туман Кенгаши сессиясига 1 та масала киритишга эришилди. Бу партия етакчилари ва депутатлар ўртасида ҳамкорлик йўқлигини кўрсатади.

Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган Пленум якунида таъкидланганидек, ютуқлар ўзимизники. Хато ва камчиликларни бартараф этиш устида кўпроқ ишлаш лозим. Шунда сиёсий майдонда “адолатчилар”нинг ўз ўрни бўлади.

Акбаржон НАЗАРОВ,

Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилояти Кенгаши матбуот котиби

Улашинг!

Фикрингизни қолдиринг

Илтимос жавобингизни киритинг

+